Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

ХАЗОН БЎЛГАН НИҲОЛ

Бугун қуёшга ҳар галгидек ботиш насиб этмади. Негаки, куни бўйи тарқамаган булут қуёш ботарда анча сийраклашган бўлса ҳам унинг нурларини яширишга кучи етди.

Қиш қишлигини қилиб озгина қор ёғиб берган, энди шу қорнинг изғирини юзни чимчилайди. Лекин жондан ўтказувчи шу совуқ ҳам одамларни қўрқитолмайди. Кимдир тирикчилик юзасидан қайгадир шошар, кимдир ишдан, яна кимдир ўқишдан қайтар эди.

Фақат дарахтлар жим. Сокин уйқуга кетишган. Шундай бўлса-да, улар инсонларни кузатиб тургандай, назаримда. Аммо йўлакдан неварасининг қўлидан ушлаган ҳолда кетаётган кексароқ одамга инсонлар қатори улар ҳам бепарво. Ё пайқашмади, ё кўришни исташмаяпти. Енгил кийинган, совуқдан елкасини беозоргина қисиб олган гўдак бобосининг юзига ҳайрат ва қизиқиш билан қараб қўярди. Жажжи юракнинг бобосига раҳми келаётганлиги юзидан маълум.

Бир пайтлари катта мансаб эгаси бўлган бу инсон айни пайтда чумолидан ҳам ожизроқ эди. Ҳа, ҳаёт шунақа. Кимдир бугун шоҳ бўлса, эртага гадо. Ё бўлмаса, акси!.

Айниқса, катта мансаб эгаси бўлиб, бирдан ҳаммасидан маҳрум бўлиш қанчалар оғир. Миясида ўша мансабдор вақтлари, ўша пайтлардаги имкониятлар ҳар лаҳзада чарх уриб айналаётганда, бу хаёллардан қочиш учун нималар қилмайди киши. Балки бу инсон ҳам шунинг учун ичгандир?!

-Бобо, тезроқ юрсайиз-чи!

Гўдакнинг совуқдан қизарган юзларида норозилик акс этди...

Бобонинг невара билан иши йўқ. Унинг борлигини билмайди чамаси. Ўзича кимларнидир сўкиб, гоҳ тўхтаб, гоҳ юриб келаётган бобонинг оёқлари чалкашиб йўлак четига йиқилди. Шу кўйи анча ётди. Кейин қўлларига таяниб турмоқчи бўлди, лекин эплай олмади. Гўдак кўзида ёш айланган ҳолда бобосининг қўлидан тортиб турғизмоқчи бўлди, лекин кучи етмасди. Охир-оқибат болакай ҳам бобосининг ёнига чўкди.

Имкон қидириб атрофга жавдираган мунчоқ кўзларидан ёш шашқатор бўлиб оқаверди, оқаверди. Анча қорунғу тушиб қолгани учун кўчада одамлар сийраклашган. Онда-сонда ўтиб қолгани ҳам бу ҳолатга бепарво.

Кузатиб турган экан-ми, чидаб туролмади чамаси йўл четидаги уйдан чопиб чиққан аёл гўдакни уйига олиб кетмоқчи бўлди. Аёл қанча ҳарақат қилмасин, болакай унамади. Ҳатто йиғлаган кўйи, бобосини қизғангандек, аёлга ёвқараш қилиб қўйди.

Қоннинг қудрати қанчалар кучли! Совуқ жонидан ўтказиб турганда ҳам бобосини ташлаб кетолмади-я. Айрим катта юракларда озгина ҳам меҳр йўғ-у, жажжи юракка бунча меҳр қандай сиғди экан-а?! Шу аёзли тунда, зим-зимистон кўчада невара ва бобо ёлғиз қолди.

...Бугун тонг ҳам ҳар галгидек отмади. Унинг сукунатини уй ёнига келиб тўхтаган "03”нинг ваҳимали сигнали бузди.

Шифохона... Илоҳий бир фурсатни кутганидек, шифохона эшиги олдида кўзда ёш билан жавдираб имкон излаётган она ҳам, "ҳаммаси ўтиб кетади” дегандек онанинг елкасига қўлини қўйиб, уни овутаётган ота ҳам қишнинг изғиринига дош беролмаган ниҳолнинг хазон бўлганини билишмасди... Билишмасди, шўрликлар!

Қуёш эса тундаги воқеадан бехабар аста ётоғидан бош кўтариб, одамларга нур улашарди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: