Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқ туман ҳокими- Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2-сонли БУЙРУҒИ

Учқудуқ туман ҳокими- Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2-сонли БУЙРУҒИ

23 май 2019 йил.

Учқудуқ тумани

Учқудуқ тумани ҳудудидаги сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Туманда сўнги йилларда юз берган сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар таҳлилига кўра, чўмилиш учун рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзаларида чўмилишни қатъий таъқиқлаш, мавсум олди ва мавсумий долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу очиқ сув ҳавзаларида чўмилишни тақиқлаш зарурати – туман ҳудудидаги аксарият сув ҳавзаларининг санитария ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги сабабли, одамларни сувда чўкиши билан боғлиқ кўнгилсизликларнинг олдини олиш билан ифодаланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2019 йил 12 январдаги "Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 2018 йилда бажарилган тадбирлар якуни ва 2019 йилдаги вазифалар тўғрисида”ги 1-сонли буйруғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 майдаги "Ўзбекистон Республикаси акваторияларининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164-сонли қарори талаблари ижросини таъминлаш ҳамда Зарафшон шаҳар ҳудудидаги сув ҳавзаларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида,

Б У Ю Р А М А Н:

 

1. Навоий вилояти ҳокими - Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 
2019 йил 18 майдаги "Навоий вилояти ҳудудидаги сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 8-сонли буйруғи раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

 

2. Ёз мавсумида туман аҳолиси томонидан туман ҳудудидаги мавжуд очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, дарё, сой ва каналлардан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда рейдлар ўтказиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Туман ҳокими ўринбосари (А.Негматов)га:

тузилган ишчи гуруҳлари томонидан дарё, канал ва зовурларда чўмилиш белгиланмаган ва қўриқланмайдиган ҳудудларида фуқароларнинг чўмилиш жойларини аниқлаш ва рўйхатини шакиллантириш;

ушбу жойларда аҳоли чўмилишига йўл қўймаслик (тақиқловчи белгилар ўрнатиш, ёзувлар ёзиш, тарғибот, назорат) чораларини кўриш;

туман ишчи гуруҳининг мавсум давомида ойлик йиғилишларини ўтказиб, унда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаш;

оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда тақиқланган ҳудудларда чўмилишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш – тарғибот йўналишдаги чиқишларни амалга ошириш;

дарё, канал ва зовурлар устидан ўтган қувурлардан инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қатновни чеклаш мақсадида панжаралар ўрнатишни назоратга олиш вазифалари юклатилсин.

4. Туман Ички Ишлар бўлими (А.Савуров), Шимолий Кон бошқармаси директори (Ю.Золотарёв), "Маҳаллалар” Кенгаши раиси (И.Рахимов)ларга:

чўмилиш рухсат берилган барча сув ҳавзаларида (шартнома асосида) ғоввос-қутқарувчилар навбатчилигини ташкил этсин;

рухсат этилган сув ҳавзаларида чўмилиш ва сузиш воситаларидан фойдаланишда амал қилиниши лозим бўлган хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

қўриқланмайдиган ва чўмилиш тақиқланган сув ҳавзаларида ишчи гуруҳлар таркибида ҳамкорликда рейдлар ўтказсин;

барча оммавий чўмилиш сув ҳавзаларида одамлар чўмилишни одат қилган қисмларида ва илгари чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар юз берган ҳудудларда, аҳолига аниқ кўринадиган жойларида "Чўмилиш қатъий тақиқланади! – Купание строго запрещается!” тақиқловчи белгиларни ўрнатиб, шу ҳудудларда яқин яшовчи аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб борсин;

5. Шимолий Кон бошқармаси директори (Ю.Золотарёв)га; барча чўмилиш сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилсин;

рухсат берилган чўмилиш ҳавзалари (пляж)да ғоввос-қутқарувчилар навбатчилигини ташкил этишни ташкиллаштириш;

чўмилиш сув ҳавзалари яқинида аҳолига кўринадиган қилиб тақиқловчи ва огоҳлантирувчи ёзувлар ўрнатилиши ташкиллаштирилсин.

6. Туман Тиббиёт бирлашмаси бош врачи (Ф.Ризаев), ДСЭНМ бош врачи (И.Хушвақтов), Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Учқудуқ туман Кенгаши раиси (О.Тилавов) ва туман Қизил Ярим Ой жамияти ижрочи директори (Б.Утепова)га:

Санитария ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган сув ҳавзалари (кўл, канал, дарё, ариқ, бассейн) ҳавзаларида чўмилишни тўхтатиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тақдимномалар киритсин;

чўкканда биринчи ёрдам кўрсатиш, ифлосланган сув ҳавзаларидан келиб чиқиши мумкин бўлган касалликлар бўйича аҳоли орасида кенг қамровли тушунтириш – тарғибот ишлари амалга оширилсин;

рухсат этилган чўмилиш сув ҳавзаларида тиббиёт ходими, дори-дармон ва транспорт воситаси билан жамланган тиббиёт бригадаларини бириктириш масаласини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этиш чораларини кўрсин;

сув ҳавзаларида олинган намуналарни лаборатория таҳлилидан ўтказиш ва санитария муҳофаза зонаси тозалигини таъминлаш ишларини амалга оширсин.

7. Туман Халқ таълими бўлими ва Ўрта махсус касб-ҳунар коллеж директорларига:

ўқув муассасалар ўқувчи, талабалари билан "Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси - саломатлик ва хавфсизлик гарови” мавзусида ёзги таътил олдидан рухсат этилмаган жойларда чўмилмаслик тўғрисида диктантлар олинсин.

8. Шимолий Кон бошқармаси директори (Ю.Золотарёв) ва "Учқудуқ газетаси” муҳаррири (Р.Қодирова)га:

масъул хизматлар ҳамкорлигида сув ҳавзаларида чўмилиш қоидалари ва рухсат этилмаган жойларда чўмилишнинг салбий оқибатларига доир мақолалар тайёрлаб мунтазам ёритиб борсин.

9. Туман хокими ўринбосари (А.Негматов) га корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни умумлаштириб, туман ҳокимига ва вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига тақдим этиб борсин.

10. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилишни туман ҳокими ўринбосари А.Негматов зиммасига юклатилсин.

С.Хамроев, туман ҳокими

Фуқаро муҳофазаси бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: