Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: СОҒИНЧНИ СОҒИНИБ...

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: СОҒИНЧНИ СОҒИНИБ...

…Қадрдон дарвозамиз олдида кичкина супача бўларди. Онам акамнинг келишини ўша ерда ўтириб кутарди.

Кўчадан ўтган – қайтган йўловчилар, қўни-қўшнилар билан ҳангомалашиб кўнгил чигилини ёзар, «Болагинамнинг вақти йўқ-да, уззу-кун ишда» дея ўзини ўзи овутган бўларди…

Орадан ойлар, йиллар ўтди. Ўзим ҳам она бўлдим. Ҳар сафар онам зиёратига борганимда: «Оналар фарзандларини меҳр бешигига белайдилар. Фарзандлар катта бўлгач ота-оналарини сабр бешигига белар экан-да?» дейсиз. «Қаерда бўлмасин, ўз кунларига соғ-саломат бўлишсин» дея менга юзланасиз. Турмушим тинчлиги, болаларим соғлиги ҳақида сўрайсиз.

…Ҳовлимизни райҳон, намозшомгуллар ифори тутган. Онам гулларга ўзгача меҳр бериб парваришлайди. Қўни-қўшни, қишлоқдошлардан ҳам ширин сўзи, меҳр-муҳаббатини қизғонмаган онам, биз олти нафар ўғил-қизни койиганини ҳеч эслолмайман. Эрта тонгдан шом қороғусигача қўллари ишдан бўшамас, туннинг алламаҳалигача урчуқда ип йигирип, шоли «олача» тўқиб, кигиз босарди.

…Ўшанда кузакнинг илк кунлари эди. Энди аввалгидек қадрдон супачага чиқиб ўтиролмайсиз. Хастасиз. Кўча дарвозасини очиқ қолдиришни сўрайсиз. Шундоққина уйимиз олдидаги тор кўчадан ўтган-қайтган машиналарга термуласиз. Биламан, ҳар сафаргидек акамни кутяпсиз. «Акангни машинаси-ми?» дейсиз, келишидан умидвор бўлиб. Шу чоқда акам дарвозамизга бурилмай, кўча бошига ўтиб кетадилар, машинаси изидан кўтарилган чанг ҳавода муаллақ қолади. Ахир, қишлоқнинг тепасида қайнонаси яшайди-да!?

Биласиз. Акамнинг машинаси эканлигини аниқ биласиз. Шундай бўлса-да, «Болагинамнинг машинасига ўхшаркан» дейсиз ўзингизни-ўзингиз овутиб.

Эҳ, мен нодон? Сизга далда бўлиш ўрнига, баттар юрагингизни оғритаман. «Ўзингиз талабчан, қаттиққўл эмассиз!» деб ёзғираман.

Ниҳоят, акам қишлоқ теппасидан қайтадилар. Баъзида икки кўзи илҳақ бўлиб кутиб ўтирган онам билан дийдорлашишни кейинги сафарга қолдириб ўтиб кетсалар, баъзида машинани дарвозамизга қараб бурардилар.

Оҳ, ана шунда онам қувончини бир кўрсангиз эди. Ўзи емай сандиқ тубида сақлаган майизу новвотлар, ҳолваю қанд-қуруслар токчадан тушиб акам учун ёзилган дастурхонга кўрк бағишлайди. Йўқ-йўқ, гап ахир таомда эмас-ку!? Лекин онам асраб қўйган ўрик қоқию майиз, новвотларда қуёш янглиғ меҳр борлигини наҳотки, акам сезмаган бўлса?!

… Ўшанда акам ва унинг хотини бемеҳрлигидан куйиниб, «Ота-она болам қачон катта бўларкин» деб кутаркан. Улар эса «Ота-онам қачон…» деб кун санаркан, деганингизда титраб кетгандим. Энди ўйлаб қарасам, соғинчга сазовор бўлишнинг ўзи бахт экан!

Бугун эса … Онам акамни интиқ кутадиган ўша қадрдон супача бўм-бўш.

Кўзимиз нури, қалбимиз қўри, ҳаётимиз гули бўлган азиз фарзандлар! Соғинчларда сарғаймасин соғинчлар!

Райҳон ҚОДИРОВА,

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: