Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ Мақолалар Сентябр 2019 йилда

ИҚТИДОРЛИ ҚИЗЛАР САРАЛАНДИ

Аёлни ҳамиша муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш эазалий қадриятларимиз сирасига киради. Шу боис, мамлакатимизда хотин-қизларнинг барча соҳалар бўйича эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, моддий ва уларни маънавий рағбатлантириш доимий анъанага айланган.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, энди ушбу мукофот таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган, ҳар бир вилоятдан икки нафардан иқтидорли қизга берилиши белгиланди. Шунингдек, иштирокчилар ёш чегараси 22 дан 30 ёшгача узайтирилди.
Куни кеча туманимиздаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида  Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар танловининг туман босқичи ўтказилди. Унда танловнинг мактаблараро босқичида ғолиб бўлган 49 нафар қиз иштирок этди.
Танловни ўтказувчи комиссия томонидан 6 та йўналишда 12 нафар иқтидорли қизлар танлаб олиниб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
- Бу йил дастлабки босқичда юз элликка яқин номзод қатнашгани танловга бўлган қизиқишни кўрсатиб турибди, - дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулбаҳор Алланова. - Боиси, Зулфия мукофоти бугун миллатимиз қизларининг эзгу ғояларини амалга оширувчи воситага айланди. Мукофотга шу вақтгача туманимиздан 3 нафар қиз лойиқ кўрилган бўлса, улар бугун ўз соҳаларида кўпчиликка ўрнак бўлмоқдалар.
Танловга тавсия этилган ҳунармандчилик намуналари, рассомчилик ишларини кўриб ёшларнинг ижодкорлигига, маҳоратига қойил қоласиз. Танлов қизларимиздаги қобилиятни янада ўсишига  хизмат қилиши, шубҳасиз.

НАВОИЙ МАҲАЛЛАСИГА СОВҒА БЕРИЛДИ

Сўнгги йилларда дунёда ноёб, ўхшаши йўқ маҳалла тизими аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланиб бормоқда.
Яқинда тумандаги 13 та ўзини ўзи бошқариш органларида маҳаллий йиғимларни ундиришга қаратилган "танлов” эълон қилинган эди.
Ўзига хос бўлган  "танлов” якунига етказилиб, маҳалла аҳлидан маҳаллий солиқларни ундиришда фаоллик ва қатъиятлик кўрсатган Навоий МФЙ раиси Асқар Хайруллаев компьютер жамламаси билан тақдирланди.
Туман ҳокими С.Хамроев компьютер жамламасини топширар экан, бугун маҳалла халқнинг ҳақиқий маслакдоши ва кўмакдошига айланиб бораётганини яна бир бор эътироф этди.
МУХБИРИМИЗ.
Суратда: Навоий МФЙ раиси Асқар Хайруллаев.

КОКПАТАСДА ОММАВИЙ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Навоий вилоят прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор тезкор штаби томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кокпатас маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.
Cайёр қабулда  вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Р.Махамов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳромов, туман ҳокими С.Хамроев ҳамда туман корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Қабул давомида 5 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.  Мурожаатлар асосан, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам,  имтиёзли кредит олиш  масалаларига оид бўлди.
Масалан, Кокпатас МФЙ котиби Гаухар Менлибаева бола парвариши таътилидан сўнг ишга чиқиш масаласида,  Гуллола Ҳошимова ногирон фарзандини Тошкентга даволаш муассасаларига олиб – бориб келишда моддий ёрдам сўраб мурожаат этди.
Шунингдек, муайян бир маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган сайёр қабулнинг ҳудудий чегараси чекланмаган. Унда туманнинг яқин ва олис ҳудудлари фуқаролари ҳам мурожаат қилишади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Тадбирга қўшни Алтинтау овул фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари  ҳам келишган.
Хусусан, Алтинтау ОФЙ раиси Қулқудуқ овулида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони Амандиқ Аймахановни ногиронлик аравачаси билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат сайёр қабул давомида ижобий ҳал этилиб, А.Аймахановга ногиронлик аравачаси берилди.
Сайёр қабул доирасида анъанага кўра, маҳалла аҳолиси  Учқудуқ туман Давлат хизматлари маркази хизматларидан ҳам фойдаланди.
Р.РЎЗИЕВ,  Учқудуқ туман прокурори в.б.,
Ж.ХАЛИКОВ,  2-сектор масъул котиби.

ЖАҲОЛТАГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ БИЛАН

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби  "Жаҳолатга қарши-маърифат” деган улуғвор ғоя остида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик каби фазилатларини  кенг тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тарғибот тадбирларидан бири Кокпатас МФЙ да ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Солиев, туман ҳокимининг ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М.Шамуратов  иштирок этди. Учрашув аввалида маҳалладаги "Қаншайим” хусусий мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти, 13-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ёшлар  таълим-тарбияси учун яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг, Кокпатас геология қидирув экспедицияси фаоллар залида маҳалла аҳли ва ёшлари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотлар чоғида ислом динининг асл моҳияти, унинг тинчлик дини эканлиги ва бугунги кундаги дин номидан содир этилаётган хунрезлик ва бузғунчиликлар жаҳолат ва билимсизлик оқибатида бўлаётганлигини таъкидлади. Шунингдек маърузачилар томонидан ёшларнинг тарбияси, вақтдан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳамда илм олишнинг авфзаллиги ҳақида ҳам фикр юритилди.  
Шу куни худди шундай тадбир тумандаги кончилик касб-ҳунар коллежида ҳам бўлиб ўтди.
      —Юртимиз аҳолисининг 90 фоиздан ошиғи мусулмон бўлиши билан бирга бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳам бор ва уларга мусулмонлар қаторида барча эркинликлар тўлиқ кафолатланган, -дейди Кокпатас МФЙ раиси А.Сиддиқов. —Минг афсуски, ҳозирда ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларга қўл ураётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаккланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимиз шаънига доғ бўлишини, маънавий ҳаётимизга салбий таъсир этишини барчамиз, айниқса ёшлар чуқур англамоғи зарур.  
     Бир сўз билан айтганда, эртамиз эгаларининг маънавий оламида бўшлиқ бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммилий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш мақсадида уюштирилаётган тарғибот тадбирлари алоҳида ўрин тутади. Зеро, бугунги глобаллашув жараёнида фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.    
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.
Суратда: учрашувдан лавҳа.

21 сентярбрь – Халқаро тинчлик куни БАХТЛИ БОЛАЛИК ОНЛАРИ

Болаликни умрнинг баҳорига менгзашади. Дарҳақиат, энг беғубор палла, энг соф тилаклар, ажиб кечинмалар айнан шу дамлардан бошланса, не ажаб!
21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни! Сана муносабати билан туманимиздаги 1-сон "Каптарча” мактабгача таълим ташкилотида "Тинчлик – бахтли болалигимиз гарови!” мавзусида ноанъанавий машғулотлар, маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари  ташкил этилди. Ана шундай тадбирлардан бири "ОРЗУ” истироҳат боғида бўлиб ўтди.
Бу ерда муассаса тарбияланувчилари табиат, турфа гуллар, яшил дарахтлар,  қанотли дўстларимиз бўлган қушлар  билан яқиндан танишдилар.
Тинчликни, бахтли болаликни, ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи шеърлар ёд айтдилар.
...Ҳа, шу куни болажонлар жамулжам бўлишиб, гулларнинг эртагига, дарахтларнинг шивирига, қушларнинг хонишига қулоқ тутдилар. У гулдан бу гулга "визиллаб” учиб – қўнаётган капалакларга ҳайрат билан боқдилар. Олтин кузнинг ҳар бир кунидан, ҳар бир кўрган-кузатган нарсадан мўъжиза изладилар.
Ахир, бизнинг фарзандларимиз тинч ҳаёт қўйнида эртаклар оламида бахти бекам бўлиб  улғаётган болажонлар, улар!
Шаҳноза МУРОДОВА,
"Каптарча” МТТ мудираси.
Суратда: туманимиздаги
"Каптарча” МТТ тарбияланувчилари.

Ўзбекистонда сайлов кампаниясига старт берилди. Парламент сайловлари 22 декабрга белгиланди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 20 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро матбуот марказида ташкил этилган мажлисида 2019 йил 22 декабрни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгиланди.
«Сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди», дея хабар бермоқда «Халқ сўзи онлайн». Мажлисда, шунингдек, сайловларни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган.
Қайд этишларича, жорий сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи — шулардан 2 миллондан зиёд ёшлар илк бор — овоз беради.

«Қонунчилигимиз «бардак» аҳволга келиб қолган» ─ Танзила Норбоева

18 сентябрь куни халқдепутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масаласи кўрилди. Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди.

 

Сессияда нутқсўзлаган Сенат Раиси депутатлар олдига икки вазифани қатъий белгилаб қўйди.

"Бизнинг қонунчилигимиз "бардак” аҳволга келиб қолган. Жамият учун керакли қонунлар қабул қилинади. Лекин кейин бирон-бир вазирлик ёки идорақонуности ҳужжатини шунақа "чиройли” ишлаб чиқадики, натижада ўша қонун ишламайди. Ижро масаласида ўзларининг ички қарор ва буйруқларини рўкач қилиб олишади. Бир-бирини инкорқиладиган қонунлар ҳам жуда кўп. Керак бўлса, бундай қонунларнинг ҳаммасини бекор қилиб, битта яхлит кодекс ҳолига келтириш керак. Қонунларни ишлаб чиқишда ҳаволаки нормаларга мутлақо ўрин қолдирмаслигимиз лозим. Булар олдимизда турган бирламчи вазифа. Иккинчи вазифа, қонунлар қабул қилинаверади, лекин улар ишламаса, оддий қоғоздан заррача фарқи йўқ.

Маҳаллий кенгашларқонунларнинг жойлардаги ижросини назорат қилиши лозим. Қонунларнинг ҳудудлардаги татбиғи бўйича маҳаллий кенгашлар ўз дастурини ишлаб чиқиши керак. Масалан, яқинда гендер тенглиги тўғрисида жуда яхши бир қонунни қабул қилдик. Шу бўйича қандай ишлар қилдингизлар? Ишончим комил, ҳалигача бу қонун бўйича биронта дастур ишлаб чиққанингиз йўқ”, ─ дея депутатларга мурожаат қилди Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат Раиси маҳаллий кенгаш депутатларини ижро идоралари фаолияти устидан назоратга чақирди.

"Давлат раҳбари келса, вазирлар планшетларни қаторлатибқўйиб, зўр ваъдалар беради, зўр интервьюлар беради. Лекин давлат раҳбари кетгач, улардан дарак ҳам йўқ. Айтилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетади, эсдан чиқади. Ёки яна Президент келадиган бўлиб қолса, югуриб келиб, сизларнинг ўзларингизга ҳамма ишни қилдиради. Вазирларни олиб келтириб, ҳисобот сўранглар, ижрони талаб қилингалар. Айтилган ишни қилсин, уддасидан чиқа олмаса, нега қилолмаслигини тушунтириб, ёзиб берсин. Талаб этилса, уларга ишончсизлик вотумини билдиришимизҳам мумкин. Вотум билдириш ваколатини балки маҳаллий кенгашларга ҳам берармиз, шунда уларнинг кучи билинади”, ─дея таъкидлади Норбоева.

Шунингдек, Танзила Норбоева халқдепутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш, депутат сўрови билан бирга кенгаш сўрови амалиётини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда ОАВ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Медиа Омбудсман лавозими жорий этилади

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси ягона ахборот сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда ягона давлат ахборот сиёсатининг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш режалаштирилган:

— фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, Ўзбекистон фуқароларини, хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ривожланиши тўғрисида холис ахборот билан таъминлаш;

— миллий оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, улар учун медиа бозорда тенг шароитлар яратиш, журналистлар ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш ва улардан эркин фойдаланишни таъминлаш, уларнинг сонини кўпайтириш, Ўзбекистон ахборот соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

— давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг имкониятлари ва салоҳиятини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик орқали уларнинг очиқлиги даражасини ошириш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ахборот эҳтиёжларини ҳисобга олганҳолда ахборотни тақдим этишнинг янги каналлари ва усулларидан фойдаланиш;

— ахборот соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, тизимли асосда аҳолига медиа таълимни жорий этиш ва медиа саводхонлигини ошириш;

— ахборот технологиялари соҳасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятларни олдини олиш.

Қарор билан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) ўринбосари — оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Медиа Омбудсман) лавозимини жорий этиш кўзда тутилган.

Медиа Омбудсманнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

• оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг, шунингдек, оммавий ахборот воситалари томонидан ахборот соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши масалаларини амалий рўёбга чиқаришни ўрганиш;

• оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат идоралари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал этишда кўмаклашиш;

• оммавий ахборот воситаларига уларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, давлат идоралари томонидан улар фаолиятига аралашиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

• оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мустақиллигини янада таъминлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришгақаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Сабабсиз дарсга қатнамайдиган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади

Ўзбекистонда сабабсиз дарсга қатнамайдиган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда 2019 йил 23 август куни Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишбаёнида айтилган.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги (Шерматов):

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Содиқов) билан биргаликда бир ой муддатда ижтимоий ҳамда мобил операторлар тармоқлари орқали ота-оналарнинг ўз фарзанди тарбиясидаги масъулиятини оширишга қаратилган ижтимоий хабарларни юборишни жорий қилади;

2019 йил 1 ноябрга қадар тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилиш электрон ахборот тизимини жорий этади ва ушбу лойиҳани молиялаштиришни хусусий сектор инвестициялари ёки давлат-хусусий шериклиги асосида амалга оширилишини таъминлайди;

тажриба-синов натижасидан келиб чиқиб, 2020 йил 1 мартга кадар умумтаълим мактабларида давоматни назорат қилишнинг ягона электрон тизимини босқичма-босқичма жорий этиш орқали сабабсиз дарсга қатнамайдиган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарликни белгилаш мақсадида тегишли меъёрий-ҳуқукий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Бош прокуратура (Йўлдошев), Адлия вазирлиги (Давлетов), Халк таълими вазирлиги (Шерматов) 2020 йил 1 мартга қадар ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтириш ва жавобгарлигини ошириш, шунингдек ўқитувчи шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш ва тегишли жазо чораларини қўллаш механизмларини соддалаштириш мақсадида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан чоралар кўради.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин президент таълимдаги аччиқ ҳақиқатларни тилга олганди.

Топ-20: Ўзбекистондаги мактаблар рейтинги — айрим вилоятларда 50таликка кирган мактаб ҳам йўқ

Вазирлар Маҳкамасиҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан республика мактаблар миллий рейтинги ишлаб чиқилган. 2019 йилги рейтингнинг биринчи поғонасини Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 27-мактаб банд этган.

Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 1-мактаб иккинчи, Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 30-мактаб учинчи ўриндан жой олган. Рейтинг тузишда 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси, олий ва биринчи тоифадаги ўқитувчилар кўрсаткичи ва сўровномалар натижалари асосидаги тўпланган баллар ҳисобга олинган.

Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқтаълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га фармони асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтингини тузиш вазифаси юклатилган. Ушбу фармон ижроси юзасидан умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича миллий рейтинг тизими ишлаб чиқилган. Мазкур рейтинг келгусида халқаро майдонда, Ўзбекистон Республикасининг PISA-2021 халқаро баҳолаш дастурига тайёргарлик жараёнига ҳам хизмат қилиши кўзда тутилган.

Топ-20таликдаги қолган ўринлар қуйидагича жойлашган:

4-ўрин – Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани 66-мактаб;

5-ўрин – Наманган вилояти, Поп тумани, 7-мактаб;

6-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан тумани, 41-мактаб;

7-ўрин – Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, 37-мактаб;

8-ўрин – Наманган вилояти, Наманган тумани, 23-мактаб;

9-ўрин – Наманган вилояти, Уйчи тумани, 23-мактаб;

10-ўрин – Қашқадарё вилояти, Касби тумани, 26-мактаб;

11-ўрин – Хоразм вилояти, Шовот тумани, 28-мактаб;

12-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан тумани, 30-мактаб;

13-ўрин – Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар 10-мактаб;

14-ўрин – Хоразм вилояти, Боғот тумани, 5-мактаб;

15-ўрин – Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани, 4-мактаб;

16-ўрин – Наманган вилояти, Косонсой тумани, 28-мактаб;

17-ўрин – Хоразм вилояти, Хива шаҳар, 2-мактаб;

18-ўрин – Хоразм вилояти, Гурлан туман, 23-мактаб;

19-ўрин – Фарғона вилояти, Фарғона тумани, 10-мактаб;

20-ўрин – Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани, 58-мактаб;

Энг яхши 20та мактаб қаторидан Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси мактаблари жой ололмаган. Жумладан, Самарқанд вилоятининг энг яхши балл олган мактаби рўйхатнинг 51-ўрнидан жой олган бўлса, Сирдарё вакили 61-, Қорақалпоғистоннинг энг яхши мактаби 100-ўринда жойлашган.