Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – АСОСИЙ МАСАЛА

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – АСОСИЙ МАСАЛА

Аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги иш ўринларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир «Йўл харитаси» Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 июлда имзолаган «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тасдиқланди.

Унга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун 2018 йилда Республика бюджетига қўшимча тушумлар ҳисобига 150 миллиард сўм ажратилади, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилади.

Эндиликда Вилоят ва туман ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилади.

Ҳудудий жамғармаларнинг асосий вазифалари айниқса, қишлоқ жойларида доимий иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш учун республиканинг тижорат банкларида кредит линиялари очиш,

ишчи кучи кўп бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, айниқса, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи корхоналарни ташкил этиш, бунда ҳудудий жамғармаларнинг ташкил этилган корхоналардаги улушини хусусий шерикларга кейинчалик реализация қилиш шарти назарда тутилмоқда.

Ҳудудий жамғармалар даромад қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади, бўшаб қолган маблағлар ҳудудий жамғармаларнинг асосий вазифаларини амалга оширишга йўналтирилади.

Қарорга кўра, биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади.

Бунда микрокредитлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоридан ошмаган ҳажмда ажратилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг тасдиқловчи маълумотлари ва фуқароларнинг аризалари асосида шахсий томорқа хўжаликларида ишловчи фуқароларни банд бўлган шахс сифатида ҳисобга олиш механизми жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ туманларида, бундан аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилади.

Ўйлаймизки, мазкур қарор аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлашга, бунда давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, сифати ва тезкорлигини оширишга хизмат қилади

Нодирбек ТОШЕВ,

ИЖҚК департаментининг Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.