Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИЧКИЛИКБОЗЛИК – ИЛЛАТ!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИЧКИЛИКБОЗЛИК – ИЛЛАТ!

Ичкиликбозлик – бу тез-тез ва кўп миқдорда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш туфайли пайдо бўладиган, унга кучли иштиёқ билан кечадиган, сурункали хасталик ҳисобланади.

Ичкиликбозлик ривожланишидаги психологик омилларни кишининг алкоголь берадиган хушкайфият, қувноқлик ҳолати, енгил тортиш, "ҳаётдаги қийинчиликлардан қочиш” га интилишлар ташкил этади. Биологик омиллар деганда ирсий мойиллик, модда алмашинувининг бузилишлари, хусусан В ва С витаминлар баланси, қонда хлор ва натрийнинг ўзаро нисбати бузилиши, адреналин билан адренохром ўртасидаги мувозанат бузилиши тушунилади.

Сурункали ичкиликбозлик соматик касалликларни келтириб чиқариши натижасида, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига кўра, ичкиликбозлик натижасида вужудга келган касалликларнинг ўлим кўрсаткичи бўйича, юрак қон-томир касаллиги ва ўсма касалликларидан кейинги ўринда турар экан. АҚШнинг статистик кўрсаткичлари бўйича, сурункали ичувчиларнинг спиртли ичимлик ичмайдиганларга нисбатан ўртача ўлим кўрсаткичлари икки баробарга юқори экан. Бу эса инсон умрини 17-18 йилга қисқартиради.

Ичкиликбозликнинг миллат генофондига таъсири юқори. Чунки, туғиладиган чақалоқлар, руҳий ва жисмоний заиф бўлиб дунёга келади. Ушбу зарарли иллат натижасида инсон соғлигидан айрилади ва иш фаолияти пасаяди. Шунингдек, оилада ўзаро келишмовчиликлар ва оила бузилиши вужудга келади. Шахснинг инсоний фазилатлари йўқолиб, бу кимса меҳнат қилмай ҳаёт кечириш тарзига ўтади. Бу йўлга кирганларни даволаш ва реабилитация қилиш қанчадан-қанча маблағни талаб этади. Мунтазам тарзда спиртли ичимликни истеъмол қилиш оилага ва жамиятга катта салбий таъсир қилади.

Узоқ ва кўп миқдорда, алкоголни истеъмол қилиш, миянинг иш фаолиятини пасайтиради. Марказий асаб тизимида салбий ўзгаришлар келтириб чиқаради, буларга фикрлаш, хотира, сезги ва ҳоказоларнинг бузилиши киради. Яъни, биринчи ўринда марказий асаб тизимининг юқори бўлими заҳарланади. Бундай ҳолатда ташқаридан келадиган турли руҳий таъсирларга чидамсиз ва турли шароит ўзгаришларига мослашишлар қийинроқ бўлади. Ички аъзолардан меъда-ичак тизими зарарланади. Меъдада ҳазм қилиш функцияси бузилади. Алкоголь меъда шиллиқ қаватини яллиғлайди. Беморларда сурункали гастрит, кейинчалик ошқозон ва 12 бармоқ ичак яра касалини келтириб чиқаради.

Спиртга асосан жигар жуда сезгир бўлади. Жигардаги модда алмашинувида фаол иштирок этувчи ҳужайралар атрофияга учраб, унинг ўрнини бириктирувчи ва ёғ тўқималари эгаллайди. Жигар яллиғланиб, жигар циррози вужудга келади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жигар циррозидан 2050 та ўлим ҳолатидан 81 фоизини алкоголни истеъмол қилувчилар ташкил этган. Ушбу хасталик туфайли юрак қон-томир тизимида ҳам ўзгаришлар кечади. Юракнинг мушак толаларида алкоголь таъсиридан ёғ тўқималари вужудга келиб, мушаклар бўшашиб, ўз иш фаолиятини бажара олмай қолади. Бу эса вақтидан аввал, атеросклероз ва хафақон касаллигига олиб келади.

Айниқса, аёлларнинг спиртли ичкиликка ружу қўйиши, ҳозирги кунда жиддий муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Уларнинг ичкиликбозлик касалига чалиниши эркаклардан фарқли ўлароқ спиртли ичимликка мойиллиги тезроқ содир бўлади. Яъни, эркакларда касаллик ривожланиши 7-10 йилни ўз ичига олса аёлларда эса 5 йил кифоя. Ичкиликнинг организмга ножўя таъсири аёлларда эркакларга нисбатан анча эртароқ кечади. Ичкиликка ружу қўйган аёлларнинг хулқи, ҳаёт тарзи ёмон тарафга ўзгаради. Натижада турли жинсий касалликлар келиб чиқади. Уларнинг характери ўзгариб жаҳлдор, асабий, фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қоладилар.

Аёлларда хумор синдроми эркакларга нисбатан, юмшоқроқ ўтади. Ичкиликбозликка чалинган аёлларнинг эркакларга нисбатан аввалги ҳаёт тарзларига қайтариш анча мушкул ва у кўп вақтни ўз ичига олади. Аёлларга бу касалликни тарк этишда шифокорлар ва яқинларидан жуда катта эътибор ва чидам талаб қилинади.

Ҳа, ичкиликбозликка муккасидан кетган инсонларни учратганимизда уларда инсоний қиёфанинг йўқолганини кўрамиз. Бироқ, улар бу билан фақат ўзларини балки келажак авлодини ҳам хавфга қўяётганини англамайди. Тиббиёт ҳам сурункали спиртли ичимлик ичган шахсдан соғлом фарзандлар туғилмаслигини бот-бот такрорлайди.

Мухтасар айтганда, жамиятнинг жон томирига болта урадиган, оилаларнинг пароканда бўлишига, насл бузилишига, келажак авлоднинг ҳаёти зулматда қолишига сабабчи бўлаётган иллат – ичкиликбозликдан сақланинг!

Эркин НОРМУРОДОВ Шимолий кон бошқармаси  № 2 – ТСҚ бош врачи.

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: