Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: Ўзбекистонда сайлов жараёнига АКТ жорий қилинади

Президентнинг сайлов жараёнига АКТ жорий қилиш тўғрисидаги қарори имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарор матни ЎзАдакелтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобланади.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар доирасида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (кейинги ўринларда СЯЭР деб юритилади) жорий этишга қаратилган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ҳамда уни шакллантириш ва ундан фойдаланишда идоралараро ўзаро ҳамкорлик тартибини регламентлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилди.
Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими эксперимент тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилди ҳамда хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан ижобий баҳоланди.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил сайлов жараёнига СЯЭРни тўлақонли жорий этишни таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:
биринчидан, республика кўламида СЯЭРдан фойдаланиш амалиётининг мавжуд эмаслиги бир сайловчининг бир вақтнинг ўзида бир нечта рўйхатларга киритилишига олиб келмоқда ва "бир сайловчи – бир овоз” принципига тўлиқ риоя қилинишини таъминламаяпти;
иккинчидан, сайловчи-фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисида ҳаққоний бўлмаган ахборот фуқароларни тегишли сайловчилар рўйхатларига автоматик киритишда аниқликни таъминлаш имконини бермаяпти;
учинчидан, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги эскирган ва манфаатдор идоралар томонидан фойдаланилмайдиган ахборот сайловчиларни участкалар бўйича тақсимлаш жараёнини автоматлаштиришга тўсқинлик қилмоқда;
тўртинчидан, сайлов участкаларининг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланиши ва уларнинг интернет тармоғига уланиши даражаси пастлигича қолаётгани сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаяпти;
бешинчидан, жойлардаги сайлов комиссиялари аъзоларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир билим ва кўникмалари даражаси пастлиги сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришда қийинчилик туғдирмоқда.
Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни таъминлаш, шунингдек, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан самарали фойдаланиш учун зарур аппарат-дастурий инфратузилмани яратиш мақсадида:
1. Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг мамлакатимизнинг бутун ҳудудида сайлов жараёнига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. СЯЭРни шакллантиришда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига, Кўчмас мулк объектлари ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрига мувофиқ сайловчи-фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари тўғрисидаги ягона ахборотдан фойдаланилиши белгилаб қўйилсин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш ва СЯЭРдан фойдаланишда ягона технологик ёндашувни, шунингдек, уларнинг ҳудудларда самарали ишлашини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектларининг ягона реестрини юритиш учун жавобгар орган ҳисобланади;
"UNICON.UZ” – "Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари” ДУК Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш, янада такомиллаштириш ва унга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади, шунингдек, унинг самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда:
фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни тўлиқ долзарблаштиришни ўтказишни;
туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари раҳбарларини уйма-уй юриб ўрганишни ташкил этишга жалб этишни;
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда фуқароларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлиги маълумотлар ахборот базасини Кўчмас мулк объектларининг ягона реестрига ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказсин ва хатлов натижаларига кўра Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш жараёнини якунига етказсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарорнинг 4-бандига мувофиқ уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун компьютер ускуналари билан жиҳозланган зарур хоналар ва ходимларни ажратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг талабномаларига кўра ушбу қарорнинг 4-бандига мувофиқ уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун ажратилган хоналарнинг белгиланган тартибда маълумотлар узатиш тармоқларига уланишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг "Электрон ҳукумат” тизимига интеграциялашувини таъминласин;
Сайов участкасини аниқлаштириш ва уни ўзгартириш имкониятини тақдим этиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг "Электрон ҳукумат” тизимига интеграциялашувини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Марказий сайлов комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018-2019 йилларда сайлов комиссиялари вакилларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими, шу жумладан, СЯЭР билан ишлаш кўникмаларига ўқитишни таъминласин.
9. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Қуйидагилар молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказишни ҳамда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича – 20 фоизи Ер муносабатлари ва давлат кадастрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 80 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасини модернизация қилиш бўйича – вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
хоналарни ушбу қарорнинг 4 ва 7-бандларига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоқларига улаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари.
11. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига – фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ долзарблаштирилиши учун;
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х.Абдуллаев зиммасига – кўчмас мулк объектларининг тўлиқ хатловдан ўтказилиши ҳамда Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрини шакллантириш бўйича ишларнинг якунига етказилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Содиқов зиммасига – Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг янада такомиллаштирилиши ва тўлиқ ишлаши, шунингдек, сайлов комиссиялари сайлов вақтида маълумотлар узатиш тармоқларига узлуксиз уланишини таъминлаш учун;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – фуқароларнинг яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни долзарблаштириш ва сайлов вақтида сайлов комиссиялари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан самарали фойдаланиши учун зарур хоналар, замонавий ускуналар ва ходимлар тақдим этилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Э.Абдусаломов зиммасига – сайлов комиссиялари вакилларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан ишлаш кўникмаларига ўқитиш ва давлат органларининг улар зиммасига сайлов жараёнига СЯЭРни жорий этиш учун зарур шароитларни яратишга доир юкланган мажбуриятларининг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3662-сон қарорининг 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 4 октябрь

МЕДИАЦИЯ: ЯНГИЛИКНИНГ МОҲИЯТИ НИМАДА?

«Медиация тўғрисида» 3.07.2018 йилдаги ЎРҚ–482-сон Қонун эълонқилинди.

Қонунда нима дейилади

Медиация– келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули. Қабул қилинган ҳужжатга асосан у низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин:

фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, ш.ж. тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар;

якка меҳнат низолари;

оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

Медиация судгача, шунингдек суд тартибида кўриш жараёнида суд маслаҳатхонага киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

Медиация ўхшаш тартиб-таомиллардан нимасибилан фарқланади

Медиация иқтисодий ишлар бўйича низоларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби, ишни иқтисодий ёки фуқаролик судида кўриб чиқишда келишув битими тузиш, никоҳдан ажралишда эр-хотинни ва жиноят процессида тарафларни яраштиришга кўп жиҳатдан ўхшаш. Бироқ уларни айнан бир хил деб ҳисобламаслик лозим (ҳеч бўлмаганда ҳозирги кунда амалда бўлган қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда бунинг иложи йўқ).

Медиатор фигураси – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс янги ҳуқуқий институтнинг фарқли жиҳати ҳисобланади. Ўхшаш тартиб-таомилларда тарафлар ўртасидаги воситачилик аниқ тартибга солинмаган. Медиатор ўз фаолиятини профессионал (ҳақ эвазига ёки текин) ва нопрофессионал (фақат текин) асосда амалга ошириши мумкин. Медиаторнинг вазифаси – тарафлар ўртасида ёзма медиатив келишув тузилишига, яъни низони ихтиёрий ҳал этишга эришиш.

Лойиҳанингбир йил олдин ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган дастлабки таҳририда фақат адвокатлар профессионал медиатор бўлиши, 18 ёшга тўлган фуқаролар, юридик шахслар, махсус ташкил этилган органлар ёки комиссиялар эса нопрофессионал асосда медиатор бўлиши кераклиги назарда тутилган эди. Бироқ асосий хусусияти – медиатор бирон-бир давлат органига боғлиқ бўлмаслиги керак. Умуман ушбу ёндашувни сақлаган ҳолда, қабул қилинган Қонун Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган ҳар қандай шахс профессионал медиатор бўлиши мумкинлигини белгилади. 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган жисмоний шахс эса профессионал асосдаги медиатор бўлиши мумкин.

Қиёслашучун:Оила кодексининг40-моддасигамувофиқ, суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак. Медиация учун эса бутунлай бошқа муддатлар белгиланади – 30 кунгача узайтириш имконияти билан 30 кун. Медиаторни эса тарафлар мустақил танлайди. Яраштириш комиссиялари билан бўлган ҳолатда бундай танлашнинг имкони бўлмайди.

Бундан ташқари, низони ҳал этиш медиатив келишув эмас, балки келишув битимини тузиш билан тугалланиши режалаштирилган эди. У суд жараёнларида суд томонидан тасдиқланиши назарда тутилган эди. Бироқ якуний таҳрирда медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. У тузилганда ишни судда кўриш тўхтатилади ва ҳатто низони кўриб чиқиш учун тўланган давлат божи қайтарилади (келишув битимида қайтарилмайди). Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган (келишув битимида ижро варақаси берилади).

Шунга қарамай, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Бироқ Қонунда медиатив келишувнинг мавжудлиги кейинчалик давлат органи ёки суд томонидан ишнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиши ҳақида норма ҳам йўқ (келишув битимида – тўсқинлик қилади). Бунда келишув бажарилмаганлиги учун жавобгарликнинг таркиби ва чораларини инобатга олади.

Шу тариқа, медиация – олдинги механизмлардан фарқланувчи янги кўриниш. Ҳар қандай янгилик каби у амалиётда синовдан ўтказилади.

norma.uz асосида Туман адлия

бўлими бошлиғи У.Р.Тўраев тайёрлади

ЧИЛИМ ВА ЭЛЕКТРОН СИГАРЕТАЛАР ЧЕКИШНИ ЧЕКЛАШ 3 ОЙ ЎТГАЧ КУЧГА КИРАДИ

2.07.2018 йилдаги "Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида” ЎРҚ-478-сон Қонун имзоланди.

Чилим тамаки чекиш ёки таркибида тамаки бўлмаган чекиладиган қоришмани (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) истеъмол қилиш учун фойдаланиладиган асбоб бўлиб, унда аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш (чилим сувдони) орқали ўтади.

Электрон сигарета никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиш воситаси сифатида фойдаланиладиган, нафас олиб ютиш учун мўлжалланган аэрозоль (буғ) ҳосил қиладиган электрон мосламадир. Одамнинг нафас олиш тизимига никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиб берувчи электрон тизимларнинг истеъмол хусусиятлари ва истеъмол қилиш усуллари электрон сигаретага ўхшаш бўлган бошқа турлари ҳам электрон сигаретага тенглаштирилади.

Чилим ва электрон сигареталарни:

стационар савдо объектларида, шунингдек умумий овқатланиш корхоналарида, бундан чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналар мустасно;

кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;

клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;

музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;

маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан тамбурларида), дарё кемаларида, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобусларда, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида, шунингдек ҳаво кемаларида;

ер ости ўтиш жойларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида;

аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг биноларида;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида;

соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, таълим муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида;

иш жойлари бўлган хоналарда;

кўп квартирали уйларнинг йўлакларида, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида;

хиёбонларда, боғларда, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида чекишга йўл қўйилмайди.

Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилиш тақиқланади.

Қонун билан чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар белгиланди. Улар жумласига корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахслари (маъмурияти), шу жумладан ўз тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва жамоат жойларида жойлашган бошқа объектлар, шунингдек юқорида кўрсатилган транспорт воситалари бўлган шахслар киради.

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Таҳририятдан:ҳозирги вақтда жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. МЖТКнинг 56-1-моддасига қаралсин.

norma.uz асосида Туман адлия

бўлими бошлиғи У.Р.Тўраев тайёрлади

Алимент соҳасидаги қонунчиликда муҳим ўзгаришлар бўлди

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан (ЎРҚ-459-сон) алимент соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган эди. Адлия вазирлиги бугундан кучга кирадиган ушбу ўзгартиришларни эслатиб ўтди.

Хусусан эндиликда:

- алимент тўламаслик 15 сутка маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлади;
- алимент тўлашга мажбур шахслар икки ой (илгари уч ой) мобайнида алимент тўлашдан бўйин товласа жиноий жавобгарликка тортилади (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин);
- ҳар бир бола учун алимент миқдори энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан (илгари учдан бир қисм) кам бўлмаган миқдорда (138 225 сўм) белгиланади;
- алиментни бола вояга етгунга қадар кўчар ва кўчмас мол-мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали бир йўла олдиндан тўлаш мумкин;
- алимент олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузиш ҳолатларида, ушбу шахсга республикадан чиқишга қўйилган тақиқ олиб ташланади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам (46 млн 75 минг сўм) бўлмаслиги лозим.

Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади

ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДА ЧЕГАРА РЕЖИМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 5.07.2018 йилдаги 504-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара муаммоларини ҳал этиш, ноқонуний миграцияга, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга қарши курашиш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссияларга (бундан кейин – ҳудудий комиссиялар) 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда:

туманлар, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, темир йўл станциялари, аэропортлар ва ҳудудида чегара зонаси белгиланадиган бошқа объектлар рўйхатини;

жойларнинг физик-географик шароитлари ва рельефига қараб, уларда Давлат чегараси чизиғидан чегара минтақасининг чегарасини белгилаш вазифаси топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига ҳудудий комиссиялар ишларининг якунлари бўйича 2019 йил 15 январгача бўлган муддатда:

республика Давлат чегараларининг жами узунлигида чегара минтақаси ва чегара зонасининг чизмасини тушунтириш хати билан биргаликда акс эттириш ишларининг бажарилишини таъминлаш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун материаллар тақдим этиш;

Давлат чегарасини муҳандислик-техник жиҳозлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига Давлат чегараларининг жами узунлигидаги чегара минтақаси доирасида беғараз асосда доимий фойдаланиш учун ерлар ажратиш вазифаси топширилди.

Белгиланишича, ушбу тадбирларни амалга ошириш харажатлари Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағлари доирасида амалга оширилади.

Шунингдек қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилди:

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 25 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорининг 5-банди.

Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади

ЙИЛИГА 4 ЭКИҲ БАДАЛ ТЎЛАГАН МЕҲНАТ МИГРАНТЛАРИНИНГ ПЕНСИЯ СТАЖИ ҲИСОБГА ОЛИНАДИ, ХОРИЖГА ИШЛАШ УЧУН ЛИЦЕНЗИЯ БЎЙИЧА ЮБОРИЛАДИ

Президентнинг 5.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3839-сонли қарори имзоланди.

Ходимларни хорижга жўнатиш учун лицензиялар

2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга мамлакатимиз фуқароларини хорижий давлатларда ишга жойлаштиришга рухсат берилади. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан лицензия олиш талаб этилади.

Шуни қайд этиб ўтамизки, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига 50 минг АҚШ долларини захира сифатида киритиш лицензия талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади. Мазкур маблағлар ишлатиб юборилса (масалан, хориждаги меҳнат мигрантларига ёрдам бериш учун), ташкилотга захирани талаб этилган даражагача тўлдириш мажбурияти юклатилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда маблағлар қайтариб берилади.

Шу ўринда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур соҳада узоқ вақт «монопол» ўрин эгаллаб келганини эслаб ўтиш ўринли. Ушбу йўналишда рекрутинг агентликлари фаолият юритмади. Бу соҳадаги муаммолар ҳақидабу ердаўқишингиз мумкин.

Мустақил равишда пул топишга чиқиш соддалаштирилади

2018 йил 1 августдан эса хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар пенсия ҳисобланаётганда хориждаги иш стажлари ҳисобга олиниши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий бадалларни камроқ тўлашлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозир ихтиёрий бадалларнинг энг кам миқдори ойига 1 ЭКИҲ ёки йилига 12 ЭКИҲни ташкил этади(материал эълон қилинган пайтда – 2066880 сўм). Шу тариқа, энг кам бадал суммаси 3 баравар камайди. Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) қаранг.

Бундан ташқари, хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинмоқда. Гап шундаки, ҳозир Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан тилга олинган рухсатномани олган шахсларга, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги ташкилотларида ишлаган фуқароларга ихтиёрий бадалларни тўлашга рухсат берилади (Низомнинг 2-банди 2-хатбошисига қаранг). Шу сабабли аксарият ташқи меҳнат мигрантлари пенсия стажи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш имкониятидан маҳрум эдилар.

Хорижда ўз ҳолимизга ташлаб қўймайдилар

Ва, ниҳоят, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Бошқалар қатори, унинг маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш ва б.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларига хорижда самарали фаолият юритишлари учун дипломатик паспортлар тақдим этилади. norma.uz асосанТуман адлия

бўлими бошлиғиУ.Р.Тўраев тайёрлади

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИГА КЎМАКЛАШУВЧИ ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Президентнинг 4.07.2018 йилдаги «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3837-сон қарори имзоланди.

Ҳар бир давлат органи ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилмоқда. Кенгаш аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институти вакиллари қабул қилинади.

Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, давлат органи зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

биргаликда мулоқот қилиш, давлат органининг ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

давлат органи фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат органи фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органи фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органи фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органлари ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

Жамоатчилик кенгашларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

давлат органи томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

давлат органининг, жумладан унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотларининг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини давлат органи томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;

давлат органи, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

давлат органи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган давлат органининг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;

давлат органининг қонун ижодкорлиги фаолиятида, давлат органи томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига давлат органи томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

давлат органи ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;

жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича ОАВ билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.

norma.uz асосан Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади

CCП ЎЗБЕКИСТОНДАГИ БАРЧА ЙИРИК КОРХОНАЛАРНИ БИРЛАШТИРАДИ

Ўзбекистон Республикасининг 09.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги ЎРҚ-483-сонли Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.

Йирик корхоналар ССПга аъзо бўлишлари шарт

Белгиланишича, Палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир.

Бу ерда атамалар чалкаштирилиши мумкинлигини қайд этиб ўтмоқчимиз. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2016 йилдаги «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 275-сон қарорида хўжалик юритувчи субъектларни таснифлаш мақсадида бошқа – кичик тадбиркорлик субъектлари тушунчаси қўлланилади. Уларга қуйидагилар киради:

1) якка тартибдаги тадбиркорлар;

2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган микрофирмалар;

3) қуйидаги тармоқлардаги:

қонун ҳужжатларида назарда тутилган енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 200 киши;

металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 100 киши;

машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 50 киши;

фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 25 киши бўлган кичик корхоналар.

Кичик тадбиркорлик субъектларига мансуб ташкилотларнинг ИФУТ кодлари бўйича батафсил таснифи – бу ерда.

Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва оилавий корхоналар ҳам кичик тадбиркорлик субъектларига тенглаштирилган.

ССПга ихтиёрий ва мажбурий аъзолик ҳақида сўз борганда тадбиркорлик субъектларини таснифлашнинг айнан юқорида баён этилган мезонлари назарда тутилаётган кўринади.

Маълумот учун:ҳозир амал қилаётган таҳрирдаги Савдо-саноат палатаси Уставига мувофиқ, кириш ва аъзолик бадалларининг қуйидаги миқдорлари белгиланган:

 

 

Кириш бадали

Йиллик аъзолик бадали

Йирик корхоналар

10 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 1722400 сўм)

100 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 17224000 сўм)

Кичик корхоналар

3 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 516720 сўм)

20 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 3444800 сўм)

Микрофирмалар

2 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 344480 сўм)

6 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 1033440 сўм)

Якка тартибдаги тадбиркорлар

0,5 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 86120 сўм)

1 ЭКИҲ

(материал эълон қилинган пайтда – 86120 сўм)

 

ССП кўпроқ ваколатга эга бўлди

Қонун билан Савдо-саноат палатасининг 6 та вазифаси, худди шунча фаолият йўналиши ва 26 та функцияси белгиланди. Улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳаларига тааллуқлидир.

Қуйилган вазифаларни амалга ошириш учун Палатага қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

Вазирлар Маҳкамасига, вазирликларга, давлат қўмиталарига ва идораларга ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан, ш.ж. тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар киритиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ва тадбиркорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида эксперт кенгашларини тузиш;

тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низонинг ҳал этилишини таъминлаш, шунингдек бозорларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар, материалларни ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш;

Палата аъзоларининг, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;

жиноят ишлари бўйича иш юритишда тадбиркорлик субъектларининг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинганда тадбиркорлик субъекти номидан суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш (иккала тараф Палата аъзолари бўлган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек даъво аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, шу жумладан назорат тартибида протест келтириш ҳақида илтимосномалар бериш;

давлат активларини хусусийлаштириш, шу жумладан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш, шунингдек давлат органлари функцияларининг ва давлат хизматларининг айрим турларини хусусий секторга ўтказиш, давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш;

ўз тузилмасида таълим муассасаларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасида ва чет давлатларда ташкилотлар ташкил этиш, ўз ваколатхоналарини очиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтироларни, фойдали моделларни, саноат намуналарини патентлашда, товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товарлар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;

газеталар, журналлар ва бошқа босма материаллар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш учун ноширлик ҳамда реклама хизматлари кўрсатиш;

халқаро ва чет эл ташкилотларида Палата аъзоларининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ манфаатларини ифода этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда иштирок этиш;

иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шунингдек халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;

чет эллик шериклар мурожаат этган ҳолларда, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш;

Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;

чет эл ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ҳамда техник ёрдамини жалб этишда тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўмаклашиш.

Ташкилий масалалар

ССПнинг ташкилий тузилмаси белгиланди. Унга қуйидагилар киради:

Савдо-саноат палатаси(марказий аппарат – таҳр.);

ССПнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;

тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари;

ҳакамлик судлари;

халқаро тижорат арбитраж суди;

Палатанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари.

ССПнинг бошқарув органлари тизимида ҳам ўзгартиришлар рўй берди. Марказий кенгаш ўрнига 25 нафар кишидан иборат таркибдаги, олий орган – Палата Қурултойи делегатлари томонидан сайланадиган Раёсат бўлади.Қиёслаш учун:Марказий кенгаш таркибига лавозимига кўра Ижроия қўмитаси Раиси ва унинг ўринбосарлари, Палатанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек Палата Қурултойи томонидан сайланган тадбиркорлик соҳасидаги энг нуфузли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари кирар эди. Раёсат қурултойлар оралиғида Палатага раҳбарлик қилади.

Палата қурултойи эса камроқ – 4 йилда 1 марта чақириладиган бўлди.Илгари у ҳар 3 йилда ўтказиларди. Бундан ташқари, Палата раиси Президентнинг тақдимномасига кўра қурултой делегатлари томонидан лавозимга сайланиши ва лавозимига кўра Раёсатнинг раиси бўлиб, Ижроия қўмитасининг ишига раҳбарлик қилиши қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

norma.uz асосан Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади

ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ: НИМАЛАРНИ ОЛИБ КИРИШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ ТАҚИҚЛАНГАН

ЎзбекистонРеспубликасининг 09.07.2018 йилдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги ЎРҚ-484-сонли Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.

Ўсимликлар карантини – қишлоқ хўжалигига ва бошқа ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар карантини объектлари кириб келишининг, тарқалишининг олдини олишга ҳамда бундай объектларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар мажмуи.

Қонуннинг янги таҳририда аввалгисидан фарқли равишда ўсимликлар карантинини таъминлашда иштирок этувчи ташкилотлар, ш.ж. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциялари, Ўсимликлар карантини илмий марказининг ваколатлари, шунингдек ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоялаш учун кўриладиган чора-тадбирлар батафсил баён этилган.

Ўсимликлар карантинига доир тадбирлар

Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан туман (шаҳар) давлат инспекторининг тақдимномасига кўра зарур чекловлар ўрнатилади. Ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудда ўчоқнинг тарқалишига йўл қўйилмайди, унга туташ ҳудудларда ўсимликлар карантини объектлари тарқалишининг олдини олишга ва уларни йўқ қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.

Бундан ташқари, давлат инспекторлари ўсимликларнинг ва ўсимлик маҳсулотининг фитосанитар тозалигини таъминлаш, уларда ўсимликлар карантини объектлари мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида фитосанитар дала назоратини амалга оширадилар.

Ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувлари:

карантин остидаги маҳсулотнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг олиб бориш;

фитосанитар хавфни таҳлил қилиш;

фитосанитария сертификатини бериш;

карантин рухсатномасини бериш;

илмий изланишларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадларда ўтказилади.

Фумигация ишлари (зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларини қўзғатувчиларни заҳарли буғлар ёки газлар билан заҳарлаш орқали йўқ қилиш) фақат махсус бўлинмалар томонидан амалга оширилади.

Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати ўсимликлар карантини объектлари тарқалишини мониторинг қилади. Унинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишига, тарқалишига ҳамда биоэкологик хусусиятларга таъсир кўрсатишига кўмаклашувчи омилларни аниқлаш ва баҳолаш;

ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш йўлларини ва тарқалган ҳудудларни аниқлаш;

ўсимликлар карантини объектлари ўчоқларини аниқлаш;

ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

фитосанитар хавфни аниқлаш ва таҳлил қилиш.

Карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш

Қонун билан ўсимликлар карантини объектлари аниқланган карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш тақиқланди, бундан уларнинг илмий мақсадларда олиб кирилаётган намуналари мустасно.

Уруғликларни ва экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга почта жўнатмаларида юбориш, шунингдек юк билан олиб ўтиш тақиқланади. Ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланмаган айрим меваларни, янги ҳўл мева ва сабзавотларни йўловчиларнинг қўл юкида ўтказишга ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан рухсат берилади. Алоҳида қимматга эга бўлган уруғлар, ўсимликлар ёки экиш материаллари илмий-тадқиқот муассасаларининг манзилига йўлланган тақдирда, улар инспекторнинг хулосасига кўра интродукция карантин кўчатхонасига текшириш учун юборилиши керак.

Карантин остидаги маҳсулот мавжуд бўлган транзит юклар ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим. Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган тақдирда, мазкур юклар ушлаб турилиши, зарарсизлантирилиши ёки уни экспорт қилган мамлакатга қайтариб юборилиши керак.

norma.uz асосан Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади

ПРЕЗИДЕНТНИНГ 2 ТА ЯНГИ ҲУЖЖАТИДА СУД ҚАРОРЛАРИНИ ИНТЕРНЕТДА ЭЪЛОН ҚИЛИШ НАЗАРДА ТУТИЛГАН

ПФ–5482-сон Фармонда ва ПҚ–3852-сон қарорда шу ҳақда сўз юритилган. Иккала ҳужжат 13.07.2018 йилда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, суд қарорларини веб-сайтларда жойлаштириш 2016 йил октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурида (26-банд) назарда тутилган эди. 2017 йилда тегишли дастурий таъминот устида иш бошланди(батафсилроқ –бу ерда).

Параллель равишда қонун нормаларини тайёрлаш устида иш олиб борилди. Масалан, Жиноят-процессуал кодексга киритиладиган, жиноят процессида ана шундай амалиёт жорий этилишини назарда тутадиган тузатишлар 19.10.2018 йилдан бошлаб кучга киради. Томонлар ошкор қилишга қарши бўлишлари мумкинлиги ҳисобга олиниб, уларнинг розилигини ҳам олиш талаб этилади. Агар розилик олинмаса, бироқ суд эълон қилишни зарур деб ҳисобласа, қарор суднинг веб-сайтида шахсни кўрсатмай (процесс иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатмай) жойлаштирилади. Ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини ҳар қандай ҳолатда эълон қилиш тақиқланган. Янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексдаги шунга ўхшаш нормалар кучга кирди. Иқтисодий процессуал кодексваМаъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда бундай қоидалар ҳали мавжуд эмас.

Янги ҳужжатларга(ПФ–5482 ва ПҚ–3852) мувофиқ, суд қарорларини эълон қилиш масалаларини тартибга солишга доир ёндашувга бирмунча тузатиш киритилди.

Биринчидан, суд қарорлари марказлаштирилган тарзда, яъни ҳар бир суднинг веб-сайтида алоҳида эмас, балки Олий суд сайтида эълон қилинади.

Иккинчидан, иқтисодий судларнинг қарорлари учун эълон қилиш мажбурий ҳисобланади. Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича бунинг учун томонларнинг розилиги талаб этилади. Шу билан бирга, ёпиқ суд мажлислари бўйича қарорлар Интернетда жойлаштирилмайди. Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси 2018 йил сентябригача тайёрланади.

Зарур дастурий таъминотни жорий этиш бўйича икки йиллик иш 2018 йил ноябрида якунига етказилиши керак.

norma.uz асосан Туман адлия бўлими бошлиғи

У.Р.Тўраев тайёрлади