Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Йўлчи юлдуз

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Йўлчи юлдуз

Ҳар гал уйга борганимда онам лотин алифбосини ҳижжалаб ўрганаётган бўладилар. Нафақат ўзлари, балки олти ёшли набираларига ҳам лотин алифбосини ўз билганларича ўргатадилар. Ўқишларига бироз ёрдамлашгач: "ўрисча ҳарфда ўқий қолинг”, дейман ўзимга хос бетоқатлик билан.

- Йўқ, йўқ болам,-дейди шу заҳоти онажоним шошиб, ўқиганнинг савоби бошқача бўлади, аслида. Умрим борича, вақтим етганича ҳижжалаб тураверай-чи, ёшлигимда ўқиб билим ололмадим, - дейдилар бироз хомушлик билан.

- Ололмасдингиз ҳам, - дейман дилимда кечаётган ўй-фикрларимни тилимга чиқармай.

Аввал бошда етимлик. Кейинига олти боланинг ташвишлари ва иш билан бўлиб, юрагингиз тубидаги армонларни рўёбга чиқаришга сизда вақт-имкон йўқ эди, албатта. Бир сўз билан айтганда, оёғингиз олти, қўлингиз етти, сочингиз супурги эди, менинг меҳрибонимнинг.

Ҳа, уйдаги бека аталмишга хос ташвишларингиз бир эдию, "иш” ҳаммасидан ошиб тушарди. Эрта тонгдан то шом қоронғусигача асосан қўлда бажариладиган сут-товар фермасидаги ишлар вақтингизни олиб қўярди. Ҳатто, якшанба кунлари ҳам дам олмасдан "режа-топшириқ”ни ортиғи билан уддалай, деган фидоийлик билан тинмай меҳнат қилардингиз.

Оҳ, биз болалар! Энг кичиги мен. Сизнинг ишдан келишингизни интизорлик билан кутардим. Дам олиш кунларида ҳам "иш” мендан тортиб олган онажонимнинг, сигир ҳидлари уннаб қолган бағридан ҳечам тушгим келмасди.

Яна эрта тонгдан бошлаб ишга отланасиз. Кўзларимда ёш ғилтиллаганча, кўрпа ичидан чиқмай сизни кузатаман. Юрагим тубида: "Эрталаб онам юзларимдан ўпиб, уйғотсалар. Иссиқ чой ичириб, мактабга кузатсалар”, деган орзу бош кўтаради. Ана, мен томонга қараб келаяпсиз. Кўзларимни қаттиқ юмиб, ўзимни ухлаётганга соламан. Пешонамдан ҳидлаб, кўрпамни тўғирлаб қўясиз...

"Катта мажлис”ларда, "катта киши”лар сизни минбарга таклиф этишади, кўксингизни яна бир медаль безайди. Орден ва медаллар шодаси кўпайгани сари, биз болаларга аталган вақтингиз қисқариб бораверади. Лекин, фарзандларингизга бўлган меҳру-муҳаббатингизни қалбдан туйиб, юракдан ҳис этиб улғайдик.

Сизнинг оналик муҳаббатингизни зоҳир этиб турган юз-кўзингиз, меҳр тўла қалбингиз, фидоийликка йўғрилган ҳаёт йўлингиз ҳамиша мен учун ибрат мактаби бўлган.

Ана шу меҳрдан, ана шу муҳаббат тафтидан бугун уч нафар фарзандим икки нафар набирам ҳам исинмоқда, илинмоқда, улғаймоқда!

Ахир, менинг йўлчи юлдузимсиз, онажон!!!

Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: