Print this page

УЧҚУДУҚ ШАРОИТИДА ГУЛ ПАРВАРИШИДАН ДАРОМАД ТОПАЁТГАН ОИЛА

 

     “Дўстлик” маҳалласида яшовчи  Анвар Қурбонов гулларнинг энг ноёб турлари – “Алёндра”, “Хитой атиргули”, “Ҳиндистон пиёзи, “Узумгул”, “Қора шаҳзода” каби 500 туп гулни Учқудуқ иқлимига мослаштириб тувакларда парваришламоқда.

     Гуллар инсон кайфиятини кўтаради, эзгу ва гўзал ҳис-туйғуларга ошно этади. Айниқса, хона гуллари хонадон кўрки бўлиш билан бирга саломатлик учун ҳам кони фойда.

    Асли касби чилангар бўлган Анвар Қурбонов Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида, турмуш ўртоғи Нигора Юнусова 7-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.  Хонадон томорқасининг 0,3 сотих майдонида ташкил этган иссиқхонада 100 дан ортиқ турдаги гул парваришланади.

    Вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев, туман ҳокими Соли Хамроев бу хонадонда бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди. Учқудуқ шароитида гул парваришлаб, кўпайтириб, ўстириб яна даромад олаётган оила аъзолари билан суҳбатлашди. Маҳалла ҳоким ёрдамчисига гулчиликка қизиққан маҳалла аҳолиси айниқса ёшларни “Устоз-шогирд” йўналишида ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. 

   -Гулчиликка қизиқишим ёшлигимдан баланд, - дейди Анвар Қурбонов. – Бу меҳнат қалбни ёшартиради, кишига ҳузур беради. Гуллар яхшигина даромад манбаи ҳамдир. Ким-ки, Учқудуқ шароитида экин экиб кўкартириб бўлмайди деган фикрда бўлса, уйимга келсин, мўъжаз ҳовлида нималар қилиш мумкинлигини кўрсин.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

O'qilgan: 220 bora