Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ Мақолалар Феврал 2019 йилда

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ XXXVII сессияси тўғрисида ахборот

Куни кеча туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессия ишини туман ҳокими, халқдепутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.

Мажлис кун тартибида депутатлар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учқудуқ туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари И.Рахимовнинг маърузасини тингландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди. Жорий йил май ойидаўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ушбу ҳуқуқий ҳужжат талаблари асосида бўлиб ўтади.

Шунингдек, янги таҳрирдаги "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”гиқонуни билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлари вазифалари белгилабберилган. Мазкур қонуннинг 12-моддасига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун туман комиссияси тузилиб, ишчи гуруҳлари ҳам тасдиқланди.

Шунингдек сессия кун тартибидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича сектор раҳбарларинингҳисоботлари эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4075 – сонли қарорининг Учқудуқ туманидаги ижроси юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Савуровнинг маърузаси тингланди. Туманимизда барча йўналишларда содир этилган жиноятлар сони 2017 йилда 133 та, 2018 йилда 69 та бўлиб, 64 тага яъни 48,1 фоизга камайишига эришилди.Шунингдек, аёллар ўртасида 2017 йилда 26 та, 2018 йилда эса 12 та бўлиб, вояга етмаганлар иштирокидаги ноқонуний қилмишлар сони сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаш ўринли. Бундан ташқари, 2018 йил январида фуқаролар томонидан 5 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йил ҳисобот даврида 3 тани ташкил этади. Муқаддам жиноят содир этганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам камайганлигини, қасддан оғир тан жароҳати етказиш жинояти содир этилмаганини кўришимиз мумкин. Бу каби кўрсаткичлар ҳудудимизда жиноятчиликка барҳам берилган, деган маънони бермайди. Ҳали жиддий эътибор қаратишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўплигини таъкидлади маърузачи.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўттиз еттинчи сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

МУХБИРИМИЗ.

Наманганда жорий йил кузида яна бир автозавод ишга тушади

Попда UzFoton бренди остида Хитойнинг ўрта сиғимдаги юк автомобиллари ва микроавтобуси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Наманганская правда» хабар берди.

Ўзбекистоннинг «Foton Do’stlik Servis» ва Хитойнинг Urumqi Xin Xi Xin Sheng International Trading компаниялари ўртасида қўшма корхона тузилган, хитойликлар лойиҳага 14 миллион доллар миқдорида сармоя киритмоқда. Янги завод акцияларининг 51 фоизи Ўзбекистон, 49 фоизи Хитойга тегишли.

«Foton Do’stlik Servis» компанияси раҳбари Воҳид Ҳамидовга кўра, дастлабки режа бўйича корхона 2018 йил сентябридан маҳсулот чиқара бошлаши керак эди, бироқ бу объэктив сабаблар билан жорий йил сентябрига қолдирилган. Президент қарори билан лойиҳа 2019 йил инвестиция дастурига киритилган.

Агар корхона ишга тушса, бу ерда ойига 500—1000 дона автомобиль йиғилади. Икки томон келишувига биноан, улар ҳозирча 4 турдаги ўртача юк автомобили ва Foton View CS2 Supporter микроавтобуси бўлади.

CRISPR одамда ОИТС ва гриппга қарши иммунитет яратади

Америкалик олимлар жамоаси умрбоқий антитанани яратиш учун янги технологияни қўллади. Кемирувчилардаги тажрибалар ўзининг эффективлигини кўрсатди.

Бактериал ва вирусли касалликларга қарши вакцина яратиш осон иш эмас. Фред Хатчинсон номидаги Ўсмаларни илмий текшириш маркази тадқиқотчилари муаммонинг муқобил ечимини таклиф қилди. Улар ОИТС, грипп ва бошқа вирусларни одамларга юқмайдиган қилмоқчи. Бунинг учун CRISPR генни таҳрирлаш амалиётидан фойдаланилади.

Futurism’нинг хабар беришича, олимлар B-ҳужайраларда янада фаолроқ антитаналарни синтезлашни таъминлаб берадиган методикани ишлаб чиқди. Улар иммун тизиминг фаолиятида қатнашади, бундан ташқари вируслар билан курашади.

Оддий антитаналар тез нобуд бўлади ва даволаш жараёнида кўп марта қайта инъекцияни талаб қилади. Генни таҳрирлаш йўли билан олинган молекулаларни эса бир марта бемор организмига киритиш кифоя.

Тажрибада ўрганилган 15 та сичқонларга антитаналар киритилганда, улар 82 кун давомида ҳаво-томчи йўли билан юқадиган вирусларга қарши иммунитетга эга бўлган.

Тутуннинг инсон саломатлигига зарарли таъсири

Қуриган шох–шаббалар, барглар, ўтлар ҳар хил чиқиндиларни ёқиб юборганда, заҳарли ва концероген моддалар ажралиб, ҳаво таркибини бузади. Ушбу зарарли ҳаво нафас олишни қийинлашатириб, турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради.

Сигарета тутунидан чиққан заҳарли моддалар билан биргахас–хашакларни ёққандаги тутун ҳам зарарли ҳисобланади. Тутун таркибидаги заҳарли моддаларнинг организмга нафас йўллари орқали кириши натижасида ошқозон ости бези раки келиб чиқиш хавфи ортади.

Қуруқ ҳазонлар кислород биланбирикиб яхши ёнади, аммо пастки қатламдақолган ҳўл қисми эса тутаб, заҳарли моддаларни ҳавога чиқаради (1 тонна хазон ёнганда 30 кг заҳарли моддани хавога чиқаради).

Олимларни берган маълумотига қараганда 1 тонна дов–дарахтлар барги ва шохи ёнганда атмосферага 9 кг тутун чиқади.

Тутун таркибидаги чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ва турли хилдаги концероген моддалар инсонларда аллергик ҳолатларни, бронхиал астма ва турли хилдаги ўсма касалликларни келтириб чиқаради. Айниқса пластик буюмларни ёқиб юбориш ниҳоятда хавфли хисобланади.

Ўсимликлар дунёси биологик фильтр вазифасини ўтаб, барглар барча заҳарли моддаларни ўзида олиб қолади. Шунинг учун, ҳеч қачон хазонларни ёқмай, уларни чуқур ковлаб кўмиш лозим.

Ҳар бир инсон табиатни севиб, она заминни авайлаб–асраб, дов– дарахтларга зиён–захмат етказмасдан, балки уларни парвариш қилишлари даркор.

Атрофимизни ям-яшил қилиб ўраб турган ўсимлик дунёси саломатлигимиз посбонидир.

Ҳаво мусаффолигини сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир!

Даврон АСАДОВ,

ШКБ ЁХБ инспектори, сержант.


“Ибратли Хотин-қизлар қўмитаси раиси”

 “Ибратли Хотин-қизлар қўмитаси раиси”
 

  Туманда ахоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишларни тўғри ташкил этиш ва амалга оширишда тумандаги ҳамкор ташкилотлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди ва 2018 йил якунига кўра хотин-қизлар ўртасида  содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик сони 60 фоизга камайишга эришилди.  

   "Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” Республика кўрик-танлови эълон қилинган бўлиб.  жорий йилнинг 25 феврал куни Навоий шаҳрида кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.Туман хокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алланова "Ибратли Хотин-қизлар қўмитаси раиси” номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, вилоят Ички ишлар бошқармасининг фаҳрий ёрлиғи ва совғалари билан тақдирланди. Бу ютуқ туманда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бораётган барча ҳамкор  ташкилотларга берилган юқори баҳо.

  

“Ибратли Хотин-қизлар қўмитаси раиси”

 

"Осойишта қотил” ёки “ИС ГАЗИ” чангалидан сақланинг

Маълумки, қиш фаслида бошқа фасилларга қараганда фуқароларнинг иситиш мосламаларига бўлган эхтиёжи бир мунча ортади. Бу эса ўз навбатида, жойларда ёнғин чиқиш хавфини кескин ошишига олиб келади. Содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва ис газидан заҳарланишларнинг олдини олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 май кунидаги "Ички ишлар органлари ёнгин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги ПҚ-2992-сонли қаpopи ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиз қолаверса туманимиз миқёсида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» тадбири ўтказилиб келинмоқда, бундан ташқари Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳар куни маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда хонадонма-хонадон юриб фуқароларга ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар ўтиб келинмоқда, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган хонадонларда ушбу камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасда айрим фуқаролар хонадонларида электр сим кабилларининг тартибсиз тортилганлиги ва устки ҳимоя қобиғи яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, қўлбола иситиш печларини ўрнатиб ундан фойдаланиб келаётганлиги, газ ускуналарига резина шанг орқали фойдаланиш ҳолатлари, хонадонларни иситиш мақсадида газни ёқиб қўйиш ҳолатлари, 50 кг бўлган пропан газ балонини хонадонларда сақлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ушбу хонадонларда ёнғин, портлаш ҳамда ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олиб келади.

Масалан Кармана тумани "Дўстлик” маҳалласида намунавий лойха асосида қурилган яшаш уйининг ошхонасини иситиш мақсадида газ плитасини ва духобкасини ёқиб хонадон эгалари овқатланишган ҳамда ошхонада ухлаб қолишган. Ошхонадаги мавжуд эшик ва деразалар AKFA пластик ромлардан ўрнатилганлиги, газ плитасининг дудбурони йўқлиги ва ошхонада ҳаво алмашиш ва шамоллатиш каналлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли узоқ вақт ошхонада табиий газ ёқиб қўйилиши натижасида ошхонани ис гази тўлиқ қоплаб олган ва яшаш уйига тарқалган. Натижада хонадон эгалари (2 нафар) фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Бундай холатлар рўй бермаслиги учун эса қуйидаги маслахатларга сўзсиз амал қилишингизни сўраймиз:

- хонада ёнаётган газ, хона хавосини камайтиради, шунинг учун ошхонадаги шамоллатиш воситаларини беркитиб қўйманг, хонани тез-тез шамоллатиб туринг;

- ёш болаларни газ плитасига яқинлаштирманг, уларнинг ошхонада уйнашига рухсат берманг;

- кечаси ёки уйдан кетиш олдидан газ жумракларини беркитишни унитманг;

- газ чиқаётган жойни олов билан аниқлаш қатъиян ман этилади;

- ёнмайдиган электр иситиш мосламаси, носоз электр дазмол, электр плита, электр чойнак ва бошқалардан фойдаланманг;

- ишга яроқсиз розетка, печларни ва бошқа мосламаларни ишлатманг.

Табий газдан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қойидаларига доимо риоя қилиш орқали ўзингизнинг ва ўзгаларнинг ҳаётини сақлашингизни эслатамиз.

"Осойишта қотил”-га таъриф берсак, табиий газ ёки бошқа муқобил ёқилғи турлари (кўмир, ёғоч ва бошқалар) тўлиқ ёнмаслиги натижасида хонада ис гази тарқалади. Агарда ис гази 1,2% хона бўйлаб тарқалган тақдирда ушбу жойда бўлган инсон2-3 марта нафас олгандан сўнг хушдан кетиб, талваса (тутқаноғи) тутиб, нафас олиш аъзоларининг бузилиши юзага келади, шундай жойда инсон 3 минутга бормасдан ҳалок бўлишига олиб келади. Ис гази рангсиз, ҳидсиз ва тамсиз газ бўлгани билан хона ҳавосида 0,1% концентрацияси (тўпланиши) инсон организми учун жуда хавфлилигини унутмаслик лозим

Жамшид Саъдуллаев,

Учқудуқ тумани ЁХБ инспектори, сержант.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилдинг!

Кунлар совуши билан аҳоли томонидан турли хилдаги иситиш қурилмалари ва жиҳозларини ишлатишларига эҳтиёж сезилади. Ҳеч кимга сир эмаски, қишлоқ жойларида яшовчи аксарият фуқаролар шахсий уйларни иситиш мақсадида металл жисмлардан тайёрланган ҳар хил турдаги иситиш печларидан фойдаланиб келишмоқда. Бу турдаги иситиш печларининг кўпчилиги табиий газ билан, қолганлари эса қаттиқ (кўмир, ёғоч бўлаклари...), суюқ (печ ёқилғиси, керосин...) ва бошқа турдаги алтернатив ёқилғилар ишлатилади. Айниқса, табиий газ билан ишловчи иситиш печлари инсон ҳаёти ва унинг мол-мулки учун ўта хавфли ҳисобланади.

Шундай экан, шахсий уйларда қурилган иситиш печларини мавсум даврида назоратдан четда қолдириш ёки хавфсизлик чора-тадбирларини кўрилмаслиги нохуш ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Хўш ўз-ўзидан савол туғилади? Иситиш печларини ўрнатишда риоя қилиниши лозим бўлган асосий эҳтиёт чоралари нималардан иборат?

- печларни одатда, улардан тутун канал (мўри)ларини жойлаштириш учун фойдаланишни кўзда тутган ҳолда, ёнмайдиган материаллардан тайёрланган ички девор ва тўсиқлар олдида жойлаштириш лозим.

- иситиш печлари уй полининг ёнмайдиган қисмига ўрнатилади, агар уйнинг пол қисми ёғоч ёки бошқа ёнувчан қурилиш ашёлари билан қопланган бўлса, полнинг уски қисмини ўлчами камида 0,7х0,5 метр бўлган 10 мм (1 см) қалинликдаги асбест картон ва металлдан тайёрланган қопламалар билан ҳимоялаш зарур. Шунингдек, оёқда турадиган печ остидан полгача бўлган масофа камида 100 мм (10 см) бўлиши шарт.

- ҳар бир печ учун алоҳида тутун қувури бўлиши ҳамда ушбу тутун қувурнинг диаметрини печдан чиқувчи қувур диаметридан каттароқ кўзда тутилиши ва мўрилар том ёпмасидан камида 70 см. баланд қилиб ўрнатилиши лозим.

- мўрилар одатда вертикал ҳолатда бўлиши шарт, бунинг иложи бўлмаганда вертикалга нисбатан 300 гача, четга чиқиши 1 метрдан ортиқ бўлмаган ҳолда қуришга рухсат этилади. Бунда оғган жойлар силлиқ, вертикал жойларининг кўндаланг кесим юзаларидан кам бўлмаган юзали доимий кесимга эга бўлиши шарт.

- печ мўрисининг изолияцияси сопол бўлмаган қувурларидан ёнадиган ёки қийин ёнадиган материаллардан тайёрланган стропил, стропилга терилган тахталар ва томнинг бошқа деталларигача бўлган масофа камида 250 мм (25 см) қолдирилиши шарт. Пишиқ ғишт ёки бетон мўриларнинг ташқи юзасидан эса камида 130 мм (13 см) хавфсизлик масофаси бўлишини кўзда тутиш лозим.

Азиз фуқаролар! Мазкур меъёр қоидаларига амал қилиб, иситиш печларини ўрнатиш ва фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўрсангиз содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олган бўлардингиз!

Шунинг билан бирга хонадонларда ностандарт электр ва газ ускуналаридан фойдаланмаслик, электр розеткасига бир вақтнинг ўзида ҳар хил турдаги (теливизор, кондинсонер, халадилник, ҳар хил машинкалар ва ҳ/к) қурилмаларни уламаслик лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнгин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги ПҚ-2992-сон қаpopига мувофиқ ҳар ҳафтанинг чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» деб белгиланган бўлиб, ушбу кунда аҳоли яшаш хонадонлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда савдо дўконлари, умумий овқатланиш масканлари, автотранспорт воситалари ва бошқа масканларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати кўздан кечирилиб аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари тушунтирилиб борилмоқда, шунингдек тадбирлар давомида фуқаролар билан мулоқот чоғида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва ис газидан заҳарланишларнинг олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Уралов,

Учқудуқ тумани ЁХБ бошлиғи, капитан.

“ЗИЁ – НУР” ЎҚУВ МАРКАЗИ янги форматда билим беради

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

 

Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган йигит-қизлар учун "Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Банкдан олинган 7 фоизли 40 млн. сўмимтиёзли кредит асосида "Зиё-нур” ўқув марказини ташкил этган Шаҳноза Шукурова ҳам ана шу имкониятлардан самарали фойдаланаётганлардан бири.

Ўқув марказида инглиз тили, математика, биология ва она тили фанлари малакали ўқитувчилар томонидан чуқур ўқитилади. Бир вақтнинг ўзида 18 нафар ўқувчига машғулот ўтиш учун синфхоналарда қулайлик ва имкониятлар муҳайё этилган. Стол-стуллар, ёзув тахталари, кўргазмали ўқув қуроллари каби замонавий воситалар билан жиҳозланган.

– Мамлакатимизда чет тилларини ўргатишда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда, хусусий ўқув марказлари муҳим роль ўйнамоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари М.Шамуратов. – Бу борада уларга кенг имконият ва имтиёзлар берилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бир неча чет тилини билиш – давр талаби. Бундай ўқув марказлари шундай қобилиятга эга ўғил-қизлар учун бошланғич таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда муассасада 70 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 5,6,7 – синф ўқувчилари инглиз тилини мукаммал ўрганаётган бўлсалар, математика, биология ва она тили фанларидан абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш учун тайёргарлик қўрмоқдалар.

-Биз ёшларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсадқилганмиз, дейди биз билан суҳбатда "Зиё – нур” ўқув маркази раҳбари Шаҳноза Шукурова. – Келажагимиз ёшлар қўлида экан, уларни юрт равнақига ҳисса қўшадиган баркамол авлод бўлиб камол топишида ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

ПОЛИМЕР ПЛЁНКАЛИ ПАКЕТЛАР ЭНДИ ПУЛЛИК

Мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2018 йил 18 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”гиқарори қабул қилинди.

 

Мазкур қарорга асосан,жорий йил 1 январдан бошлаб полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланди. Тутқичсиз ва товарларнинг ажралмасқисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига, бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларга полимер плёнкали пакетларни харидорларга сотиладиган товарлар нархига қўшиб сотишга йўл қўйилмаслиги хусусида 70 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари берилди. 13 та ўзини ўзи бошқариш органларида тушунтириш тарғибот тадбирлари олиб борилди.

Бугунги кунда ер юзининг 40 дан ортиқ давлатида полимер плёнкали пакетлардан фойдаланиш тақиқланган. Бундай пакетларни ёқиш, тўплаш ва кўмиш оқибатида хавфли кимёвий бирикмалар ҳосил бўлади. Полимер плёнкали пакетлар йиллар давомида тўпланиб бориши, узоқ йиллар чиримаслиги ҳамда ҳавода енгил учиши туфайли атроф-муҳитга зарар етказиб қолмасдан, экотизимнинг доимий ифлосланишида асосий омил бўлмоқда.

Мутахассислар фикрича, полимер плёнкали пакетлар қоғоз пакетларга қарагандақулайроқ бўлса-да, табиатни ифлослантиради, уларни ишлаб чиқариш эса заҳарли моддалар билан боғлиқ. Бир марталик пакетнинг ўртача "умри” 20 дақиқага тенг бўлиб, чириб йўқ бўлиши учун эса 400 йил вақт керак экан.

Нурбек НАСРИДДИНОВ,

туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи.

АСОСИЙ МАҚСАД – ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда учрашувлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Унда миллий қадрият ва урф-одатларни сақлашда аёлларнинг ўрни, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга йўл бермаслик, чет давлатларда ишлашнинг қонуний асослари, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари, оилавий нотинчлик, фарзандлар назоратсизлигининг олдини олиш борасида сўз юритилмоқда.

Туман хотин-қизларқўмитаси, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, Оила маркази, Маънавият ва маърифат туман бўлинмаси ҳамкорлигидаўтказилаётган ушбу тадбирлар туманимиздаги 9-умумий ўрта таълим мактаби, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, туман ветеринария бўлими, Давлат санитария - эпидемиология назорат маркази сингари бир қанча корхоналарда бўлиб ўтди.

Тадбирларда таъкидланганидек, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Асосий масала ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир.

Туманимизда барча йўналишларда содир этилган жиноятлар сони 2017 йилда 133 та, 2018 йилда 69 та бўлиб, 64 тага яъни 48,1 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, аёллар ўртасида 2017 йилда 26 та, 2018 йилда эса 12 та бўлиб,вояга етмаганлар иштирокидаги ноқонунийқилмишлар сони сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаш ўринли. Бундан ташқари, 2018 йил январида фуқаролар томонидан 5 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йил ҳисобот даврида 3 тани ташкил этади. Муқаддам жиноят содир этганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам камайганлигини, қасддан оғир тан жароҳати етказиш жинояти содир этилмаганини кўришимиз мумкин.

Бу каби кўрсаткичлар ҳудудимизда жиноятчилик таг-томири билан юлиб ташланаяпти, деган маънони бермайди. Ҳали жиддий эътибор қаратишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўп.

Мамлакатимиз раҳбари: "Йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмайди. Уларга амалий ёрдам кўрсатиш, муносиб иш топиб бериш, арзон кредитлар ва уй-жойлар билан таъминлаш лозим. Бундай одамларни соғлом ҳаётга қайтариш масаласида ўта нозиклик билан, илм билан, маърифат билан, аввало, шахсий намуна кўрсатиб ишлаш керак. Чунки улар ҳам Ўзбекистон фуқароси. Айни пайтда улар Ўзбекистон фуқаросинингҳуқуқва эркинликлари билан бирга, масъулият ва мажбурияти ҳам борлигини ҳеч эсдан чиқармаслиги зарур” деб таъкидлаган эдилар.

Бу масала туманимиз ижтимоий барқарорлик муҳитига ҳам тўла-тўкис тааллуқлидир. Фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало аҳоли онгида жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга иззат-ҳурмат кўрсатиш каби фазилатларни кучайтириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган тадбирлар, аҳоли ўртасида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсонлар хотиржамлигини таъминлашга ҳиссақўшади. Мулоқотлар чоғида кўряпмизки, кексаю ёшнинг фикру онгида бепарволик, лоқайдликка муросасиз кайфият шаклланган.

Хуршид АБДУМУРОДОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи, майор.