Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Истиқлол ҳақида суҳбатлар 1.ВАТАН-ОНА

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Истиқлол ҳақида суҳбатлар 1.ВАТАН-ОНА


 

Ҳанузгача кўз олдимда ушбу манзаралар муҳрланиб қолган. Катта синф хонаси. Деворларнинг лойсувоғи кўчиб кетган. Хонанинг бир бурчагида катта қора печка. Биз болалар синф хонасининг совуқлигидан қора печка ёнига тиқиламиз, бир-биримизни итаришиб печка ёнига суқиламиз. Саҳифалари тўлган дафтарларимизни йиртиб ўзимизча печкани ёққан бўламиз. Қоғоз буюмлари "лов” этиб ёнади-ю, яна ўчиб қолади. Олов ловуллаб ёнган пайтда исинмоқ учун қўлимизни "куҳ-куҳ”лаб сабоқ ёзмоққа киришамиз...

Яна бир манзара. Ҳовлимиз этагигача пахтазор ғўзанинг узунлигидан бўйим кўринмайди. Аввалига акамларга пахта теримида ёрдамлашаман. 4-синфдан бошлаб эса бизларни ҳам ўқишдан бутунлай пахта теримига бўшатишади. Декабрь ойи тугаб "Арча байрами” куни мактабга борамиз. Жўр бўлиб арча атрофида қўшиқ айтамиз...

Яна бир манзара. Онам тонг қоронғусида сут-товар фермасига ишга оталанади. Эсимни таниб танимасимданоқ, онамнинг қийналиб қолишини истамай ёрдамга отланаман. Билмадим, ўшанда нечанчи синфда ўқийман?. (Балки 1-синфдадир.) Тонг қоронғусида уйқусирамасдан чаққон кийиниб онамга эргашаман. Туннинг алламаҳалида қор она, қор бола бўлиб уйга қайтамиз.

Ҳа, онажоним пойтахтда таълим олаётган фарзандлари учун ўзини аямасдан ишлайди. Мен эса мурғақ қалбим билан ана шу фидоийликни ҳис қиламан. Ўша пайтларда улуғ партия олдига қўйган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалаганлиги учун онажонимга катта мажлисларда катта раҳбарлар "раҳмат” айтишади. Минбарга таклиф қилишади. Онам эса ана шундай фидоийликларининг меваси бўлмиш соғлиқларини бой бераётганликларини ўзлари ҳам пайқамайдилар. Энг ачинарлиси, биз болалар онамнинг ёнидан бўла туриб соғиниб-соғиниб улғаяверибмиз...

Яна бир манзара. 1991 йил 31 август куни телевизордан давлатимиз раҳбари ватанимизни мустақил деб эълон қилдилар. Шу куни онам узоқ йиғладилар.

Мен эса "мустақиллик”, деган сўзнинг мазмун-моҳиятини тўла англаб етолмай ҳайронман. Негаки, менинг онгу-шуурим КПСС тарихи билимлари билан тўлиб тошганди. Ахир ўшанда мен Тошкент Давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет)нинг учинчи курсида таълим олардим...

Ҳар куни тунда онам дили тубидаги оғриқларни сандал атрофида ўтириб, қуйидагича ҳикоя қилардилар. Онамнинг ҳаёти худди кино тасмасидек, бирма-бир кўз олдимдан ўтаверарди.

...Ярим тунда келган 3 киши отамни олиб кетдилар. Мен 5 ёшда, опам эса 12 ёшда эдик. Опам мени қучоқлаганларича йиғлаб қолавердик. Эртасига бизни қариндошларимиз уйларига олиб кетишди. Орадан икки ой ўтиб отамни кўриш учун касалхонага бордик. Йўлда бир марта аравадан қулаб ҳам тушдим. Куннинг совуқлигидан қорнинг қалинлигидан музлаб қолишимга озгина қолган-ди, ўшанда. Отамни қайтиб кўрмадим...

Мен бугунги тонгда айбининг нимада эканлигини билмасдан вафот этган бобомни ёдга оламан, "Социалистик мусобақаси ғолиби” бўлиш учун соғлигини бой берган онамни эсга оламан. Эслайман-у, чуқур ўйга, мушоҳадага ботаман. Бугунги ёшларимизга чин маънода ҳавасим келади. Улар учун ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этишга имкониятлар эшиги очиқ. Улардан сўраладигани чуқур билим олиб, илм чўққиларини забт этишдан иборат.

Ватан- бу Она!

Онани севгандек, Ватанни севсак, она каби Ватан ҳам ўз фарзандларига бағрини кенг очади. Мен эса марҳум онам ва отамга бўлган садоқатимни, улар олдидаги фарзандлик бурчимни, меҳрибонларимнинг фарзандлари камоли учун қилган фидоийликларини Ватан истиқболи йўлида меҳнат қилиш билан намоён этаман.

Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: