Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АБАЙ ҚЎНАНБОЕВ - ЧИН МАЪНОДАГИ ҚАҲРАМОН 10 август – Абай таваллуд топган кун

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АБАЙ ҚЎНАНБОЕВ - ЧИН МАЪНОДАГИ ҚАҲРАМОН 10 август – Абай таваллуд топган кун

Тўққиз ёшлар чамасидаги қизалоқ эдим. Қўлимга муқоваси эскирган китоб тушиб қолди. Беихтиёр очилган варақлардан биридаги шеърни овоз чиқариб ўқидим.

 

Қозоғим, шўрли юртим, вайрон юртим!
Қоронғуда йўл топмай, ҳайрон юртим!
Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,
Оғзида ҳам қон, ҳам мой, сарсон юртим!

 

Бу мисралар эътиборимни тортди, жажжи қалбимда у ўз изини қолдирди. Китобни ошхонада таом тайёрлашга уринаётган ойимнинг олдига олиб бордим. Ойим шеърни ўқиди, бир оз сукутдан кейин: ”Она қизим, бу шеърни албатта ёд олгин, катта бўлсанг бунинг маъносини тушуниб оласан” дедилар.

Вақтлар ўтди, улғайиб қозоқ шоири Абай Қўнонбоев ижодига меҳр қўйдим. Унинг ҳаёт ва ижод йўлини чуқур ўргандим.

...Буюк шоир ва мутаффакир Абай Қўнонбоев - халқпарвар, бор кучи ва имкониятини ижодий ишларга бағишлаб, мазлум халқининг оғир ва ачинарли ҳаётини, дард-қайғусини, орзу-умидларини, озодлик ва мустақилликка бўлган интилишларини куйлаб шеърлар, достонлар, насиҳатлар ёзган қозоқ халқининг чин маънодаги қаҳрамонидир.

Аслида Абай йирик мулкдор бой оиласидан чиққан. Ота-боболари катта ер эгалари бўлишган. Абай асарларида ўзи тегишли бўлган синф эгаларининг мақсадларини эмас, халқ мақсадларини куйловчи халқ ўғли бўлиб шаклланди. Элни қашшоқликка олиб келувчи тузумга, шафқатсиз, мазлум халқни жафоларга дучор қилаётган бойларга қарата шундай ёзади:

Ўз сўзидан ўзга сўзни уқмайди,

Оғзи билан ўроқ ўрган мақтанчоқ,

Бир кун жиринг этар, бир кун бўртинг.

Ёш бошга бий бўлган қийқим бойлар,

Неча кўп бузасиз, элнинг турқин?.

Абай адолатпарвар, ҳаёт ва мангулик мазмунини тўла тушунган, донишманд шахс сифатида зулм, ҳақсизлик зарб­лари остида азоб ва уқубатдан боши чиқмаган халқнинг дардига дармон, руҳига озиқ, дилига маърифат улашишни энг улуғ фазилати деб билди ва мана шу тамойилидан бир зум ҳам оғишмай яшади.

Абайнинг чин маънодаги қаҳрамонлигининг яна бир жиҳати у қозоқ адабий тилини бойитган сиймо сифатида ҳам қадрлидир. Айнан мана шу жиҳат уни қозоқ адабиётининг чўққисига кўтарди.

Бугун Абайнинг эзгуликка йўғрилган илғор ғоялари ҳаётийлиги тўлалигича тасдиқланди. Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда. Жорий йил 13 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши алломанинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади.

Ҳа, Абай Қўнонбоевни Ўзбекистонда жуда ҳам севиб ўқишади ва улуғлашади. Бунинг ёрқин далили бугун унинг ўлмас асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, мутолаа қилинмоқда. Кўчалар, қўрғонлар, қишлоқлар, маданият ўчоқлари унинг номига қўйилмоқда. Тошкентнинг марказида унинг маҳобатли ҳайкали кенг жамоатчилик иштирокида икки қардош мамлакат Президентлари томонидан тантанали равишда очилди.

Шу кунларда республикамизнинг ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, маҳаллалари ва ҳарбий қисмларида шоир ва ёзувчилар иштирокида Абай ижодига бағишланган турли учрашувлар, адабий - кечалар бўлиб ўтмоқда. Оммавий ахборот воситаларида у ҳақдаги мақолалар чоп этилиб, кўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

Ўз навбатида Абайнинг бой ижодий меросини ўрганишда кўп миллатли Учқудуқ туманида Шимолий кон бошқармасининг катта жамоаси ташаббус кўрсатмоқда. Корхона барча бўлинмаларида тасдиқланган режа асосида "Абай ижодида қардошлик ғоялари”, "Абай ва ўзбек адабиёти” мавзуларида адабий-бадиий кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Хуллас, қозоқ халқининг буюк шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг бой ижодий мероси юртимизда кенг ўрганилмоқда ва тарғиб этилмоқда. Бу бир - бирларига қавм-қариндош, дили, тили ва дини бир бўлган, бир дарёдан сув ичиб, қиз бериб, қиз олишиб, яқин дўстлик ва яхши ҳамкорликда яшаб келаётган ён қўшни — жон қўшнимиз бўлган қозоқ халқи билан азалий дўстлигимиз, оға-инилигимиз ва ҳамкорлигимизнинг узвий давоми бўлиб хизмат қилади.

Клара МУКАРРАМОВА, Шимолий кон бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғининг маънавий – маърифий ишлар бўйича ўринбосари в.в.б.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: