Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / СУВ – БЕБАҲО БОЙЛИК! уни қандай истеъмол қиляпмиз?

СУВ – БЕБАҲО БОЙЛИК! уни қандай истеъмол қиляпмиз?

 

   5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

  Сув ресурслари инсоният ҳаёти ва фаолият кўрсатиши учун энг зарур табиий ресурс, ўрнини босиб бўлмайдиган табиат бойлиги ҳисобланади. Масаланинг ана шу муҳим жиҳати эътиборга олиниб, сувдан оқилона ва тежамли фойдаланиш масаласи халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари сессиялари кун тартибида муҳокама қилинди. Негаки, сув бугунги кунда ер шари қолаверса, Ўзбекистон учун ҳам энг долзарб муаммолардан бири саналмоқда.

  Ҳа, сув – поклик, тозалик рамзи. Сув инсониятнинг бебаҳо бойлиги. Сув ҳам, ҳаво ҳам, ўсимликлар, ҳайвонот дунёси, қўйингки, ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

ИСТЕЪМОЛГА ЯРОҚЛИ СУВ ҚАНЧА?

  Мутахассисларнинг таъкидлашича, сайёрамиздаги чучук сувлар заҳирасининг 98 фоизи ер ости сувлари ҳиссасига тўғри келади, лекин уларнинг тенг ярми ер юзасидан 800 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашган. Бундай чуқурликдаги сувни юқорига чиқариш кўп куч ва маблағ талаб қилади. Чучук сув захирасининг 1,47 фоизи ер усти кўлларида ва фақат 0,1 фоизигина дарё ва сойларда жамланган бўлиб, одамзот фақат шу сувларни истеъмол қилади холос.

Кўриниб турибдики, истеъмолга яроқли сувларнинг захираси жуда кам бўлиб, бунинг устига улар инсоннинг нотўғри фойдаланиши таъсирида йил сайин камайиб бормоқда.

  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ер шари аҳолисининг 40 фоизи жойлашган 80 та мамлакатда ичимлик сувининг танқислиги сезилмоқда. Жаҳон Банкининг таҳлилига кўра, XXI асрнинг ўрталарига бориб дунё аҳолисининг 40 фоизи чучук сув етишмаслигидан азият чекиши, 20 фоиз аҳоли эса қарийб чучук сувсиз яшашга тўғри келиши тахмин қилинмоқда.

(Манбалардан олинди).

ҲАЁТИМИЗДА-СУВНИНГ ЎРНИ

  Ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасини сувсиз тасаввур қилолмаймиз. Сувсиз аграр соҳада ривожланиш бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 тонна буғдойни етиштириш учун 1,5 минг тонна сув сарфланади. 1 тонна шоли учун эса бу кўрсаткич 4000-5000 тоннага тенг бўларкан. 1 тонна пахта учун эса 10000 тонна сув керак бўлади.

(Манбалардан олинди).

  Буларнинг ҳар бирини ҳисоб-китоб қилиб кўриб, сувни тежаш учун унинг оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг виждон амримизга айланишини англашимиз керак.

 

БИЗДАЧИ...

  Биз Учқудуқни – Қизилқум жавоҳири, гавҳари деб ардоқлаймиз. Аёвсиз чўлнинг нақ юрагида жойлашган шаҳримиз кундан-кунга чирой очмоқда, гулларга бурканмоқда. Бир-биридан кўркам иншоотлар қад ростламоқда. Бундайин бунёдкорликлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Албатта, буларнинг ҳаммаси оби-ҳаёт сув манбалари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

  Ҳа, шаҳарни узлуксиз сув билан таъминлаш кўпчиликка оддий туюлиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Шаҳарда истеъмол учун сув Зарафшон ва Мингбулоқдан 81, 13, 70 километр масофадан олинади. Хўш, 151 чақирим узоқликдаги Учқудуққа қай тариқа оби-ҳаёт келади? Бу асосан уч босқичда амалга оширилади. Яъни, қудратли насослар ёрдамида сув омборидан олинган сув тозалаш иншоотига юборилади. Иккинчи босқичда кимёвий йўл билан тозаланиб, махсус таҳлиллардан ўтгандан сўнг, тақсимлаш-тарқатиш ҳавзасидан қувурлар орқали белгиланган манзилга етказилади.

ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНЯПМИЗ (МИ)?

  Учқудуқ шаҳрининг тоза ичимлик суви билан таъминланган даражаси қарийб юз фоизни ташкил этади. Бироқ, баъзида шаҳардаги корхона, ташкилот ва кўп қаватли уйлар атрофида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари учун ҳам водопровод сувидан нооқилона фойдаланилаётганига гувоҳ бўламиз. Айрим таълим муассасалари, ташкилотлар биносидаги ҳамда хонадонлардаги мавжуд гигиена хоналарида зарур бўлмаган пайтда жўмракдан сув бекордан -бекорга оқиб турганлигини кўрамиз. Шу сув исроф этилмаса, йиғилиб қанча эҳтиёжларимиз учун сарфланишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Коммунал харажатларини тўлаш пайтида водопровод сувининг нархига ҳамиша эътибор беравермаймиз. Аслида унинг қиймати аҳоли учун сезиларли бўлмаса-да, давлатимиздан катта харажатларни талаб этади.

ХУЛОСА ЎРНИДА:

  Ҳар қатраси зар бўлган сувни исроф қилмаслик учун тарбиявий ишни аввало, азиз дўстлар ўзингиздан бошланг. Сўнгра, оила аъзоларингиз, фарзандларингиздан талаб қилинг. Қўни-қўшни, маҳалла – кўйдаги салбий ҳолатларга лоқайд бўлиб, бепарволик қилманг.

  Зеро, халқимизда "Сувга қараб тупурма”, "Сувга қараб супурма” каби мақолларда сувнинг ниҳоятда поклигига эътибор берилади.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, бугунги кунда ичимлик суви тақчиллиги умумбашарий муаммога айланиб бораётганлигини ёдда сақлайлик. Бебаҳо бойлигимиз бўлган сувнинг исроф бўлишига асло йўл қўймайлик!.

Райҳон ҚОДИРОВА, Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши ЎзМТДП депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: