Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

ОНА ВАСИЯТИ

Инсон она сабаб ёруғ дунё юзини кўради, бу азалий ҳақиқат. Тўққиз ой кўкси тагида ардоқлаб, ўзини ўйламай, жигарпорасининг ўн икки мучаси соғлом туғилишини ўйлаб минг бор титраган ким? ОНА! Чақалоғи тетапоя қилганда жаҳонга сиғмай, у билан қадам-бақадам ташлаб суюна юрган ким? ОНА! Энг қувончли ёки ташвишли дамларда кимга суянамиз, албатта ОНАга!

Беваликнинг оғир юкини ортмоқлаган она бир ўғил ва бир қизни оқ ювиб, оқ тараб жон фидолик билан улғайтирди. Энди буёғига фарзандлар орзу-ҳавасини кўраман, деганда мунису мушфиқ она бандаликни бажо келтириш куни аниқлигини юракдан ҳис этди. Кўзининг оқу қораси, ҳаётининг нури бўлган ўғлини ёнига ўтқазиб, шундай васият қилди: «Ўғлим биласан, опангнинг сендан бўлак ҳеч кими йўқ. Мендан кейин опангни ёлғизлатиб қўйма, унга тоғдек суянчиқ бўл».

Опа-ука онаизорини йиғлаб-йиғлаб сўнгги манзилга кузатди. Волидасининг сўнгги васиятига амал қилиб, аввалига опа ҳолидан тез-тез хабар олиб турди. Бу орада опасининг эри ҳам хасталаниб ҳаётдан эрта кўз юмди. Ҳаётидаги бундай ғам-андуҳни кўтаролмай опанинг қадди букилди. Оҳлари оламни тутди.

…Тўрт нафар ёш бола билан чирқираб қолган опанинг ука уйига ташрифидан келин оғринди. Унинг очиқчасига қилган қовоқ-тумшуғидан опанинг кўзи ёшли, дили аламли бўлди, бу кўнгилсизликларнинг адоғи йўқдек туюлар эди.

Опа учун қаддини буккан йўқотишлар баробарида укаси дийдоридан мосуво бўлишлик ҳам бор эди, афсус. Тўрт нафар боласини тишида тишлаб оёққа қўйди. Тўю, томошалар билан ўғил уйлантириб қиз узатди.

Ана шундай қувончли кунларда онаси васият қилганидек, ука унга тоғдек елка бўлишни истади. Опа қалбини укага бўлган соғинч куйдирса, ука юрагини ҳасрату армон ёндирар эди. Бу армону аламларни, тавбаю, тазарруни баён этмоқлик учун опа-укада журъат етмади.

Орадан йиллар сув мисоли оқиб ўтди. Ўртадаги опа-укалик ришталари таранг тортилиб, интизорликда узилиб ҳам бўлди. Улар соғинчу ҳасратларини йиллар қатига яшириб, диллар тубига кўмиб яшадилар.

…Бир кун ука биродарлари билан бироз отамлашиб, дам олиш учун тоққа кета туриб, опа яшайдиган қишлоқ ёнидан ўтиб қолди. Ука кўксидаги куйик нуқталар ранж ила бош кўтарди. Ўнг қўлини елдек учириб бораётган машина ойнасидан чиқарганча дўстига деди: «Ҳув, ана у қишлоқда опам яшайди».

Орадан йиллар ўтди. Опа соғинчида титраб турган умидвор ука юраги тўхтади. Во дариғ, она васиятига амал қилмаган фарзанд дея қораланиб, ука дўзах оловида ёнар эди. Не ажабки, унинг ўнг қўли, ўнг юзи ва ўнг қулоғи ёнмас эди.

«Бу не сир-синоат» деди безовта руҳ. Шунда ваҳийдан овоз келди: «Узоқдан бир марта бўлса ҳам опага меҳр кўрсатган қўлинг, юзинг, қулоғингни ўнг томонини дўзах оловидан асрайман».

Албатта бу баён этилган воқеа ривоят - қисса. Қиссадан ҳисса шуки: Қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавм-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, ота-она, оға-ини, опа-сингилларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини шод қилиш билан Яратганнинг марҳаматига эришамиз.

Насиба РЎЗИЕВА,

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзЛиДеП депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: