Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

Паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди

Паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Президент фармони қабул қилинди, деб хабар қилди"Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали.

Ўзгартиришларга асосан фуқаролар доимий рўйхати мавжуд бўлмаганида, олдинги доимий рўйхатда турадиган жойидаги, пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ўзи турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига (паспорт столга) мурожаат қилиши мумкин.

Фармон билан йўқотилган паспорт ўрнига паспорт бериш тартиби белгиланди.

Унга мувофиқ паспортини йўқотган фуқаро зудлик билан доимий рўйхатда турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига (паспорт стол) хабар бериши лозим.

Вақтинча хорижда бўлган фуқаролар паспортларини йўқотиб қўйсалар, паспорт яроқсиз ҳолга келса ёки унинг амал қилиш муддати тугаса, Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиш учун консуллик ваколатхонасига мурожаат этади.

Паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар йўқотилганлиги тўғрисида ички ишлар органлари томонидан маълумотнома берилади.

Паспорти ўғирлаб кетилган шахслар, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахслар ва табий офатлар натижасида паспортлари йўқолганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилмайдилар.

Фуқаро паспортини йўқотганда паспорт йўқолгани хақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида унга янги паспорт берилади. Бу муддат яна бир ойга узайтирилиши, истисно тариқасида бундай аризаларни кўриб чиқиш муддати олти ойгача чўзилиши мумкин.

Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш

Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Таъкидлаш жоизки, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

 

Шу билан бирга, бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва услубларидан фойдаланилмоқда, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда, муҳим ижтимоий масала ҳисобланган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашув ҳолатлари учрамоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти.

 

Янги ташкил этилган барқарор иш ўринлари сонининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги меҳнат бозорида мувозанатлиликнинг бузилишига, республикамизнинг айрим минтақаларида ишсизлик даражасининг ошиб кетишига, ноқонуний меҳнат миграцияси ва норасмий бандликнинг ўсишига олиб келмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги ПҚ-2690-сонли қарорига мувофиқ жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплексга кирувчи ҳудудий органлар раҳбарларининг, уларни моддий рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий чора қўллаш бўйича тегишли тизимни жорий этган ҳолда, аҳоли бандлигининг ўсиши ва уни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилди.

 

Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва тузилмаларининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

 

меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни республикамиз минтақалари кесимида чуқур таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларни ишга жойлаштиришни таъминлаш, аҳолини жамоат ишларига, биринчи навбатда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишга, шаҳарлар ва туманларни ободонлаштиришга, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишга жалб этиш;

 

ишга жойлашишга муҳтож шахсларни, айниқса, банд бўлмаган ёшларни, имконияти чекланган шахсларни ва ишсизларни иқтисодиётнинг ҳамда меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш;

 

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини улар эгаллаган мутахассисликларга мувофиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнатга доир муносабатлар, меҳнат муҳофазаси, касбий ва меҳнат стандартлари, гендер тенгликка риоя этилиши, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор муносабатлари шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

 

ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологияларини фаол жорий этиш, жумладан, Миллий вакансиялар базасини яратиш ва доимий ривожлантириб бориш;

 

ишга жойлашишга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашнинг самарали механизмларини шакллантириш;

 

бандлик ва меҳнат муҳофазаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш, меҳнат шароитлари экспертизасини амалга ошириш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

аҳоли ва иш берувчилар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси масалалари бўйича кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

 

кам таъминланган оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тўланиши бўйича мониторингни амалга ошириш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш орқали оилани кам таъминланганликдан чиқариш юзасидан индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва унинг ўринбосарларига қуйидаги вазифа ва устуворликлар амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин:

 

ҳудудий ва тармоқ аҳоли бандлиги дастурлари тизимли ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишининг мувофиқлаштирилишини таъминлаш, самарали бандлик шаклларини ривожлантириш, меҳнат бозори ва аҳолининг айрим ижтимоий-демографик гуруҳлари талабларини ҳисобга олган ҳолда, иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш;

 

ишсиз аҳолини, ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежи битирувчиларини, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ихтисослаштирилган иш ўрни ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, аҳоли ва иш берувчилар учун меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва ҳаммабоплигини ошириш йўли билан ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

 

шахсий бизнесини ташкил этишни хоҳловчилар, илк бор меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилишини рағбатлантириш ва кўмаклашиш, банд бўлмаган ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли учун касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилаётган маблағларни ушбу мақсадлар учун мос равишда оширган ҳолда ташкил этиш;

 

кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муҳофазаси манзиллилигини кучайтириш, нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда ўрнатилган тартибга амал қилинишини назорат қилиш, уларни фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш чораларини кўриш, шунингдек, аҳолини ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш.

 

4. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод этиладиган вазир раҳбарлик қилади;

 

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади;

 

Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирини лавозимга тайинлаш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда амалга оширилади;

 

вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларининг бошлиқларини лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда амалга оширилади;

 

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари томонидан туман ва шаҳарлар ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда амалга оширилади.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аҳолининг ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш тизимини ҳамда Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг:

 

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида 25 фоизга, бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мустасно бўлган ҳолда, камайтириш;

 

ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг "электрон меҳнат дафтари” тизимини жорий этиш, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатиш ва меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб бориш;

 

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйиш;

 

2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш;

 

микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига, тегишли таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари, ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга (муддатли меҳнат шартномалари) тузишга рухсат бериш;

 

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларини сақлаб туриш харажатларини, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш, натижада Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг бўшайдиган маблағларини ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишга, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чораларни амалга оширишга йўналтириш;

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида иш ташкил этишнинг барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда қайта кўриб чиқиш (реинжиниринг), ишга танлов асосида қабул қилиш, "ягона дарча” тамойилида давлат хизматлари кўрсатиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услубларини қўллаган ҳолда, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида ходимлар меҳнатининг сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг илғор шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилсин, унинг асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштириш ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 сентябригача Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини, жамғарма тузилмасини тасдиқлаш, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари, шунингдек, маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилаган ҳолда, ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда, икки ой муддатда кичик бизнес, касаначилик, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш асосида бандликни таъминлаш учун молия ресурсларини тақдим этиш, аҳолининг кенг қатламларига, биринчи навбатда қишлоқ жойларда микромолиялаштириш хизматларидан фойдаланишнинг қулай имкониятларини яратиш борасида "Микрокредитбанк” АТБ фаолиятининг ва барча банк тизимининг самарадорлигини танқидий таҳлил қилиш асосида ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

 

2017-2020 йилларда фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун микромолиялаш хизматларидан фойдаланиш қулайликларини, йўналиш ва ҳажмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга тижорат банклари томонидан ажратилаётган микрокредитларнинг манзиллилигини таъминлашни кучайтириш, биринчи навбатда кам таъминланган оила аъзоларини, айниқса шаҳарларда, энг аввало якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик соҳасига, касаначиликка, қишлоқ жойларда эса шахсий томорқа хўжаликлари асосида иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган тадбирлар ва механизмлар ишлаб чиқиш;

 

"Микрокредитбанк” АТБнинг аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларидаги ролини тубдан оширишни таъминлайдиган банк фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг мезон ва кўрсаткичларини ишлаб чиққан ҳолда, унинг қўшимча капиталлашувини ошириш, тузилмасини, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва филиаллари жойлашувини оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда мазкур фармонни амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини, унинг янги тузилмасини тасдиқлаган ҳолда, ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралдаги "Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4782-сонли фармонининг 3- ва 4-бандлари ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.

 

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизоми

Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ (кейинги ўринларда энергия ресурслари деб аталади) етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш – мамлакатимизда олиб борилаётган, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

 

Шу билан бирга, мазкур соҳаларда тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар энергия ресурслари бўйича дебитор қарздорликни кескин камайтиришга ва электр энергетика ва газ тармоқларини янада ривожлантириш, ижро иши юритиш самарадорлигини оширишга имкон бермаган. Жумладан:

 

биринчидан, таъминотчи корхоналар томонидан етарли чоралар кўрилмаганлиги оқибатида истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши лозим даражада таъминланмаган, уларнинг аксарияти истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни мунтазам равишда амалга оширмаган;

 

иккинчидан, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатларининг кечиктириб юборилганлиги етказиб берилган ва истеъмол қилинган ҳажмлар ҳисоби юритилишининг ҳаққонийлигини таъминлашга ҳамда ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишга ўта салбий таъсир кўрсатмоқда;

 

учинчидан, эскирган электр узатиш тармоқлари, трансформатор подстанциялари ва пунктлари, газ қувурлари ҳамда тегишли инфратузилмани янгилаш суръатларининг сустлиги – технологик йўқотишларнинг кўпайишига ва энергия ресурсларининг, айниқса, жойларда, сурункали узилишлар билан етказиб берилишига олиб келмоқда;

 

тўртинчидан, энергия ресурслари бўйича қарздорлик ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имконини берувчи замонавий электрон тўлов тизимларини ривожлантириш паст даражада қолмоқда;

 

бешинчидан, "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК томонидан назоратчилар ишининг ташкил этилиши устидан идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги дебитор қарздорликнинг ҳаддан зиёд ўсишига олиб келмоқда;

 

олтинчидан, қарздорларни электр ва газ тармоғидан узиш бўйича амалий чоралар кўрилмасдан, аслида мавжуд бўлмаган қарздорликни ундириш ҳақида судларга аксарият ҳолларда "бир хил қолипдаги” аризаларнинг киритилиши таъминотчиларнинг энергия ресурслари учун ҳақ ундириш борасидаги ишларни ташкил этишга расмиятчилик билан ёндашаётганлигидан далолат бермоқда;

 

еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти (кейинги ўринларда Суд департаменти деб аталади) фаолиятини ташкил этишдаги жиддий камчиликлар ижро иши юритилиши самарадорлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Амалдаги ундирув кўрсаткичининг 2016 йилда атиги 45 фоизни ташкил этганлиги ҳам бундан далолат беради;

 

саккизинчидан, идоралараро ҳамкорликнинг ва Суд департаменти фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги ижро ҳужжатлари ҳисоби юритилишида ҳаққонийликни таъминлашга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда;

 

тўққизинчидан, қонунийликни ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларида йўл қўйилган камчиликлар оқибатида 2016 йил ва 2017 йилнинг I чораги давомида содир этган ҳуқуқбузарликлари учун "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АКнинг 665 нафар, Суд департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

 

Электр ва газ таъминоти соҳасида ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича таъсирчан чораларнинг кўрилмаганлиги иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, ёқилғи-энергетика комплексини модернизациялаш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи омил ҳисобланади.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ташкил этилсин.

 

2. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

 

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;

 

электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

 

энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

 

энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;

 

энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;

 

энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;

 

комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

 

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.

 

3. Белгилаб қўйилсинки:

 

тугатилаётган Суд департаментининг Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бюрога ўтказилади;

 

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади;

 

Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади;

 

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари Бюрога мазкур Фармонга мувофиқ юклатилган вазифа ҳамда функцияларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашишга мажбурдирлар.

 

4. Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

 

энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш;

 

етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг (кейинги ўринларда истеъмолчи – юридик шахслар деб аталади) банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйиш;

 

етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим – истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

 

энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;

 

жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

 

энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий санкция қўллаш;

 

вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш;

 

энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;

 

энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш;

 

энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

 

энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилиш.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини, шунингдек, энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

 

5. Суд департаменти тугатилсин ва унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1 301 та бўшатилаётган штат бирликлари Бюрога ўтказилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Суд департаменти балансида бўлган ва у фойдаланаётган бинолар, воситалар ҳамда бошқа моддий-техника қимматликларининг Бюро балансига ўтказилишини таъминласин.

 

Белгилаб қўйилсинки, Бюро тугатилаётган Суд департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АКнинг:

 

"Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирликларини ҳамда "Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликларини қисқартириш;

 

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

 

Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

 

республика истеъмолчиларига энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи;

 

ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини (давлат божидан ташқари) ундиришдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;

 

давлат ижрочилари томонидан ундирилган ижро йиғими маблағларининг 80 фоизи;

 

Бюро ходимлари томонидан қўлланиладиган ва ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;

 

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

 

Белгилаб қўйилсинки:

 

Бюро таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

 

ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК томонидан белгиланади;

 

асбоб-ускуналар, электр узатиш линиялари, газ тармоқлари, энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналарини эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, тегишли ҳудудларда носозликларни бартараф этиш бевосита "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК томонидан амалга оширилади.

 

7. Белгилаб қўйилсинки, энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида:

 

а) Бюро қуйидагилар учун жавобгардир:

 

энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

 

энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

 

аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

 

б) Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК қуйидагилар учун жавобгардир:

 

тузилган шартномаларга мувофиқ, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш;

 

сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги;

 

электр ва газ тақсимлаш тармоқлари ҳамда энергия ресурсларини бевосита истеъмолчиларга бўлиниш чегарасига қадар етказиб бериш билан боғлиқ бўлган бошқа инфратузилмалар эксплуатацияси ва таъмирлаш хизматларини амалга ошириш;

 

истеъмолчиларга ўрнатилган энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини алмаштириш, ўрнатиш ва эксплуатация хизмати кўрсатиш, шунингдек, Бюро билан ҳамкорликда уларни пломбалаш;

 

белгиланган тартибда техник шартларни бериш, электр ва газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш ишларини амалга ошириш;

 

Бюронинг мажбурий талабномасига асосан, электр энергияси айрим истеъмолчиларини 6-10 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқлардан белгиланган тартибда узиш.

 

Белгилансинки, "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Бюрога тақдим этади, улар асосида Бюро электр ва газ таъминоти корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

 

8. 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин, унга мувофиқ:

 

истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт;

 

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, истеъмолчи – жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади;

 

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилганлардан ташқари, истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади;

 

электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи – юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади;

 

истеъмолчи энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади;

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган, юқори ликвидли ва (ёки) экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи алоҳида тоифадаги истеъмолчиларга энергия ресурсларини сотиш экспорт нархидан паст бўлмаган бозор нархларида амалга оширилади.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

 

икки ой муддатда танқидий ўрганиш натижасига кўра, "Ўзбекэнерго” АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш тартибини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилсин;

 

2017 йил 1 августга қадар муддатда энергия ресурслари учун, шу жумладан, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидаги корхоналар ўртасида 2017 йил 1 июлгача вужудга келган қарздорликнинг тартибга солинишини таъминласин;

 

уч ой муддатда "Ўздавэнергоназорат” ДИ ва "Ўздавнефтгазинспекция” ДИ фаолиятини қайта ташкил этиш бўйича, шу жумладан, мазкур Фармон қоидаларини инобатга олган ҳолда, таклифлар киритсин.

 

10. Белгилансинки, Суд департаментининг амалдаги ходимлари, шунингдек, ушбу Фармонга мувофиқ штат бирликлари қисқартирилаётган "Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёрлари ҳамда "Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчилари Бюрони ташкил этиш даврида меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар юқорида кўрсатилган ташкилотлар маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақлаб қолинган ҳолда хизмат вазифаларини амалга оширадилар.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда:

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин.

 

12. "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК:

 

2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда энергия ресурсларининг сотилишини ҳисобга олиш бўйича амалдаги дастурий маҳсулотлардан Бюронинг доимий фойдаланиш имкониятини таъминласин;

 

2017 йил 1 июлга қадар туман (шаҳар)лар кесимида 2017 йил 1 июнь ҳолатига энергия ресурсларидан қарздорлиги мавжуд бўлган барча истеъмолчиларнинг рўйхатини, шу жумладан, истеъмолчи – юридик шахслар билан қарздорликни таққослаш далолатномаларини Бюрога тақдим этсин;

 

2017 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш ва пул маблағларининг ҳаракатини Бюро томонидан мониторинг қилишни таъминловчи, энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларни ягона банк ҳисобрақамларида жамлаш тизимини жорий этсин;

 

2017 йил 1 августга қадар энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлашни ҳисобга олиш ускуналари ўрнатилган хоналарнинг Бюро томонидан масофадан туриб рухсатсиз аралашувни назорат қилиш имконини берадиган видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин;

 

2017 йил 1 октябрга қадар энергия ресурсларининг етказиб берилиши ва истеъмолини бевосита тақсимлаш жойларида назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

 

2018 йил 1 январга қадар энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлашни ҳисоблаш нуқталарида ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ва уларнинг ҳолатини қайд этувчи, ушбу маълумотларни энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва тақсимлаш ҳажмлари мониторингини амалга ошириш учун Бюрога тақдим этадиган автоматлаштирилган тизимни ўрнатсин, шунингдек, унинг барқарор ишлашини таъминласин.

 

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК, "Ўздавэнергоназорат” ДИ, "Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, "Саноатгеоконтехназорат” ДИ, Бюро бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар қуйидагиларни амалга оширган ҳолда турар ва нотурар жой фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин:

 

кадастр ва лойиҳа ҳужжатлари, шартномалар, уланиш схемалари, бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда ҳисобга олиш ускуналарининг мавжудлигини, уларнинг созлиги ва меъёрий-техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш, истеъмолчини биллинг тизимида рўйхатдан ўтказиш;

 

энергия ресурсларининг реал истеъмол қилинган ҳажмини ва унинг шартномаларда назарда тутилган ҳажмга, шунингдек, амалга оширилган тўловларга мувофиқлигини аниқлаш;

 

турар ва нотурар жой фонди объектларининг эгалари, кадастр маълумотлари, коммуникациялар ва иншоотлар ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган ягона электрон паспортларини тайёрлаш;

 

инвентаризация якунлари бўйича вазирликлар ва идораларнинг тегишли маълумотлар базаларига зарур аниқликлар киритиш.

 

Белгилансинки, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган вазирликлар ва идоралар инвентаризация ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилишини таъминлайдилар ва бунга ҳар томонлама кўмаклашадилар.

 

14. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уч кун муддатда кўчмас мулк эгалари ҳақидаги маълумотларни электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари, автоматлаштирилган телефон станцияларига юборади.

 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК уч ой муддатда кўчмас мулк эгалари ҳақидаги идоравий маълумотлар базаларини унификациялаштирсин.

 

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК идоравий маълумотлар базалари унификация қилинганидан кейин икки ой муддатда истеъмолчилар билан тузилган шартномаларнинг қайта расмийлаштирилишини таъминласин.

 

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

 

икки ой муддатда истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни тақдим этадиган ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинган Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизимини ташкил этишни, шунингдек, абонентнинг ягона индивидуал рақамини жорий этишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини;

 

2017 йил 1 октябрга қадар Қарздорликни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизимини ташкил этиш, ушбу тизимни тегишли идораларнинг жисмоний ва юридик шахслар қарздорлиги, уларнинг мулкий аҳволи ҳақидаги маълумотлар базалари билан босқичма-босқич интеграция қилиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат” ДИ, "Ўздавнефтгазинспекция” ДИ Бюро билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, энергия ресурсларини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартибини тасдиқласин.

 

17. Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси (А.Н.Арипов) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда икки ой муддатда:

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастурининг амалга оширилишини танқидий ўрганишни;

 

ушбу дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминламаган айбдор мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги бўйича таклифлар киритилишини;

 

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича янгиланган дастур тайёрланишини таъминласин, бунда:

 

энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш, шу жумладан, уларни шаҳарлар ва қишлоқ жойларда уй-жой қуриш лойиҳаларига мажбурий киритишга;

 

муқобил энергия манбаларидан фойдаланаётган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш чораларига;

 

Қуёш энергияси халқаро институти фаолияти самарадорлигини оширишга;

 

аҳоли ўртасида энергия ресурсларини асраб-авайлаш, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб этиш юзасидан комплекс чораларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин.

 

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига "Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги ҳамда "Газ таъминоти тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин.

 

18. "Ўзбекэнерго” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзстандарт” агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзэлтехсаноат” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

 

бир ой муддатда электр энергия назорати ва ҳисобга олишни ягона автоматлаштирилган тизимга интеграция қилиш учун унинг техник кўрсаткичларини унификациялаштиришни инобатга олган ҳолда, электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳар томонлама экспертизадан ўтказсин;

 

халқаро молиявий донор-институтлар билан уларнинг иштирокида амалга оширилаётган электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг техник кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, техник кўрсаткичлари бир хил, электр энергиядан фойдаланишни ҳисобга олувчи замонавий электрон ускуналарни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини келишсин;

 

келишиш натижаларига кўра, икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига электр энергия назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини 2019 йил 1 январга қадар тўлиқ жорий этишни назарда тутувчи режа-жадвални киритсин.

 

19. "Ўзбекнефтгаз” МХК, "Саноатгеоконтехназорат” ДИ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзстандарт” агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзэлтехсаноат” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

 

икки ой муддатда лойиҳаларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари, амалга ошириш муддатлари ва графикларини, шунингдек, табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг техник жиҳатдан бир хил, замонавий электрон ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни назарда тутувчи Замонавий энергия тежайдиган газдан фойдаланиш асбоб ва ускуналарини, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш концепцияси лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

 

2017 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқилган Концепция асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг замонавий энергия тежайдиган газдан фойдаланиш асбоб ва ускуналарини, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳанинг техник топшириқлари ҳамда дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини, шунингдек, мазкур тизимнинг тўлиқ жорий қилинишини назарда тутувчи режа-жадвални тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳасини киритсин.

 

20. Белгилансинки, энергия ресурслари назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга техник топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда "Ўзстандарт” агентлиги билан электр энергия ва табиий газ назорати ҳамда ҳисобининг ягона автоматлаштирилган тизимига мос келиши ва интеграция қилиниши нуқтаи назаридан келишилиши шарт.

 

21. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК бир ой муддатда маълумотларни қайта ишлаш ягона маркази негизида энергия ресурслари назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимлари фаолияти учун маълумотлар узатиш тизимини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

 

22. "Ўзбекэнерго” АЖ ва "Ўзтрансгаз” АК Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўздавэнергоназорат” ДИ, "Саноатгеоконтехназорат” ДИ, "Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, Бюро, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда шу турдаги ишларни амалга оширишда халқаро тажрибага эга бўлган чет эл пудратчисини жалб этган ҳолда, электр ва газ таъминоти объектларининг техник ҳолатини аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация қилинишини таъминласин ҳамда 2018 йил 1 мартга қадар уларни модернизация қилиш Давлат дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2017 йил 1 октябрга қадар мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунини танқидий қайта кўриб чиқсин ҳамда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

 

24. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Бош прокуратура, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни инобатга олиб, электр энергетикаси ва газ таъминоти соҳасида, заруратга кўра, 2018/2019 ўқув йилида қабул квоталарини кўпайтириш ҳамда янги таълим ва мутахассислик йўналишларини жорий этишни назарда тутган ҳолда, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими кадрларини тайёрлаш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

 

25. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёш авлодда энергия ресурсларига нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўрсин.

 

26. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзбекэнерго” АЖ, "Ўзтрансгаз” АК бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, шу жумладан, тўловларни ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамияти, энергия ресурсларини истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун кўриладиган жавобгарлик чоралари, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

 

27. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бош прокуратура, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

 

энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини;

 

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

28. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида

Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда республикамизда ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлаш ва ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида муносабатларни комплекс тартибга солишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Ер ресурсларини тизимли ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш, давлат кадастрларини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси картография фондини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида ер қонунчилигига риоя этиш юзасидан доимий мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилди ва жорий қилинди, кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш ишлари ташкил этилди, 21 та давлат кадастрларини интеграциялашувини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий геоахборот тизимини ташкил этиш ишлари бошланди.

 

Шу билан бирга, ердан фойдаланиш ҳолатининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ерлардан фойдаланишда мунтазам давлат назоратини таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ер ресурсларини тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олиш ишлари етарли даражада самарали бўлмаяпти.

 

Соҳага юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, илмий тадқиқот ишларини тезкор ва самарали амалга оширишда тармоқнинг моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Амалдаги ходимлар сони, айниқса қуйи поғонада, ер ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш ва уларнинг тўлиқ ҳисобини юритиш имконини бермаяпти.

 

Соҳанинг етакчи хорижий ташкилотлари билан яқин алоқалар ўрнатиш, илғор халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиш ва қўллаш, мутахассисларнинг амалиёт ўташлари ва малакаларини оширишни ташкил этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти.

 

Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ер ресурсларидан мақсадли, оқилона ва самарали фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш юзасидан давлат назоратини ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб ҳисоблансин.

 

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

 

ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография соҳаси фаолияти бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш;

 

ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича тизимли давлат назоратини, давлат геодезия назоратини қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан уни бузганлик учун айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш орқали амалга ошириш;

 

ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

 

давлат ер кадастрини, давлат картография-геодезия кадастрини, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини, ҳудудлар давлат кадастрини, шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш;

 

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

 

учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш, геодезия маълумотлари ва картография материалларидан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш;

 

аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда, картографик мониторингни амалга ошириш;

 

кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини, кўчмас мулк баҳосини бозор қийматида баҳолашга босқичма-босқич ўтиш учун давлат кадастрлари геоахборот тизимларини яратиш ва доимий равишда янгилаб бориш;

 

соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шу жумладан, давлат хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида фуқароларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш;

 

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро грантларни жалб этиш;

 

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари бўйича тизимли равишда кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни таъминлаш.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг:

 

давлат кадастрлари, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланадиган, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини жорий этиш;

 

туманлар (шаҳарлар)нинг ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг филиаллари этиб, қайта ташкил этиш;

 

Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

 

5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларининг асосий манбалари этиб белгилансин:

 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан ерлардан хўжасизларча фойдаланганлиги ёки уларни яроқсиз ҳолга туширганлиги, хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқилганлиги, давлат ер кадастрини юритиш қоидалари бузилганлиги, чегара ва чеклов белгиларининг йўқ қилинганлиги ёки шикастланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ солинадиган жарималарнинг 100 фоизи;

 

фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи;

 

кадастр ҳужжатларини техник хатловдан ўтказиш ва расмийлаштириш бўйича давлат хизматларига белгиланган нархларни 25 фоиз ошириш ҳисобига тушадиган маблағларнинг (солиқлар ҳисоблангандан кейин) 100 фоизи;

 

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

6. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари:

 

ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга;

 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари тизимига қўшимча равишда киритилаётган штат бирликларини сақлашга;

 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тизими органлари ходимларини рағбатлантириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтирилади.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 15 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасини ташкил қилиш тўғрисида”ги ПФ-3502-сон фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб, ҳисоблансин.

 

9. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ...

Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Қайд этилсинки, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

 

Шу билан бирга, тараққиётнинг ҳозирги босқичида бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизими яратилишини тақозо этмоқда.

 

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада фаол жалб этиш ва хусусий бизнесини бошлашга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликларсиз ва қоғозбозликсиз тезкор ҳал этишга хизмат қиладиган бозор инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва янада ривожланишини мувофиқлаштирувчи амалий механизмнинг самарали тизимини яратиш зарур.

 

Шу ўринда, мақоми, фаолият йўналиши ва кўлами, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва соғлом шерикчилик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлар билан бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб ахборот алмашинувининг доимий каналини, аввало вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижаларига эришиш, ўзининг бизнесини ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмак бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг, шунингдек, тадбиркорлик тузилмаларининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тизимини тубдан қайта ислоҳ этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб, қуйидагилар белгилансин:

 

а) тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – тадбиркорлик субъектларини, айниқса ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, республикамиз туманлари ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жумладан:

 

ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда унинг натижаларини тизимли асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиш;

 

тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигининг, аввало маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишнинг амалий механизмини жорий этиш ҳамда уларнинг фаолияти бўйича мустақил баҳолашни тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

 

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари берган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

 

тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторингини амалга ошириш ҳамда улар фаолияти текширувларида Палата аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.

 

б) ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида – тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш, жумладан:

 

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

 

тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳити ҳолатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга кенг жалб қилиш, тадбиркорлик тузилмалари билан биргаликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан, саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этиш орқали ташкил этиш;

 

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

 

республикамиз туманлари (шаҳарлари), вилоятлари кесимида жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ҳамда қонунчиликдаги меъёрлар ва талабларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли органларга уларни яхшилаш бўйича таҳлилий материаллар ва таклифларни тақдим этиш.

 

в) тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш бўйича имкониятлар ва шароитлар яратиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этишда қуйидагилар орқали кўмаклашиш:

 

янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар фаолиятини яратиш ва ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

 

тадбиркорларнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштириши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олишига ёрдам бериш;

 

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда, улар фаолияти бўйича текширувлар ўтказилганида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатиш;

 

молиявий ва товар-хомашё ресурслари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, технологик машиналар ва қурилмалар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатиш;

 

Савдо-саноат палатаси аъзолари ва ҳамкорлари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этиш;

 

инновация тадбиркорлигини жорий этишга, «startup» лойиҳалар, ёшларнинг, аввало олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишга, шунингдек, аҳоли бандлиги ва даромадларининг жадал ўсишини таъминлашга хизмат қиладиган кичик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг турли шаклларини жадал ривожлантиришга фаол кўмаклашиш.

 

г) давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида – давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари – қонунчилик, суд ва ижро этувчи ҳокимиятлар, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлашни мосланувчанлиги ва натижадорлигига хизмат қиладиган самарали ўзаро ҳамкорлик тизимини ва янги иш шаклларини жорий этиш, жумладан:

 

тадбиркорлик субъектлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашиш, "тўғридан-тўғри ва қайта алоқа” тамойили бўйича ўзаро ҳамкорликнинг амалий ва самарали механизмини яратиш;

 

тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, ваколатли органларга кўриб чиқиш учун тақдим этиш, шунингдек, уларнинг ижро этилиши устидан мониторинг олиб бориш ва таҳлил қилиш;

 

вилоятлар марказлари, туманлар ва шаҳарларда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат хизматлари тақдим этувчи хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

 

д) тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида – тадбиркорлик тузилмалари учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими сифатини тубдан ошириш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш доимий курсларини қуйидаги усуллар орқали ташкил этиш:

 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари билан, жумладан, касб-ҳунар коллежлари негизида машғулотлардан бўш вақтларида, ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

 

марказ фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий донорлар ва чет давлатларнинг тадбиркорларни ўқитиш бўйича муқобил марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

 

тадбиркорларга бизнес юритиш асослари, бизнес-режалар тузиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа зарур фанларга ўқитишни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

 

тадбиркорларга ходимларни танлаш ва ўқитишда, уларнинг касб малакасини доимий оширишда кўмаклашиш, ҳудудлар ва тадбиркорлик соҳаларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлашга давлат буюртмаларини шакллантиришда иштирок этиш;

 

таълимни ташкил этиш учун олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, амалиётчи-мутахассислар, юқори натижаларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш.

 

е) ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида – республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашуви, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилишини таъминлаш, миллий брендларни хорижда фаол илгари суриш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, шунингдек, замонавий технологияларни жалб этиш, жумладан:

 

бизнес-форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;

 

тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт турларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ҳуқуқлари ва манфаатларини муҳофаза қилишда ёрдам кўрсатиш;

 

ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектлари, жумладан хорижий инвесторларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

 

мазкур вазифаларни амалга оширишда республикамизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари билан фаол ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси белгиланган аниқ стратегик мақсадлар ва асосий вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминласин, Савдо-саноат палатаси Президиуми мажлисларида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини мунтазам кўриб чиқсин.

 

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг стратегик мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни таъминласин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси муассисларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг қурултойи олий бошқарув органи ҳисобланади ва у ҳар тўрт йилда камида бир марта йиғилади;

 

қурултойлар орасида палатанинг бошқарув органи қурултой делегатлари томонидан сайланадиган 25 кишидан иборат Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми ҳисобланади;

 

палатанинг ижро этувчи органи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитаси ҳисобланиб, у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиумига бевосита ҳисобот беради;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси съездининг делегатлари томонидан сайланади;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми раиси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитаси ишини бошқаради;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимларига Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиуми томонидан тайинланади.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларга ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш масалалари бўйича таклифлар тақдим этиш;

 

эксперт кенгашларини ташкил этиш, шунингдек, ваколатли давлат органларига қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ноаниқликлар ва турлича ёндашувларни бартараф этиш бўйича мажбурий жавоб талаб этиладиган ёзма сўровномаларни тақдим этиш;

 

Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларга бизнес ривожланишига тўсқинлик қилаётган ва чеклаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тақдим этиш;

 

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларнинг муддатлари ва сонини белгилашда, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун бевосита уларнинг фаолияти текширувларида иштирок этиш, шунингдек, текширувларнинг натижаси бўйича қабул қилинган назорат органларининг қарорларига норозилик билдириш;

 

тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низоларни тартибга солишни таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг ваколатли шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни сўраб олиш;

 

жиноий ишлар бўйича амалиётда жамоат ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;

 

давлат органларининг ваколатли шахслари қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар бўйича тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, шикоят аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, жумладан назорат тартибида рад этиш тўғрисидаги хатларни тақдим этиш;

 

давлат активларини хусусийлаштириш, жумладан давлат мулки объектларини "ноль”га тенг харид қиймати бўйича сотиш, шунингдек, давлат органлари ва давлат хизматларининг айрим функцияларини хусусий секторга бериш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар тақдим этиш;

 

ўзининг таркибида белгиланган тартибда таълим муассасаларини ташкил этиш.

 

5. Белгилансинки:

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

 

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилиши зарур;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига мутлақо ёки маълум қисмига қарши бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тасдиқлайдиган қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига ўз хулосаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга;

 

тадбиркорлик фаолияти ривожланишига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тақдим этилган тавсиялар ва мажбурий жавобни талаб қиладиган ёзма мурожаатлар қонунда белгиланган муддатда мажбурий равишда кўриб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида асосланган хулосалар тақдим этилиши лозим;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари мажбурий тартибда давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоатчилик маслаҳат кенгашларининг таркибига киритилади.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида вилоят марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида, туманлар ва шаҳарлардаги бўлимлари билан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида "ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар билан қўшма жойлаштириш тамойили асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилсин.

 

7. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

 

зарур шарт-шароитларни яратиш ва бир жойнинг ўзида кенг кўламли давлат органлари ҳамда бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

 

тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ахборот таъминоти, давлат хизматларидан фойдаланишда (рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва бошқа ҳужжатлар) кўмак бериш;

 

бизнес-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;

 

молиявий, товар-хомашё ва табиий ресурслар, технологик машиналар ва ускуналар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишда кўмаклашиш;

 

солиққа тортилиш, ишчилар ёллаш, статистика, молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бино ва жойларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини "ноль” қийматида харид қилишда маслаҳатлар бериш;

 

халқаро стандартлар ва сертификация тизимини жорий этишда, жумладан ташқи савдо ҳамкорлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйишда, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда ёрдам бериш;

 

тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича бозор инфратузилмаси субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни ташкил этиш.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2017 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда "бевосита ва қайта алоқа” тамойили бўйича амалий ва самарали ўзаро ҳамкорлик механизмини яратиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда таклифларини муҳокама қилиш бўйича махсус портални ташкил этсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил қилиш амалиётига қуйидагилар татбиқ этилсин:

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларининг иқтисодий фаолиятнинг муаммоли масалаларини муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича тадбиркорларнинг таклифларини, шунингдек, янги бизнес-ғоялар ва лойиҳалар амалга оширилишини муҳокама қилиш учун тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари билан ҳамкорликда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг ҳисоботларини, шунингдек, депутатларнинг сайёр қабулларини ташкил этиш;

 

ҳар йили бизнес-ҳамжамият, минтақавий ва халқаро бизнес вакилларининг Иқтисодий форумини ўтказиш, унинг мақсади сифатида бизнес доиралар, илмий ҳамжамият, Ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги мулоқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденцияларини мустақил, холисона таҳлил қилиш асосида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этсин.

 

11. Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни тақдим этсин:

 

мазкур Фармондан келиб чиқиб, қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар;

 

янги таҳрирдаги "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси;

 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш бўйича халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар.

 

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Педагог кадрларини қайта тайёрлаш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАРИНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 24-сон, 312-модда)
Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:
олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг педагогик ва касб даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш;
юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилаш;
олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши;
олий ўқув юртлари педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш ва ундан ўз касб маҳорати, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ошириб бориши учун кенг фойдаланиши.

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
ХУСУСИЙ МУЛК, КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ, УЛАРНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 20-сон, 251-модда)
Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида:
1. Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидагилар инобатга олинсин:
* Илова рус тилидаги матнда берилади.
тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;
хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;

И.Б. Абдуллаевнинг ваколатини муддатидан аввал тугатиш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ АЪЗОСИ И.Б. АБДУЛЛАЕВНИНГ ВАКОЛАТИНИ МУДДАТИДАН АВВАЛ ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 4-сон, 156-модда)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77, 93-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ихтиёр Бахтиёрович Абдуллаевнинг ваколати муддатидан аввал тугатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 30 апрель,
ПФ-4721-сон

Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқаруви тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИДА ЗАМОНАВИЙ КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ УСЛУБЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 17-сон, 204-модда)
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш;

Кексаларни моддий қўллаб-қувватлашни тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
КЕКСАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 16-сон, 195-модда)
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ ҳамда 100 ёшга тўлган ва ундан ошган шахсларга муносиб эътибор қаратиш, шунингдек, пенсионерлар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб- қувватлашни кучайтириш мақсадида:
1. Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб, ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаш белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.