Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқ газетаси хабар қилади: Асли шундай яралган бағри қайноқ Қизилқум

Учқудуқ газетаси хабар қилади: Асли шундай яралган бағри қайноқ Қизилқум


 

Қизилқум қўйнида тонг ёришди. Найза бўйи кўтарилган қуёш заминни нурга беламоқ ишқида ёнди. Унинг шуъласи борлиққа битталаб, сараланган каби таралаётган эди. Саҳро икки оламни ёдга солади. Тонг ҳарир чимматини кўтариб, қуёш чирой очар маҳал борлиқ сеҳрли, мафтункор бўлади. Бирдан оламни "жусан”нинг хушбўйи тутиб кетади. Уни оромбахш насим димоқларга саховат-ла пуркайди. Шу дам салқин ҳаводан тўйиб нафас ола бошлайсан. Қуёш юқорилагани сайин борлиқ ҳансираб, сукутга толади. Жазирамада саксовулларнинг жисми оловга айланади. Бағри қайноқ, қалби қайноқ Қизилқумнинг азалий, ёзилмаган шундай бир қонуни борки, - ким ёки нима кучли бўлса, ўша ғолиб келади.

...Қишдаги жуфтлашувдан сўнг урғочи бўри ҳомиласини олтмиш тўрт кун олиб юрди. Қантар ойида ўзини яна ҳам эҳтиётлаб қолди, пана жой излаб, болалашга ҳозирлик кўра бошлади. Кимсасиз чўл ичра бу ерни маъқул топиб, ўзи ва туғилажак болаларига ин қазиди. Шу инида болалади. Тўрт боласи эмавериб, силласини қуритиб юборди. Улар бир ярим ойлик бўлганида луқма чайнашни ўргатди. Кейин изғиб юриб, бир "жусан” олдига келиб тўхтади. Шамол ёқимли бир ҳидни димоғига урди. У искаланиб ҳид қаёқдан келаётганини билди. Қараса, янги туғилган қумқуён полапонлари бўлиб, ҳали кўзи очилмаган. Бир-бирининг пинжига суқилганича "дир-дир” қалтирайди...

Бўри бир йўла 5 та қумқуён боласини еган бўлса-да, ҳали қорни тўймаганини ҳис этди. Лекин у ўз болаларининг ҳоли не кечганидан бехабар эди.

Орадан роппа-роса 12 ой ўтиб, урғочи қорачаён 11 та болалади. Деярли, ўн икки кун бирини қўйиб, бирини суйиб, болаларини устида олиб юрди. Сўнг улар ҳар томонга тарқалиб кетди. Ҳозиргина она чаён нишини юнглари момиқ, ҳали оғзига қон тегмаган беозор бўриваччаларнинг бирига суққан эди. У шу заҳарли игнаси билан ўлжасини фалаж қилди. Кучли оғриқдан бўривачча типирчилай-типирчилай тинчиб қолди. Она бўри болалари ёнига қайтган пайт чаён ғалаба нашидасини бафуржа суриш илинжида қум қатига кириб, ғойиб бўлган эди. Она бўри талваса ичида талаша-талаша жон таслим қилган боласини индан судраб, ташқарига олиб чиқди. Қайтиб келгач, деярли ярим ҳазм қилинган ошқозонида "пишган” қумқуён гўштини ўқчиб қусиб, болаларини озиқлантирди. Энди бир оз тинчиб, ором олаётган болаларини қўйиб, далли хаёли уни ер қучоқлаб ётган боласи томон етаклади. Ахир у тинчлана олармиди?! Ваҳший, йиртқич вужуди тўлғонди. Боласини судраб, тўп-тўп бўлиб ўсган саксовуллар орасига ташлаб келди...

Иттифоқо, егулик инига қуруқ қайтган она қумқуённинг хонумони куйди. У "қиюв-қиюв” деган овоз чиқариб, тўзғиб қолди. Аттанг, орзу-ҳавас билан беш болани дунёга келтирган эди-я... Қумқуён, яна уни "қумтовушқон” дейишади, хуллас, бу жонивор йилда икки-уч болалайди. Бу гал у анча тажриба орттирган эмасми, наслини алоҳида тайёргарлик кўриб, қуриган "жусан” ўти тўшалган инда дунёга келтирган эди. Катта-катта узун қулоқларини динг қилган кўйи, маржондек юмалоқ кўзлари билан атрофга мўлтираб боқди. Қумранг тусли мўйнасини шамол бир маромда овунтирган мисол силаб елмоқда эди. У болалари ётган жойни дилхун бир тарзда ҳидлаб чиқди. Кейин ғаним оралаган бу бехосият инни тарк этди. Энди у ўзи учун хотиржам жой танлаши керак. Саҳрода изғий-изғий гармселда бир маромда чайқалаётган саксовулзор маконини қора тортди. Боранбай овули яқинидаги саксовуллар ичида ўра ковлаб, ўзига ётаржой ҳозирлади...

Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: