Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ОНА ТАБИАТНИ АСРАШ – ФАРЗАНДЛИК БУРЧИМИЗДИР!

ОНА ТАБИАТНИ АСРАШ – ФАРЗАНДЛИК БУРЧИМИЗДИР!

  Бутунжаҳон атроф- муҳитни муҳофаза қилиш куни БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан 1972 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳозирда жаҳоннинг барча мамлакатларида нишонланиб келинмоқда. 1971 йилда 23 та мамлакатдан 2200 та фан ва маданият арбоблари атроф-муҳитнинг ифлосланиб бораётганлиги сабабли инсоният хавф остида қолаётганлиги, "Ё биз ифлосланишни тўхтатамиз, ёки ифлосланиш бизни ҳалокатга олиб келади” деган огоҳлантириш мавжуд мурожаатномага имзо чекишди ва БМТнинг Бош котибига йўллашди.

  Бир йилдан сўнг Стокгольмда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга бағишланган Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 113 та мамлакатидан вакиллар иштирок этишди. Айнан шу куни 5 июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни, деб белгиланди.

  Мазкур кун жаҳон ҳамжамиятига яна бир бор инсон таъсири остида табиат нақадар ўзгараётгани, қашшоқлашаётганига яна бир бор назар ташлашга имкон беради.

  Зеро, инсоният тараққиёти, урбанизация жараёнининг тезлашиши, глобаллашувнинг жадаллашуви Она сайёрамиз хавфсизлигига раҳна солиб, бир қатор масалалар билан биргаликда экологик муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Атроф-муҳитга жиддий зарар етказаётган экологик хавф, ўрни келганда, ҳаттоки ядро талафоти ва терроризмдан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, Ер юзидаги барча халқларни тобора бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиат (WWF), Global Footprint Network жамғармалари ва Лондоннинг зоологик жамияти мутахассислари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 1970 йилдан буён Ердаги ёввойи ҳайвон ва қушларнинг сони 3,43 минг турга, тирик сайёранинг индекси эса 52% га камайган, яъни ҳавода ва қуруқликда яшайдиган жониворлар тури 76% га, ер устида яшайдиганлар ва сувда истиқомат қиладиганлар сони 39% га қисқарган. Ҳар йили инсон фаолияти оқибатида 11 млн. гектар тропик ўрмонлар кесилиб, нобуд бўлади. Бу ўрмонларни тиклаш борасидаги ишлардан 10 баробар кўпдир. Ҳар куни атмосферага 60 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид чиқарилиб, бу ҳавонинг исишига, ўз навбатида эса Дунё океанидаги сув сатҳининг кўтарилишига олиб келмоқда.

(Манбалардан олинди).

  Карбонат ангидриднинг ҳаво таркибида ошиши, чиқинди газларнинг меъёридан ортиқ ҳавога чиқариб ташланиши оқибатида иссиқхона эффекти ҳосил бўлиб, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий экологик муаммо –глобал иқлим ўзгариши юзага келди.

  Мутахассисларнинг фикрига кўра бугунги кундаги мавжуд экотехнологиялардан самарали фойдаланилса электр қувватини 2 баробар, 2025 йилга келиб автомобиллар томонидан ёқиладиган ёнилғини 50 фоизга камайтириш мумкин. Бинобарин, Асосий қонунимизнинг 55-моддасида, "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб белгиланган конституциявий қоида сувни исроф қилмасдан, ундан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

  Дунёда она зоти борки, фарзандига ҳамиша яхшиликлар ва эзгуликлар тилаб келади. Ҳар бир она болаларининг камолини кўришни ният қилади. Табиатга нисбатан она сифатининг берилиши ҳам бежизга эмас. Зеро, табиат бизга ўзининг бебаҳо бойликларини илинади. Худди она сингари эркаликларимизни кўтаради. Шундай экан, биз,атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, бебаҳо неъмат – сувдан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлашга устувор вазифа сифатидақараб, нафақат бугунги, балки, келажак авлодларимиз тақдири учун ҳам масъул эканимизни унутмаслигимиз даркор!

Насиба РЎЗИЕВА, Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзЛиДеп депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: