Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқ газетаси хабар қилади: ОНАМ ҲАҚИДА АЙТИЛМАГАН СЎЗ!

Учқудуқ газетаси хабар қилади: ОНАМ ҲАҚИДА АЙТИЛМАГАН СЎЗ!


Йигирма еттинчи сентябрь.

Болалигим ўтган ҳовлида мотам, мен эса узоқ-узоқлардаман. Лекин, юрагим негадир ғаш. Иш, тирикчилик ташвишлари билан ниҳоятда бандман-у, юрагим ғашлигини ўйлашга фурсат йўқ менда.

...Семинар-тренингда иштирок этяпман. Менга: "Айнан шу дақиқаларда нимани ўйлаяпсиз?” деган савол билан мурожаат бўлди. Жавоб қайтараман: "Онамни!”.

Ва, ниҳоят меҳрибон ва мушфиқ онажоним кўз ўнгимда гавдаланади. Онамни жуда соғинибман! Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб бориб бағрингизга бош қўйсам. Фарзандингизга бўлган оналик муҳаббати тафтидан эриб, бағрингизга сингиб кетсам...

Йигирма еттинчи сентябрь. Кузнинг рангларини сарғайтган бу кун, менинг сочларимни оқартган бу кун. Менинг қалбим ўтинди бу кеч, менинг бағрим тилинди бу кеч.

Йигирма еттинчи сентябрь. Илтижоларимни, ўтинчларимни тангрим даргоҳида қабул қилмаган кун...

Охирги марта уйга борганимда худди юрагим бир кўнгилсизликни сезгандай сиз билан хайрлаша туриб, кўча бошидан қайтиб келдим. Қайтадан хайрлашдим. Юзимдан ўпиб, қўлингизни силкиб қолдингиз. Меҳрибон волидамнинг иссиқ нафасини сўнгги бор ҳис қилаётганимни мен ўшанда билмабман, ахир. Бугун эса гоҳ қувончли, гоҳ ташвишли кунларимда ҳам сизни эсга оламан.

...Бир неча йиллар олдин қизим бетоб бўлиб касалхонада даволанди. Кўп йиғлаши мумкин эмас, шунинг учун ёнидан кетгим келмайди. Қизимнинг ёнида бўлганимда, уйда қолган ҳали эмизикли ўғлимни ўйлайман, уйга бирров борсам касалхонада қолган қизимдан хавотирланаман.

Онани табиат яратмасин экан-а, ана шундай қийин дамларда сизнинг муштдеккина юрагингизни олти бўлакка бўлиб яшаганингизни ҳис этдим. Ҳар биримизнинг ташвишу қувончларимиз боис, юрагингиз пора-пора бўлиб яшаганингизни тушундим.

Онажон! Бугун менинг ҳам жоним ўзимда эмас. Уч нафар полапонимда. Ахир, улар кулса куламан, йиғласа йиғлайман, оғриса оғрийман. Оламим шулар билан тўлин, бахтим шулар билан бутун.

Оналик меҳр-муҳаббати, жонсараклик зоҳир этиб турган нурли юзингиздаги қат-қат чизиқлар, биз фарзандлар "ширин” ташвишларининг ҳосиласи эмас-ми?

Сиз эмасми онажон! Оила устуни бўлган отамнинг ўрнини биз болаларга билдирмай, кўзланган мақсад сари дадил интилган. Сиз эмасми онажон! Отамдан кейин учовимиз ҳам олий маълумотли дипломни қўлга олиб, қучоғингизга талпинганда қувончдан кўзларингиз намланган. Сиз эмасми онажон! Акамлар уйланиб, келинчак ёр-ёр садолари остида остонага қадам босганида ҳам қувончдан ҳам армондан узоқ-узоқ йиғлаган. Афсуски, бу дақиқаларни ортга қайтариб бўлмайди...

Ҳа, ота-она тириклиги биз фарзандлар учун катта бахт экан буни сира унутмайлик азиз фарзандлар!

Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: