Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ ИНСОФ САРИ БАРАКА…

ИНСОФ САРИ БАРАКА…

Ота вафот этиб, бир қоп буғдой мерос бўлиб қолибди. Ака-ука буғдойни тенг иккига бўлиб олишибди.

Тунда уканинг кўзидан уйқу қочиб, ўзига-ўзи дебдики: «Эй нодон, нима қилиб қўйдинг? Сен шу буғдойга муҳтожмисан? Сўққабош бўлсанг, биттагина қорнингни тўйдиролмайсанми? Акангнинг болалари бор, уларга нон топиш осонми?» Шу хаёл билан ука ўрнидан туриб, омборхонага чиқибди-ю, ўзига тегишли буғдойдан акасининг хумига солиб қўйибди.

Иттифоқо, шу дамда аканинг кўзидан ҳам уйқу қочибди, у ўзига ўзи дебдики: «Эй нодон, сен нима иш қилиб қўйдинг? Отанг сени уйлантириб, укангнинг тўйини кўрмай ўтди. Уканг энди қорин ташвишидан ташқари уйланиш ташвишини ҳам қилиши керак. Унга инсоф қил». Ака ўрнидан туриб омборхонага чиқибди-ю, ўзига тегишли бўлган буғдойдан укасининг хумига солиб қўйибди.

Бу ҳаракатлар ҳар куни такрорланаверибди.

Ой ўтибди, йил ўтибди, аканинг ярим хум буғдойи ҳам, уканики ҳам ҳеч тугамасмиш. Улар бу сирдан ажабланиб донишмандга боришибди. Донишманднинг талаби билан тундаги қилмишларини айтиб беришибди. «Инсоф сари барака», деган ҳикматни донишманд ўшанда айтган экан.

Қиссадан ҳисса шуки: Ҳовлиларни бўлиб олаётган, юзкўрмас бўлиб юрган ака-укалар! Ўзингиз тиклаган девор атрофида ота-оналарингизнинг руҳлари азоб чекиб, чирқираб юрган бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Абдижалол ТУРДИЕВ,

«Қизилқум» жомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: