Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ Мақолалар Август 2018 йилда

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ, БЎЛМАЙДИ!

Меҳр ва эътиборга муҳтож инсонларга, айниқса ота-она меҳр-муҳаббатидан мосуво яшаётган болажонларга меҳр ва мурувват кўрсатиш, эзгу амалларнинг энг олийсидир. Бундан кемтик кўнгиллар юксалади, уларнинг ҳаётга, яшашга бўлган қизиқиши ортади.

Ҳурмат-иззатда бошқаларга ибрат бўладиган бу фазилатларимиз қадим-қадимдан бизга авлод-аждодларимиздан мерос бўлиб келяпти. Қолаверса, ушбу эзгуликларнинг савоби ҳам бисёр.

Қадимий қадриятларимиз сирасидан саналган бундай хайрли ишлар учқудуқлик педагог-тарбиячиларимизнингаллақачон виждон амрига айланиб бўлган.Фикримиз далили сифатида 31 август куни Зарафшондаги "Шодлик” меҳрибонлик уйида бўлиб ўтган учрашувни келтиришимиз мумкин.

Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллик куни муносабати билан «Боланинг бегонаси, бўлмайди!» шиори остида ўтказилган байрам тадбирида муассасада камол топаётган 87 нафар болажон иштирок этди.

Тўкин дастурхон атрофига жамулжам бўлган муассаса тарбияланувчиларига Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими томонидан қимматбаҳо совғалар, китоблар, спорт анжомлари тақдим этилди.

Ёшлар иттифоқи Учқудуқ туман кенгаши фаолларининг чиқишлари, "Қизилқум” маданият уйибадиий жамоаларининг дилтортар наволари кўнгилларга кўтаринки кайфият улашди.

– Кўнгли ўксик болаларимиз учун кўрсатилаётган бундай меҳрибончиликдан жуда ҳам мамнунмиз, – дейди меҳрибонлик уйи директори – Зуҳра Дусова. - Ҳар сафар Учқудуқ тумани вакилларининг ташрифи ўғил-қизларимиз учун байрам бўлиб кетади. Бугун ҳам шундай бўлди. Тадбиржуда қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Болаларимиз бу кунни узоқ вақт ёдларида сақлайди.

Мурувват тадбирида Учқудуқ туман прокурори Ш.Шерназаров, Учқудуқ туман ИИБ А.Савуров, Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алланова, Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Н.Амоновалар иштирок этди ва истиқлол байрами билан муассаса тарбияланувчилари ҳамда педагог-ходимларини табрикладилар.

Дарҳақиқат, бизнингбошқаларга айниқса, болажонларга меҳр-шафқатли бўлиб, саховат кўрсатиб, ана шундай эзгу амалларни муборак санаб, ҳамиша юрагимиз тўрида асраб юришимиз – қадримизни ҳам қаддимизни ҳам баланд қилади. Фарзандларини ҳам ёшлигиданоқ, шундай эзгу амалларга одатлантирган элдан ҳеч қачон меҳр-оқибат кўтарилмайди.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Йўлчи юлдуз

Ҳар гал уйга борганимда онам лотин алифбосини ҳижжалаб ўрганаётган бўладилар. Нафақат ўзлари, балки олти ёшли набираларига ҳам лотин алифбосини ўз билганларича ўргатадилар. Ўқишларига бироз ёрдамлашгач: "ўрисча ҳарфда ўқий қолинг”, дейман ўзимга хос бетоқатлик билан.

- Йўқ, йўқ болам,-дейди шу заҳоти онажоним шошиб, ўқиганнинг савоби бошқача бўлади, аслида. Умрим борича, вақтим етганича ҳижжалаб тураверай-чи, ёшлигимда ўқиб билим ололмадим, - дейдилар бироз хомушлик билан.

- Ололмасдингиз ҳам, - дейман дилимда кечаётган ўй-фикрларимни тилимга чиқармай.

Аввал бошда етимлик. Кейинига олти боланинг ташвишлари ва иш билан бўлиб, юрагингиз тубидаги армонларни рўёбга чиқаришга сизда вақт-имкон йўқ эди, албатта. Бир сўз билан айтганда, оёғингиз олти, қўлингиз етти, сочингиз супурги эди, менинг меҳрибонимнинг.

Ҳа, уйдаги бека аталмишга хос ташвишларингиз бир эдию, "иш” ҳаммасидан ошиб тушарди. Эрта тонгдан то шом қоронғусигача асосан қўлда бажариладиган сут-товар фермасидаги ишлар вақтингизни олиб қўярди. Ҳатто, якшанба кунлари ҳам дам олмасдан "режа-топшириқ”ни ортиғи билан уддалай, деган фидоийлик билан тинмай меҳнат қилардингиз.

Оҳ, биз болалар! Энг кичиги мен. Сизнинг ишдан келишингизни интизорлик билан кутардим. Дам олиш кунларида ҳам "иш” мендан тортиб олган онажонимнинг, сигир ҳидлари уннаб қолган бағридан ҳечам тушгим келмасди.

Яна эрта тонгдан бошлаб ишга отланасиз. Кўзларимда ёш ғилтиллаганча, кўрпа ичидан чиқмай сизни кузатаман.Юрагим тубида: "Эрталаб онам юзларимдан ўпиб, уйғотсалар. Иссиқ чой ичириб, мактабга кузатсалар”, деган орзу бош кўтаради. Ана, мен томонга қараб келаяпсиз. Кўзларимни қаттиқ юмиб, ўзимни ухлаётганга соламан. Пешонамдан ҳидлаб, кўрпамни тўғирлаб қўясиз...

"Катта мажлис”ларда, "катта киши”лар сизни минбарга таклиф этишади, кўксингизни яна бир медаль безайди. Орден ва медаллар шодаси кўпайгани сари, биз болаларга аталган вақтингиз қисқариб бораверади. Лекин, фарзандларингизга бўлган меҳру-муҳаббатингизни қалбдан туйиб, юракдан ҳис этиб улғайдик.

Сизнинг оналик муҳаббатингизни зоҳир этиб турган юз-кўзингиз, меҳр тўла қалбингиз, фидоийликка йўғрилган ҳаёт йўлингиз ҳамиша мен учун ибрат мактаби бўлган.

Ана шу меҳрдан, ана шу муҳаббат тафтидан бугун уч нафар фарзандим икки нафар набирам ҳам исинмоқда, илинмоқда, улғаймоқда!

Ахир, менинг йўлчи юлдузимсиз, онажон!!!

Райҳон ҚОДИРОВА.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Истиқлол ҳақида суҳбатлар 1.ВАТАН-ОНА


 

Ҳанузгача кўз олдимда ушбу манзаралар муҳрланиб қолган. Катта синф хонаси. Деворларнинг лойсувоғи кўчиб кетган. Хонанинг бир бурчагида катта қора печка. Биз болалар синф хонасининг совуқлигидан қора печка ёнига тиқиламиз, бир-биримизни итаришиб печка ёнига суқиламиз. Саҳифалари тўлган дафтарларимизни йиртиб ўзимизча печкани ёққан бўламиз. Қоғоз буюмлари "лов” этиб ёнади-ю, яна ўчиб қолади. Олов ловуллаб ёнган пайтда исинмоқ учун қўлимизни "куҳ-куҳ”лаб сабоқ ёзмоққа киришамиз...

Яна бир манзара. Ҳовлимиз этагигача пахтазор ғўзанинг узунлигидан бўйим кўринмайди. Аввалига акамларга пахта теримида ёрдамлашаман. 4-синфдан бошлаб эса бизларни ҳам ўқишдан бутунлай пахта теримига бўшатишади. Декабрь ойи тугаб "Арча байрами” куни мактабга борамиз. Жўр бўлиб арча атрофида қўшиқ айтамиз...

Яна бир манзара. Онам тонг қоронғусида сут-товар фермасига ишга оталанади. Эсимни таниб танимасимданоқ, онамнинг қийналиб қолишини истамай ёрдамга отланаман. Билмадим, ўшанда нечанчи синфда ўқийман?. (Балки 1-синфдадир.) Тонг қоронғусида уйқусирамасдан чаққон кийиниб онамга эргашаман. Туннинг алламаҳалида қор она, қор бола бўлиб уйга қайтамиз.

Ҳа, онажоним пойтахтда таълим олаётган фарзандлари учун ўзини аямасдан ишлайди. Мен эса мурғақ қалбим билан ана шу фидоийликни ҳис қиламан. Ўша пайтларда улуғ партия олдига қўйган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалаганлиги учун онажонимга катта мажлисларда катта раҳбарлар "раҳмат” айтишади. Минбарга таклиф қилишади. Онам эса ана шундай фидоийликларининг меваси бўлмиш соғлиқларини бой бераётганликларини ўзлари ҳам пайқамайдилар. Энг ачинарлиси, биз болалар онамнинг ёнидан бўла туриб соғиниб-соғиниб улғаяверибмиз...

Яна бир манзара. 1991 йил 31 август куни телевизордан давлатимиз раҳбари ватанимизни мустақил деб эълон қилдилар. Шу куни онам узоқ йиғладилар.

Мен эса "мустақиллик”, деган сўзнинг мазмун-моҳиятини тўла англаб етолмай ҳайронман. Негаки, менинг онгу-шуурим КПСС тарихи билимлари билан тўлиб тошганди. Ахир ўшанда менТошкент Давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет)нинг учинчи курсида таълим олардим...

Ҳар куни тунда онам дили тубидаги оғриқларни сандал атрофида ўтириб, қуйидагича ҳикоя қилардилар. Онамнинг ҳаёти худди кино тасмасидек, бирма-бир кўз олдимдан ўтаверарди.

...Ярим тунда келган 3 киши отамни олиб кетдилар. Мен 5 ёшда, опам эса 12 ёшда эдик. Опам мени қучоқлаганларича йиғлаб қолавердик. Эртасига бизни қариндошларимиз уйларига олиб кетишди. Орадан икки ой ўтиб отамни кўриш учун касалхонага бордик. Йўлда бир марта аравадан қулаб ҳам тушдим. Куннинг совуқлигидан қорнинг қалинлигидан музлаб қолишимга озгина қолган-ди, ўшанда. Отамни қайтиб кўрмадим...

Мен бугунги тонгда айбининг нимада эканлигини билмасдан вафот этган бобомни ёдга оламан, "Социалистик мусобақаси ғолиби” бўлиш учун соғлигини бой берган онамни эсга оламан. Эслайман-у, чуқур ўйга, мушоҳадага ботаман. Бугунги ёшларимизга чин маънода ҳавасим келади. Улар учун ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этишга имкониятлар эшиги очиқ. Улардан сўраладигани чуқур билим олиб, илм чўққиларини забт этишдан иборат.

Ватан- бу Она!

Онани севгандек, Ватанни севсак, она каби Ватан ҳам ўз фарзандларига бағрини кенг очади. Мен эса марҳум онам ва отамга бўлган садоқатимни, улар олдидаги фарзандлик бурчимни, меҳрибонларимнинг фарзандлари камоли учун қилган фидоийликларини Ватан истиқболи йўлида меҳнат қилиш билан намоён этаман.

Райҳон ҚОДИРОВА.

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади:ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА!


Ўтган давр мобайнида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Навоий кон металлургия комбинати Давлат корхонасига қарашли Шимолий кон бошқармаси объектларини ёнғиндан муҳофаза қилувчи ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари жойларда "Ёнғинлар профилактикаси куни” тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиб келмоқда.

Соҳа ходимлари томонидан ёнғинларни олдини олиш ва уни бартараф этишда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш ва профилактик чора-тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбирлар давомида НКМК Шимолий кон бошқармасига қарашли корхоналарнинг технологик ишлаб чиқариш жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, юқори қувватли электр ускуналаридан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, профилактик тадбирлар Учқудуқ тумани ҳудудидаги барча маҳаллаларда давом эттирилиб, содир бўлаётган ёнғинларни ўз вақтида ва самарали бартараф этиш нафақат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг касбий маҳоратига балки фуқароларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам боғлиқ эканлиги хусусида сўз юритилди.

Масалан, ёнғин содир этилган жойгача боришда ёнғин ўчириш автомобилларига йўл бермаслик ёки кириш йўлларига сунъий тўсиқлар ўрнатиш, шахсий автомобилларни белгиланган жойларга эмас, дуч келган жойларга бетартиб қўйиш соҳа ходимларига ўз вазифасини бажаришда муаммолар келтириб чиқараётганлиги айтиб ўтилди.

Тадбирлар давомида фуқароларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мунтазам амал қилиш, электр ва газ ускуналарини қаровсиз қолдирмаслик, очиқ оловдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш ва болаларни назоратсиз қолдирмаслик борасида тушунтиришлар берилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари акс эттирилган эслатмалар тарқатилди.

Ўйлаймизки, амалга оширилаётган бу каби профилактик чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатиб, "тилсиз ёв” - ёнғинларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Иззат СОБИРОВ,

НКМК Шимолий кон бошқармаси ЁХБ бошлиғи ўринбосари, майор.

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: “АЪЛОЧИ ХОДИМ” кўрик-танлови


 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ НКМК ДК ЁХБ ШКБ ЁХБ қуйи тизимлари ўртасида касбий тайёргарлик ва ёнғинларни ўчиришни ташкил этиш йўналишида "Аълочи ходим” кўрик-танлови ўтказилди.

Танловни ШКБ ЁХБ бошлиғи, подполковник Вахобжон Юлдашев кириш сўзи билан очиб, юртимизда ёнғин хавфсизлиги хизматини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ажратилаётган янги ва замонавий турдаги техникаларни иш жараёнига тадбиқ этишда кўникмаларни кучайтириш сингари муҳим масалаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, қабул қилинаётган қарор ва фармойиш каби ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўз вақтида сўзсиз таъминлаш ҳар бир соҳа ходимининг бурчи эканлигига алоҳида тўъталиб ўтди.

"Аълочи ходим” кўрик-танловида иштирокчилар спорт тўсинида тортиниш, 3 минг метр масофага югуриш ҳамда ёнғин ўчириш амалий спортининг ишғол қилиш нарвони орқали ўқув минораси 4 қаватига кўтарилиш, 100 метрли йўлакли тўсиқлар оша югуриш бўйича ўзаро баҳслашдилар.

Муросасиз кечган беллашувларда ўзининг касб маҳорати ҳамда жанговар тайёргарлигини намойиш этган 9-ҲЁХҚ бошлиғи, майор Аваз Ортиқов, 6-ҲЁХҚ бўлинма командири, сафдор Жақсилиқ Пўлатовлар ғолибликни қўлга киритди.

Шуҳрат ПАЙЗИЕВ,

ШКБ ЁХБ бошлиғи ёрдамчиси, тезкор навбатчи майор.

Ғиёс ҚОДИРОВ,

6-ҲЁХҚ навбатчи смена бошлиғи, катта лейтенант.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ...БИЗДАН БАХТЛИ ОДАМ ЙЎҚ!


Туманимиздаижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида 4 жуфт келин-куёвларнинг никоҳ тўйи туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилди.

Ранг-баранг гуллар ва шарлар билан миллий қадриятларимизга хос безатилган "Шоҳимардон” тўйхонасига юз-кўзларида бахтиёрлик балқиб турган келин-куёвлар карнай-сурнай садолари остида кириб келдилар. Уларга термулиб турган ота-оналарнинг кўзларида қувонч ёшлари қалқиди. Қўллар дуога очилди: "Илоҳим, қўшганингиз билан қўша қаринг. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин. Бундай эзгу ишлар бошида турганларнинг умрлари узоқ бўлсин”.


Нуронийлар, келин-куёвларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши учун замонавий шароит яратиш, ҳаётда муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Янгидан оила қураётган келин-куёвларга туман ҳокимлигининг маиший техникалардан иборат совғалари тақдим этилди. Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан эса китоблар тўплами берилди.

– Бугун биздан бахтли одам йўқ, – дейди куёвлардан бири Сирож Суюнов. - Бундай юксак ғамхўрликни оқлаш учун сидқидилдан меҳнат қиламиз. Фарзандларимизни ҳам шундай юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаймиз.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: САЙЛОВ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ давра суҳбатида муҳокама қилинди


 

Яқинда туман ҳокимлигида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказ раҳбари, халқ депутатлари вилоят ва туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва бир қатор жамоатчилик жамғармалари вакиллари ҳамда туман сайлов комиссияси аъзолари иштирок этди.


Маълумки, мамлакатимизда сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Тизим тартибли йўлга қўйилган бўлса-да, баъзан турли норозилик ва ишончсизлик ҳолатлари кузатилгани ҳам бор гап. Шу боис таклиф этилаётган Сайлов кодекси лойиҳасида сайловчиларнинг овоз беришини назорат қилишга йўл қўймаслик, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилишига эътибор қаратилган.

Давра суҳбати давомида Сайлов кодексини янада такомиллаштириш учун сайловчилар хоҳиш ва истакларини ўрганиш, мазкур кодексни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш юзасидан депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашув очиқ-ошкора, ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилиб, кўплаб фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Нигора АМОНОВА,

халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши ЎзМТДП депутати.

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ҲУРЛИК НАШИДАСИ туманимизда Мустақиллик байрами кенг тантана қилинди


Мустақиллик – энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Бу кун ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқаргани, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғ, мўътабар. Мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётгани билан азиз ва мукаррамдир.
28 август соат 10-00 да "Лочин” стадионида бўлиб ўтган байрам тантанасидан сурур туйган учқудуқликлартилида "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган сўзлар қалб изҳори янглиғ янгради. Бу калом бугун диллардан дилларга кўчмоқда, еллар қанотида олис овуллар осмонида чарх урмоқда...

 

Бу ерга халқ депутатлари туман ва вилоят кенгаши депутатлари, корхона-ташкилот, муассаса ходимлари ва раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишган.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлади.


Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович, Навоий кон металлургия комбинати директор ўринбосари Эргашов Ҳамидилло Олимжонович мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги билан туман аҳлини самимий муборакбод этадилар.

...Байрам саҳнасида ҳарбий кийимлари алпқомат гавдасига ярашган ёшлар, спортда юқори марраларни забт этган шода-шода медалларкўксини тўлдирган учқудуқлик йигит-қизларнинг рамзий чиқишлари бу ерга тўпланганлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

...Болалик умрнинг беғуборлик, бахтиёрлик палласи. Бугунги болалар – озод ва обод юрт фарзандлари! Уларнинг юз-кўзларида ҳамиша қувонч, дилларида олам-олам орзулар бор. Байрам саҳнасини шодликка тўлдирган болажонларнинг қўшиқлари фикримизга ҳамоҳанг.

Ҳа, биз болажон халқмиз! Барча орзу-ҳавасларимиз, ҳаётимиз мазмуни фарзандларимиз билан боғлиқ. Шу боис, муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан болаларнинг соғлом туғилиши ва баркамол улғайиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.


Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, қарийб 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ эвазига Қулқудуқ овулидаги "Булдиршин” мактабгача таълим муассаси тубдан қайта қурилди ва энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди.Шунингдек, Узунқудуқ овулидаги "Балдирған”, туман марказида янгидан 125 ўринли мактабгача таълим муассасаси, "Йўлчилар” ОФЙ да 225 ўқувчига мўлжалланган умумий ўрта таълим мактаби биноси жадаллик билан қад ростламоқда.

Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.

Айниқса, тадбирда меҳмонда бўлган "Қаҳ-қаҳа” қизиқчилар театрининг чиқишларида ҳазил ва мутойибага бой диалоглар, Илҳом Фармонов, Ғиёс Бойтоев, Улуғбек Раҳматуллаев, Ботир Зокиров сингари эл севган хонандалар овозига тақлид қилиб ижро этилган ҳазиломуз қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.

...Майдон узра наво янграйди. Ўзбек, қозоқ, рус, тожик, татар тилида куйланган қўшиқлар ва ижро этилган рақслардан тўкилган ҳислардан қалблар ҳаяжонга тўлади.


Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,

Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.

Ойдин тунлар, осойишта тиниқ тонглар,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

 

Дарҳақиқат, ҳеч нарса осмондан тушмайди. Мақсадга, бахт-саодатга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бошидан ўтказди.

Йиллар ўтади, замонлар ўтади. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, Биринчи Президентимиз жасорати билан қўлга киритилган Мустақиллик куни мамлакатимиз тарихидан асло ўчмайдиган абадий сана бўлиб қолаверади.

Асрларга татигулик бу кун асрлар давомида энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонланаверади.

ВАТАН ҲАҚИДА ЭНГ САРА СЎЗЛАР!!!


Алишер Навоий.

Ватан менинг жону таним саждагоҳимдир, У менинг тўлин ойим, тинч

осмоним, иззатим, шарафим, Каъбам, қиблам ҳамда гўристонимдур.

Фитрат.

Муҳаббат бобидаги барча тасаввурларимиз биргина "Ватан” сўзида

мужассамлашгандир.

Цицерон.

Ватан ҳаётга маъно-мазмун бахш этадиган табаррук маскандир. У

аждодлардан авлодларга қоладиган буюк мерос, энг азиз хотира.

Мақсуд Шайхзода.

Ватан дегани –фақат оталарнинг хоки қолган жой эмас, менинг учун

Ватан-одамни одам қилган жойдир.

ХАЛТУРИНСКИЙЛАР ОИЛАСИДА ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ

   ХАЛТУРИНСКИЙЛАР ОИЛАСИДА ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ

Инсоннинг саодатли ҳаёт кечириши, ишлари унумли ва баракали бўлишида эртанги кунга нисбатан умиднинг ўрни беқиёсдир. Инсон дунёга келибдики, орзу-умидлар билан яшайди. Инсонни касб ва меҳнат қилишга ундайдиган куч ҳам шу. Ҳайрат ва иштиёқни уйғотадиган, дангасалик ва ялқовликни кетказадиган омил ҳам умиддир. Умидли ҳеч қачон ҳаётдан совимайди.

ШКБ АКТМ инженер- дастурчиси Александр Халтуринский аслида ана шундай ҳаётий шиор билан яшайди. Энг навқирон пайтида спорт формасида тўшакка михланган Александр ўзида чинакам ирода топа олди. Йигит кишини кучи эмас ақли бошқаришига ишонди. Ўз матонатига суяниб бир пайтлар қиличбозлик спортининг чемпиони бўлишига ёрдам берган қўлларини компьютер клавятурасининг нозик тугмаларига мослаштирди. 1-гуруҳ ногирони бўлган Александр Халтуринский мана 18 йилдирки ШКБда меҳнат қилиб келмоқда. Кейинги йилларда АКТМда яратилган қатор янги дастурларда Халтуринскийнинг ўз дасхати бор. У бошчилигида яратилган дастурлар бугун иқтисодиётимиз қон томири ҳисобланган НКМКнинг турли бўлинмаларида хизматларнинг енгиллашувига ёрдам бермоқда. Унинг "Диспетчерлик ҳисоботи” дастури бугунги кунда ШКБда ишга туширилган бўлиб, бу дастур ёрдамида ШКБнинг барча йўналишларидаги фаолият бир жойда жамланади. Бу дастур минглаб одамларнинг ишини енгиллаштириш баробарида ахборотлар базасини бир вақтнинг ўзида бир жойда тўплаши билан жуда муҳим.

Ана шундай янгиликлар дастурчиси бўлган Александр Халтуринский учун бу йил Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги тўйи қўшалоқ байрамни бошлаб келди. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб НКМК томонидан "3 даражали кончилик шуҳрати” ншони билан тақдирланди. Яна энг бир энг қувонарли янгилик эса турмуш ўртоғи ШКБ Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи ишчиси Наталья Халтуринская Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олди.

Ким буни тушунар, ким буни англамас. Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди.