Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ Мақолалар Сентябр 2018 йилда

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ ТАНТАНАСИ

 


Ёш авлод келажаги, уларнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ҳамда ватанимиз равнақи ва эртанги куни шубҳасиз ўқитувчи ва мураббийларимизнинг фидоий ва жонкуярлигига боғлиқ. Бу борада уларнинг беқиёс хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Мамлакатимизда ҳар йили 1-октябрни "Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида нишонлаш ва устоз-мураббийларга муносиб ғамхўрлик кўрсатиш анъанага айланиб улгурган.
Шу муносабат билан 29 сентябрь куни "Оазис” кафесида соҳа фидоийларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда туман мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган жонкуяр устозлар, фахрийлар, мураббийлар ҳамда корхона ва ташкилотлардан таклиф этилган меҳмонлар иштирок этдилар.
Унда туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович, туман мактабгача таълим муассасаси мудири Нигора Амонова сўзга чиқиб, мўътабар касб эгаларини мазкур айём билан муборакбод этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топди. Замонавий мактабгача таълим муассасаларидажонкуярлик ва фидоийлик кўрсатаётганустоз ва мураббийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича ўзига хос янги тизим жорий этилган. Бу бежиз эмас. Чунки, уларнинг меҳнати ана шундай юксак эътибор ва эъзозга муносибдир.

Тадбир давомида соҳада самарали ва муносиб меҳнат қилиб келаётган шарафли касб вакилларнинг бир гуруҳига туман ҳокимининг, туман мактабгача таълим муассасаси бўлимининг"Фахрий ёрлиғи” ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда "Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари, устозларни улуғловчи куй-қўшиқлари уларга ўзгача қувонч улашди.

Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан мактабгача таълим муассасалари ходимларига йўллаган табриги


Ассалому – алайкум азиз устозлар! Қадрли мураббийлар!

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.

Аввало, Сиз азизларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Бугун биз ана шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, эртамиз эгалари ёш авлодга билим ва тарбия беришдек ўта мураккаб ва масъулиятли шу билан бирга шарафли меҳнатингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган - устоз ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсинлар айтсак оз.

Азиз устоз ва мураббийлар!

Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон умри давомидаги барча маълумотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган давр оралиғида олар экан. Мисол учун, буюк бобомиз, муҳаддис олим Имом ал – Бухорий 5-6 ёшда ислом илмини чуқур ўрганган.

Ҳазрати Навоий 4 ёшда ўқишни мукаммал билган. Ал – Беруний, Ал-Хоразмий ҳам улар қаторида ёшликданоқ илм чўққиларини забт этган.

Бугунги кунга келиб, ёш авлодни аждодларга муносиб фарзанд қилиб тарбиялаш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони таълим соҳаси ривожида янги даврни бошлаб берди.

Сўнгги икки йил мобайнида соҳага доир қабул қилинган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмасини ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.

Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, "Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида Қулқудуқ овулидаги 3-сонли "Булдир-шин” мактабгача таълим муассасасида 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ сарфланиб капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Энг замонавий, кичкинтойлар интелектига ижобий таъсир этувчи жиҳозлар билан жиҳозланди.

Дастур доирасидаги яна бир лойиҳа Узунқудуқ овулида амалга оширилиб, бу ерда 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси мутлақо янги кўринишда барпо этилади.

Шунингдек, Инвестиция дастури асосида туман марказида 125 ўринли болалар муассасаси янгидан қад ростламоқда. Йўлчилар овул фуқаролар йиғинида эса Навоий кон металлургия комбинатининг 8 млрд. сўм маблағи эвазига 160 ўринли болалар боғчаси қурилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, овулларда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларининг 7 тасига юридик мақоми берилди, қўшимча гуруҳлар ташкил этилди. Ана шундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида туманимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишда ижобий тенденция мавжуд.

Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак,2017 йилнинг охирида бу кўрсаткич 74фоизни, жорий йилнинг сентябрь ойида эса – 78,7 фоизни ташкил этади.

Яна бир муҳим жиҳат, давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланган.

Айни кунларда Учқудуқ туманида ҳам 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. 40 ўринга мўлжалланган "Учқудуқ ширинтойлари” болалар муассасаси яқин кунларда кичкинтойларни ўз бағрига олади.

Азиз мураббийлар!

Мактабгача таълим муассасасида бола ўзини қулай, хавфсиз ва манзур сезиши учун, кичкинтой бу ерга йиғлаб эмас, кулиб - қувонч билан қатнаши учун қўлимиздан, имкониятимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз.

Зеро, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: "Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало мактабгача таълим тизимидан бошланади”.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИККИ ДОНА АНОР!


Ҳеч ёдимдан чиқмайди, бошланғич синфда ўқирдим. Қишнинг қировли кунлари чўзилгандан чўзилиб кетди. Иситмалаб қаттиқ оғриб қолдим. Мактабимни, ўқишни, устозларимни, дўстларимни шунчалик яхши кўрардим-ки, бир кун бўлсин дарс қолдирмас эдим.

Иситмам баланд, юзларим ловуллаб, бошим чўғдек ёнса-да, барибир мактабга бордим. Аҳволимни кўрган устозим, елкасига ташлаган катта қалин жун рўмолига ўраб, мени опичлаб уйимга элтиб қўйди.

Орадан бир кун ўтиб синфдошларимни ҳам етаклаб мени кўргани келдилар. Сумкасидан катта-катта қип-қизил икки дона анорни чиқариб менга узатган ўқитувчим: "Яхшилаб тузалгин, кейин мактабга борасан” дедилар.

Ана шунга ҳам 35 йил бўлди. Ҳали-ҳануз устозимнинг меҳр тўла нигоҳларию, берган икки дона анори кўз олдимда турибди.

...Ўшанда эндигина учинчи синфда ўқирдик. Бир ёки икки соат дарсдан сўнг бизни ҳам пахта теримига жалб этишарди. Кузнинг сўнгги ойлари, ҳаво бўлса совуқ. Кичкиналигимиз учун бўлса керак баъзи бир ўқувчиларнинг бўйи пахтанинг бўйидан ҳам паст. Очилган пахтани тополмаймиз. Кунлар совуган, терадиган пахтанинг ўзи қолмаган кунлар эди. Ўқитувчимиз бошчилигида очилмаган "кўрак”ларни теришга тушардик. Шундан сўнг устозимиз ҳикоя қиладиган "Ёрилтош”, "Зумрад ва Қиммат”, "Фарҳод ва Ширин”, "Алпомиш” каби эртак ва достонларни тинглашга йиғилардик.

Муаллимамиз шунақанги чиройли овоз билан, эртак қаҳрамонларини жонлантириб баён қилган эртакларини эшитиб, гўёўша оламга шўнғиб кетардик. Бирортамиз совуқ кунда бўйимиздан узун эгат оралаб оғир меҳнат қилаётганимиздан оғринмасдик. Сабаби ўқитувчимизнинг меҳри муҳаббати, ҳар биримиз учун куюнчаклиги бизни иситарди, чамамда.

Ҳа, пахтазорда "кўрак чувиб”, достону эртак тинглаган устозимиз давраси, илиқ эди биз учун...

Гоҳида синфдошларимнинг бири қаламини, бошқаси дафтарини уйида қолдириб келарди. Устозимнинг сумкаси гўё туганмас хазина эди. Унда нима изласангиз топиларди. Яна устознинг берган сабоқлари ҳозиргача кўз ўнгимда турибди. Икки қўлини жуфтлаштириб ўнг, чап томонга йўналтирган ҳолда сўзларни бехато бўғинга бўлишни, қўлимдан тутганича қатордан чиқмай чиройли ёзишни ўргатарди. "Йўлакдан оғишмай ёз” деб қўярдилар, меҳр билан...

Ҳаётим давомида танлаган йўлимдан, олдимга қўйган мақсадимдан оғишмай юришга доимо ҳаракат қиламан. Билмадим, йўлимдан оғишган пайтларим ҳам бўлгандир, балки?!...

Ҳа, ҳали-ҳануз устоз ўгитларига амал қилиб ҳаётнинг нурли манзиллари сари одимлашда давом этмоқдаман. Зеро, онамдек азиз, отамдек улуғ МУАЛЛИМАмдан бир умр миннатдорман!

Райҳон ҚОДИРОВА.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: МАКТАБЛАРДА ИШЛАЁТГАН ПЕНСИОНЕР ЎҚИТУВЧИЛАРГА 100% ПЕНСИЯ ТЎЛАНАДИ


Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши этиб жумладан, мактаб ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш белгиланди.

**Эндиликда, халқ таълими бошқармалари раҳбарлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари, мактаб директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масаласи ҳокимлар билан келишилмайди.

**2019 йил 1 январдан бошлаб мактаблар фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади. Рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.

**2019 йил 1 январдан бошлаб мактабда ишлаётган пенсионер ходимларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

**2019 йил 1 мартдан бошлаб мактабларга болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

**2018 йил 1 октябрдан бошлаб мактабларнинг васийлик кенгашлари тугатилиб, унинг ўрнига таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, кузатув кенгашлари ташкил этилади.

**Кузатув кенгашлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган номзодлардан мактаб директорини сайлаш, шунингдек уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритади.

**2019 йил 1 январга қадар ўқитувчи кадрларни аттестациядан ўтказиш тартиби қайта кўриб чиқилади, бунда асосий мезон тегишли фанни ўқитиш бўйича билим ва кўникма даражаси ҳисобланади.

**Мактаблар фаолиятинитекширишнинг ҳуқуқий асослари яратилади, хусусан мактаблар фаолиятини текширишга ваколатли органларининг қатъий рўйхати, текширув тайинлаш ва ўтказиш мезонларини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилади.

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ҲОКИМ ВА ЁШЛАР учрашуви ўтди


Мамлакатимизда ёш авлоднинг нурафшон эртасини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбияси борасидаги ғамхўрлик намунасини янада шакллантириш, юрт барқарорлиги йўлида олиб бораётган самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамиша давлатимиз эътиборида ва эътирофида бўлиб келган. Учқудуқ туман марказидаги "КЕЛАЖАК” ёшлар марказида бўлиб ўтган "Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам аслида келажагимиз ворислари орзу умидларининг рўёби ва бу борада айрим ечимини кутаётган масалаларга қаратилди.

Унда туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичинсон қадр-қиммати улуғланган мамлакатимизда ҳар бир ёш бахтиёр яшашга ҳақли ва барчамизнинг мақсадимиз ҳам аввало, умидли ёшларимизга барча соҳаларда кенг йўл очиб беришимиз бугуннинг муҳим масалаларидан бирига айлангани хусусида алоҳида тўхталди. Жумладан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди Унга кўра, жамғарма маблағлари ҳисобидан магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни ташкил қилиш, шунингдек, давлат тузилмаси, иқтисодиёт тармоқлари, таълим ва илмий муассасаларнинг истиқболли мутахассисларини ривожланган мамлакатлардаги илмий ва таълим муассасаларига малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга ҳам жўнатилади

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 июндаги «‘Ёшлар — келажагимиз’ Давлат дастури тўғрисида»ги фармони ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бу соҳага фаол жалб қилиш учун ва бандликни таъминлашда янги истиқболларни очишни кўзлайди.

Дастур доирасида туманимизда фаолият юритаётган ишчи гуруҳёшларнинг қизиқишлари, орзу-истаклари, режалари, мавжуд муаммо ва камчиликларини чуқур ўрганиб, таҳлил этмоқда.

Улар уйма-уй юриб, барча ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларга кўмаклашиш, кредитлар ажратилишида амалий ёрдам бериш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.

"Ҳоким ва ёшлар” учрашувида ёшларнинг, талаб ва истакларига алоҳида эътибор берилиб уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шимолий кон бошқармаси автомобиль транспорти бошқармаси ходими Элёр Эргашев 10 йилдан бери ижара уйда яшаётганлигини билдириб, ёш оилалар учун қурилаётган арзон уй-жойлардан беришларини сўраб мурожаат қилди. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Аллановага мазкур мурожаат юзасидан амалий ишлар олиб бориш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, кончилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дониёр Ҳайтмуротов шамол генератори ёрдамида сув чиқариш ғоясини амалга ошириш учун тегишли техник ва технологик кўмак кераклигини билдирди.

7-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Ирода Ҳамроева мактаб қошида фаолият юритаётган театр тўгараги учун алоҳида жой ажратилишини сўради. Ҳар иккала мурожаат ҳам тегишли тартибда соҳа ходимларига юклатилиб, шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.

Мулоқотда ёшларимиз туман раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тўлақонли жавоб олдилар. Энг асосийси, тадбир иштирокчилари очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу тадбирдан ғоятда мамнун бўлишди.

 


СОҒ ТАНДА СОҒЛОМ АҚЛ


 

Соғлик инсоният учун энг катта бойлик ҳисобланади. Бугунги глобаллашув жараёнида уни ўз вақтида асраб қолишнинг бирдан бир йўли соғлом турмуш тарзига риоя этиш.

 

Ана шу мақсадда учқудуқлик ёшлар ташаббуси билан велоспорт бўйича "Ёшлар - тур” веломарафони ва спортнинг югуриш тури бўйича "Мустақиллик марафони” ўтказилди.

Шимолий кон бошқармаси ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг 47 нафар аъзоси ушбу тадбирларда фаол иштирок этди.

"Ёшлар - тур” веломарафонида ШКБ трансформаторлар ва нимстанциялар цехи ишчиси Фирдавс Истамов фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Спортнинг югуриш туридан "Мустақиллик марафони”да ШКБ идоравий ҳарбийлашган қўриқлаш отряди ходимлари Орифжон Жўраев биринчи, Достон Муҳиддиновлар иккинчи ҳамда Алпомиш Алижонов учинчи ўринга эгалик қилишди.

ШКБ марказий кимёвий – физика лабораторияси ишчиси Дилдора Жўраева қизлар ўртасида иккала спорт туридан ўтказилган беллашувларда фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек ШКБ 1-сонли автокорхона ҳайдовчиси А. Пармоновнинг 5 ёшли ўғли Озоджон веломарафоннинг "Энг ёш иштирокчиси” номинациясида совриндор бўлди.

Фарруҳ АБДИМЎМИНОВ, Шимолий кон бошқармаси ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси.

Самарқандда бир тонналик палов тайёрланади


Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан 27-29 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бир қатор маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилади.

Вилоят ҳокими ўринбосари томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланишича, 27 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги барча маданий мерос объектларига кириш бепул бўлади. Руҳобод мажмуасидаги Ҳунармандлар марказида концерт дастури намойиш этилади. Шунингдек, шаҳардаги Ислом Каримов кўчаси, Регистон майдони атрофида ва бошқа туристик масканларда Самарқанд сайёҳлик салоҳияти бўйича тақдимотлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазма-савдолари ташкил этилади.

Шу куни оқшом Регистон майдонида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун 3D меппинг шоуси намойиш этилади.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича,28 сентябрь куни Ислом Каримов кўчасида тадбирлар давом этади ва кечга яқин «Бибихоним» чойхонасида «Мега палов» тадбирига ҳозирлик бошланади. «Мўътабар зардўз» хусусий корхонаси ташаббуси билан бу ерда 1 тонналик палов тайёрлаш режалаштирилган. Бунинг учун Фарғонадан 2 тонналик улкан қозон Самарқандга келтирилган.

29 сентябрь куни бир тонналик ош тайёрлаш жараёнини хорижлик сайёҳлар бевосита кузатиб боришади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 8 сентябрида Тошкентда 7,3 тонна ҳажмда палов тайёрланган ва бу мега-палов Гиннесснинг рекордларкитобига кирганди.

Ўтган йилнинг сентябрида Марғилондаҳам 2 тонналик паловтайёрланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 январида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта қозонда 9 тонналикош тайёрланганди.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Самарқандда ҳоким ва ўринбосарлари энди хизмат машиналарини ҳайдамайди


Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг жорий йил 22 сентябрда имзоланган қарорига кўра, эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мансабдор шахсларининг ҳокимлик балансида бўлган давлат хизмат автомашиналарини бошқариши таъқиқланади. Бу ҳақда Zarnews хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳокимликлар хизмат автомашиналарини ҳайдовчи ўрнига мансабдор шахсларнинг бошқариши оқибатида турли хил йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.

Бундан буён ҳокимлик хизмат автотранспорт воситаларини фақат бириктирилган ҳайдовчилар бошқаради.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

В Узбекистане зарегистрированы первые семейные гостевые дома


Узбекистан, Ташкент— АНPodrobno.uz. ВУзбекистане зачуть более чеммесяц было зарегистрировано 23 первых семейныхгостевых дома, сообщает корреспондент Podrobno.uz.

Напомним, чтовначале августа было утверждено постановление правительства, которое позволило законодательно поддержать создание семейных гостевых домов. Также был организован единый реестр длятаких объектов, ведение которого возложено наГоскомтуризма.

«Восновном эти семейные гостевые дома открыты вКашкадарьинской, Самаркандской, Бухарской иХорезмской областях, здесь создано более 50 рабочих мест. Эти дома размещают иобслуживают гостей итуристов, прибывающих иззарубежных стран идругих областей нашей республики. Следует отметить, чтосогласно вышеупомянутому постановлению, индивидуальные предприниматели, открывшие семейные гостевые дома, могут нанимать дотрех работников»,— рассказали вкомитете.

Кроме того, заметили вГоскомтуризме, унаселения растет интерес коткрытию подобных объектов вихсобственных домах. Только запоследнее время вкомитет иего региональные подразделения поступило более ста обращений касательно открытия семейных гостевых домов, покоторым ведутся соответствующие разъяснительные работы.

Семейный гостевой дом— это частное домовладение, предоставляющее услуги повременному проживанию и(или) питанию одновременно до10 посетителей (туристов) попринципу ихсовместного проживания вэтом доме вместе свладельцем ичленами его семьи. Важным условием дляорганизации семейного гостевого дома является наличие жилой площади израсчета три метра вквадрате наодного проживающего.

Из материали СМИ.

Мутахассисларни хорижда ўқитишга доир муҳим фармон қабул қилинди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 25 сентябрь куни "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун зарур, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни ҳам етакчи хорижий таълим муассасаларида, ҳам Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали шундай кадрлар билан таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод” жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;
давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;
хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан, ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;
ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида истиқболли мутахассислар, шу жумладан, педагоглар ва илмий кадрлар учун малака оширишни ва стажировкадан ўтишни ташкил этиш;
нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқитишни мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш;
ҳам мамлакатимиз, ҳам хорижий экспертларнинг, шу жумладан, ватандошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ;
Хорижда таълим олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш учун номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки:
Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
Жамғарма директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;
Жамғарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги тегишли лавозимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шароитлари татбиқ этилади;
Жамғарма ходимларига улар ишининг ҳажми ва самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда директор қарорига асосан лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ойлик устама белгиланади.
6. Жамғарма директорига:
Жамғарма тузилмасига, зарур ҳолларда, ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш;
Жамғармага юклатилган вазифаларни бажаришга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг малакали ишчи ва мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Жамғарманинг молиявий кўмагида хорижда магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган стипендиатлар зиммасига стипендиат билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида олий таълим муассасаси ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;
стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилганда, малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, олий таълим муассасаси ва илмий муассасада, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда Жамғарма томонидан стипендиатни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази хорижда таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этишда Жамғармага ҳар томонлама услубий ёрдам кўрсатсин.
9. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Жамғарма йўналиши бўйича хорижий мамлакатларда таълим олган, шу жумладан, фан доктори илмий даражасини олган стипендиатларнинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини махсус синовларсиз нострификациядан ўтказишни (эквивалентлигини белгилашни) таъминласин.
10. Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
а) стипендиатларни хорижий таълим ва илмий муассасаларида ўқитишни, уларнинг малакасини оширишни ва стажировка ўташини ташкил этиш, хорижий мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларимизни республикада меҳнат фаолиятини амалга оширишга жалб этиш бўйича:
2018 йилда – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасидан олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун кўзда тутилган ҳажмнинг 10 фоизигача миқдорида Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ажратиладиган маблағлар;
2019 йилдан бошлаб – кейинчалик тегишли йилдаги истеъмол нархларининг прогноз индексига тенг коэффициентни қўллаган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 45 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
тегишли йилда Жамғармага ажратиладиган бюджет маблағлари умумий суммасининг 5 фоизи миқдорида республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) Жамғарманинг жорий таъминоти, шу жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш бўйича:
2018 йилда – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланадиган миқдорда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар;
2019 йилдан бошлаб – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Республика олий таълим муассасалари рўйхати ва бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағлардан Жамғармага ажратмалар суммаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
11. Жамғарма 2022 йил 1 январга қадар давлат мақсадли жамғармаларига солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинсин.
12. Жамғармага тўртта енгил автотранспорт воситаси, шу жумладан, учта шахсий ва битта навбатчи автомобиль сақлаш учун лимит ажратилсин.
13. "Ўзавтосаноат” АЖ ва Жамғарманинг Жамғармани "Ўзавтосаноат” АЖнинг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй (3-қават) манзилида жойлашган биносида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уй манзилида жойлашган Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод” жамғармасининг бўшаётган бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига лойиҳа-тадқиқот ишларини амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, берилаётган бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармасининг маблағларидан фойдаланишга рухсат берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Жамғармага:
ватандошлар ва хорижий мутахассислар билан алоқаларни йўлга қўйишда;
стипендиатлар хорижий мамлакатларга виза олиши, консуллик ҳисобига қўйилишида, нотариал ва бошқа хизматлар кўрсатилишида, борган давлатида стипендиатларнинг ўқиши, малака ошириши ва стажировка ўташини мониторинг қилишда;
чет элдан ишга таклиф этилаётган хорижий мутахассисларнинг виза олишида;
хориждаги ватандошларнинг ташкилотлари, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари тўғрисидаги ахборотларни тўплашда, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда:
Жамғармани керакли алоқа, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан, унинг интернет жаҳон ахборот тармоғидан кенг полосали фойдаланишини таъминласин;
ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш, шунингдек, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда видеоконференциялар, интернет-форумлар ва телекўприклар ўтказишда зарур техник ёрдам кўрсатсин.
16. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва "Дунё” ахборот агентлиги Жамғарма фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
17. Жамғарма икки ҳафта муддатда хориждаги ватандошлар билан ишлашни ташкил этиш ҳамда хорижий мутахассислар, шу жумладан, ватандошларимизни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш тартибини ишлаб чиқсин ва Жамғарманинг Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5121-сон Фармонини, унинг 3-банди олтинчи хатбошиси ва 5-иловасини истисно этган ҳолда, ўз кучини йўқотган деб топилсин.
19. Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувохитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 сентябрь