Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / Ўзбекистонда савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик жиноят юрисдикциясидан маъмурийга ўтказилди

Ўзбекистонда савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик жиноят юрисдикциясидан маъмурийга ўтказилди

Ўзбекистонда савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик (жуда кўп миқдорда бузилганларидан ташқари) жиноят юрисдикциясидан маъмурийга ўтказилишини назарда тутувчи қонунчилик нормалари кучга кирди. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.

Бу ўзгариш «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган.

Қонун 2015 йил 31 июль куни парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган, 6 август куни Сенат томонидан маъқулланган, 20 август куни эса Президент томонидан имзоланиб, 21 август куни республика нашрларида эълон қилинган ва шу кундан кучга кирган эди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддаси учинчи қисми қуйидагича мазмунда тўлдирилди:

«Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш, —фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Айни вақтда, «анча миқдор деганда энг кам иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади».

«Маълумотларга кўра, 2013—2014 йиллар давомида судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг 2 минг 374 нафар масъул шахслари ва ходимларига нисбатан ҳукмлар чиқарилган бўлиб, уларнинг 1 минг 379 нафарига 24,3 миллион сўм миқдорида жарима тўлаш ҳақида ҳукм чиқарилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан солиқ органлари томонидан 72,1 миллион сўм миқдорида молиявий санкциялар қўлланилган. Жаҳон амалиётида савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақидаги норма мавжуд эмас», — дейди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур қонун билан «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

«Янги имтиёзларга мувофиқ, кичик бизнес субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилади. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлик субъекти бунинг учун тегишли органларга мурожаат қилиши керак эди. Энди эса Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестри тузилади», — дея қўшимча қилди сенатор.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: