Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ Мақолалар Ноябр 2016 йилда

Сарвар Отамуратов Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Навоий вилоятида сайловчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда   ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши ахборот хизмати маълум қилди.
Сарвар Отамуратов Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Учрашув Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида давом этди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Анора Бобомуродова иштирокчиларни Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Президентликка номзод Сарвар Отамуратов сўзга чиқиб, сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод миллий тикланишдан миллий юксалиш сари эзгу ғояси асосида иқтисодиёт, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, ахборот, спорт ва ташқи сиёсат соҳаларида бир қатор вазифалар белгиланганини таъкидлаб ўтди.

Сарвар Отамуратов дастурнинг маънавий-маърифий соҳасига тўхталиб ўтар экан, бу борада иштирокчиларнинг эътиборини давлат тили масаласига қаратди. Дастурда тил миллатнинг энг олий қадриятидир, деб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган, ҳозирда кечаётган глобаллашув даврида замонавий тараққиётнинг барча соҳалари талабларига жавоб берадиган тил ривожини янги босқичга кўтариш, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашувда номзод таъкидлаганидек, сайловолди дастурида иқтисодиёт соҳасида «Халқнинг миллий тикланиши — иқтисодий ислоҳотларнинг негизидир» тамойили асос қилиб олинган. Маълумки, Навоий вилояти республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан ўзининг истиқболли ишлаб чиқариш, гигант саноат корхоналари фаолияти билан алоҳида нуфузга эга.

Навоий эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда яратилган қулай инвестицион муҳит натижасида Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, БАА, Ҳиндистон, Сингапур, Россия билан ҳамкорликда 24 лойиҳа муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шу кунгача киритилган инвестицияларнинг ҳажми 124,2 миллион долларни ташкил этиб, унинг 34,2 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Мавжуд корхоналарда 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, узлуксиз экспорт йўлга қўйилган.

Саноати ривожланган Навоий вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида гапирар экан, номзод эришилган ютуқлар билан бир қаторда келгусида қилиниши лозим бўлган вазифаларга ҳам эътибор қаратди.

Номзод қайд этиб ўтганидек, бугун дунё бозорида рақобатбардош ҳамда трансмиллий компаниялар иқтисодиёт тимсолига айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Навоий эркин иқтисодий зонасида транспорт-логистика тармоғи имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш лозим. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни давом эттириш, импорт ўрнини босадиган маҳаллий хом ашё асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш устувор вазифалардан биридир.

Учрашувда номзод сайловолди дастурининг бошқа соҳалари хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Сарвар Отамуратов илгари сураётган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса Навоий вилоятида маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилгани сайловчилар томонидан эътироф этилди.

Учрашувда номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Ф. Ражабов, «Учқудуқ» газетаси бош муҳаррири Р. Қодирова ва бошқалар сўзга чиқди.

Тадбир сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчилар томонидан унинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури юзасидан берилган бир қатор саволларга жавоб берди.

Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг 8 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви бошқа ҳудудларда бўлгани каби юқори савияда, сайловчиларнинг фаоллиги остида бўлиб ўтди. Бу ҳақда  партия матбуот хизмати маълум қилди.
Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Нурота тумани ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2500 нафарга яқин сайловчи — давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни «Адолат» СДП Навоий вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Р. Ҳайитов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Алишер Навоий номидаги нашриёт давлат корхонаси директори С. Мансурова учрашувлар иштирокчиларини Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Н. Умаров даставвал Навоий вилоятининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида сўз юритиб, бу замин аҳли қадимдан Қизилқумдек саҳро бағрида ўзининг заҳматли меҳнати, фидокорлиги ҳамда бунёдкорлик салоҳияти билан обод ва гўзал диёрни ярата олган халқ эканлигини эътироф этди.

Президентликка номзод сайловчиларга «Адолат» социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилди. Дастурда илгари сурилган ғоялар халқчиллиги, ҳудудлардаги аниқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими юзасидан механизмлар белгилангани билан сайловчиларга манзур бўлди.

Жумладан, Н. Умаров мамлакат келажаги инновацион иқтисодиётда эканлиги, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқ фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишга доир режаларини маълум қилди. Ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилашни мақсад қилинган.

Шунингдек, Президентликка номзод сайловчилар эътиборини Навоий шаҳри республикадаги саноатлашган ҳудуд эканлигига қаратар экан, йирик саноат корхоналарининг шаҳар экологияси ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

Жумладан, Н. Умаров экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этишини маълум қилди. Дастурда, хусусан, табиатни саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сонини ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини қайд этди. Бу борадаги вазифалар айнан Навоий шаҳри ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этиши хусусидаги фикрлар учрашув иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Н. Умаров иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, мазкур учрашувлар аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг самарали ҳамда манзилли чора-тадбирларини ишлаб чиқишда айни муддао эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Г. Саттарова, Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи директори Ш. Норов, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали директори Ю. Маликов, Spark Advocatus адвокатлик фирмаси юристи Ш. Фозилова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.



Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.Буҳақда партия матбуот хизматихабар берди

Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди

Учрашувни «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамияти бош директори Қ. Ғаниев очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Навоий шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Меҳнат фахрийси Ҳ. Маматов, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Н. Лаккай, Навоий шаҳридаги «Экспресс-сервис» масъулияти чекланган жамият директори Ш. Исмоилов, Учқудуқ қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси С. Равшанова, Томди тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Т. Медетов, Навбаҳор туманидаги «Сарбозор» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Н. Қўлдошева ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.